Марказий банк раисига янги ўринбосар тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Аюбхон Арибджанович Камалов Марказий банк раиси ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
У Марказий банкнинг нақд пул муомаласини ташкил этиш, банк тизимида методология ишларини мувофиқлаштириш, кадрлар билан ишлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида тижорат банклари фаолиятини мониторинг қилиш, тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тижорат банклари фаолиятини мониторинг қилиш каби йўналишларини мувофиқлаштириб боради.
Аюбхон Камалов 1971 йил Наманган шаҳрида туғилган. 1993 йил Ленинград қишлоқ хўжалиги институтини, 2001 йил Наманган муҳандислик-педагогика институтини тамомлаган.
Банк тизимидаги фаолиятини 1994 йилда бошлаган. Кейинчалик Молия вазирлигида сектор мудири, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган. 2017-2019 йилларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ижрочи директори сифатида фаолият юритган. 2019-2020 йилларда Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида меҳнат қилган.
Маълумотларга кўра, А.Камалов янги лавозимига тайинлангунга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгаришлар, молия-банк тизими, давлат активларини бошқариш, рақобатни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари котибияти мудири бўлиб ишлаб келаётган эди.
Шу кунгача Марказий банк раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Саидқаҳҳор Муҳаммадкарим ўғли Холхўжаев Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосарлигига тайинланди, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter