Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Машҳур шоир ҳаётидаги аёллар: муҳаббат ва таҳликалар аросати

Машҳур шоир ҳаётидаги аёллар: муҳаббат ва таҳликалар аросати

Ўлмас асарлари билан рус адабиётига ҳайкал қўйиб кетган Пушкин жуда машҳур эди. Бироқ улкан шон-шуҳратга эришган шоир оилавий бахтга сазовор бўла олмади. Унинг ҳаёти ола-тасир, қийинчилик билан ўтди. Ҳар қанча ҳаракат қилмасин, ўзига муносиб аёлни топишга жуда қийналди. Пушкинга ошуфта аёллар ниҳоятда кўп, аммо уларнинг бирортаси унга мос равишда умр йўлдоши бўла олмади.

1817 йил ёзда лицейни тугатган Пушкин Петербург шаҳрига кўчиб келди. Екатерина Семёнова билан театрда танишди. Бу актриса нафақат гўзаллиги, балки истеъдоди билан ҳам шоирни мафтун қилган эди. Шоир унга мойиллик билдирди, бироқ актрисадан тайинли жавоб бўлмади. Шундан сўнг Александр ўзидан йигирма ёш катта княгина Евдокия Го­лицинага юрагидан жой берди. Князнинг уйига казо-казолар меҳмон бўлиб келишар, катта-катта зиёфатлар уюштириларди. Пушкин пулдор ёки амалдор бўлмаса-да, бу хона­дон­нинг энг қадрли меҳмони эди. Шоирни жудаям ҳурмат қилишар, қадрлашарди.

Пушкиннинг обрўси кундан-кун ошиб борди. Шаҳарда унга эргашувчилар кўп эди, шоир дека­бристлар билан яқин алоқада эди. Ҳукумат хавотирга тушди. 1820 йи­ли хизмат тақозоси баҳонаси билан Пушкин бошқа шаҳарга жўнатиб юборилди. 1824 йили эса вазифаси­дан бўша­тилиб, 1826 йилгача полиция назора­тида Михайловск қиш­лоғига юборилди. Шоир сур­гунда генерал Раевнинг 22 ёшли Екатерина, 16 ёшли Елена ва 14 ёшли Марина исмли қиз­лари билан танишди. Пушкин уларга шеърлар ўқиб берар, бирга саёҳатларга чиқишарди. Бу узоққа чўзилмади.

Кишинёвга ташрифи чоғида Пушкин бессара­бия­лик бой по­мешчикнинг хотини Людмила Инглезини севиб қолди. Людмила гўзаллиги билан донг тарат­ган эди. Шоир ҳиссиётларини жиловлай олмасди. Людмила ҳам шоирга нисбатан бефарқ бўлмади. Уларнинг сири очилиб қолди. Оқибатда Людмиланинг эри Пушкинни ду­элга чақирди. Бундай оғир ва қалтис ва­зи­ят­дан шоирни дўсти қутқариб қолди.

Пушкин шундан кейин ҳам тинч юрмади. У грек қи­зи Ка­липсо Полихрон билан танишди. Бу қизнинг ажойиб овози бор эди. Шоир унга атаб «Садоқатли грек қизи, йиғ­ла­ма» деган шеърини ёзди...

Киевнинг Левашов кўчасидаги губерния уйида ҳа­ёт қай­нарди. Кечқурунлари кўчалар одам­лар би­лан гавжум бўларди. Улар орасида сайр учун чиқ­қан Пушкинни ҳам тез-тез учратиш мумкин эди. 1820 йилнинг май ойи эди ўшанда. Польшалик граф Раевскийлар уйи шоир қў­ним топган губернатор хонадони­нинг боғи билан туташ эди.

Пушкин Ржевскийнинг ик­ки на­фар турмушга чиққан қизи − Эвелина ва Каролина­ билан танишди. Каролина Пушкиндан олти ёш катта эди. Бу аёллар гўзаллиги билан бар­чани мафтун этган, ошиқлари кўп эди. Пуш­кин шундай эркаклардан бири бўлиш­ни истарди. Аммо шоир улар­ни бирдан йўқотиб қўйди ва кўп ўтмай Каро­ли­на­ни Одессада учратиб қолди.

Каролина билан Александрнинг учрашувида бир маъно бор эди. Буни улар­нинг бир-бирларига интилишлари, хатти-ҳаракатлари ва қа­раш­ларидан ҳам сезиш мумкин эди. Бир йилдан сўнг Пушкин шундай деганди: «Мен бу қизни деб ақл-ҳушимни йў­қо­тган эканман. Бутун их­тиёримни унга бериб қў­йибман. Бу қандай содир бўлга­ни­ни ҳеч эслолмаяпман».

Орадан анча йиллар ўтгач, Пушкин Каролинани Петербургда учратди. Эски дард­лари қўзғалди, ҳис-туйғулари қайта жонланди. Бироқ натижа кутилга­нидек бўлмади. Чунки Каролинага «Пушкин уйланибди» деган миш-мишлар етиб келган эди.

1823 йили шоирни Кишинёвдан нотинч Одесса шаҳ­рига ўтказишди. Шоир бу шаҳарда ҳам бир хонимнинг юрагига чўғ ташлади. У бой тижоратчининг хотини Амалия Ризнич эди. Иван Ризничнинг уйи дои­мо меҳмонлар билан гавжум бўларди. Ана шундай меҳ­мон­дорчиликлардан бирида Пушкин Амалия билан та­нишиб қолди. У ниҳоятда гўзал, кўрган эр­каклар дарҳол маҳлиё бўлишарди. Амалия шо­ирга ўз инон-их­тиёрини топширди. Аммо севишганларнинг учрашуви узоққа чўзилмади. Иван Ризнич буни сезиб қолиб, бевафо хо­тинини барча моддий бойликлардан маҳрум қилди ва Ита­лияга жўнатиб юборди. Александр айрилиқдан қат­тиқ ази­ят чекди. У Амалияга бағишлаб шеърлар ёзди.

Шундан сўнг Пушкин ўз нигоҳини Елизавета Во­рон­цовага қаратди. У олов билан ўйнашаётганини билмасди. Елизавета салобатли ва қаҳри қаттиқ генерал-губернатор, граф Ворон­цов­нинг рафиқаси эди. Шоирнинг за­мондоши Вигел ўттиз ёшли Елизавета ҳақида шундай ёзган: «Полшалик хоним ҳар қандай йўл билан бўлса-да, шоирга ёқишга ҳаракат қиларди. Шу пайтгача шо­ирга биронта аёл бундай илтифот кўрсат­ма­ганди». Пушкин Елизаветага шеърлари билан жавоб берди. Севишганлар пинҳона учрашишга ҳара­кат қи­лиш­ди. Граф Пушкинни Херсон уездига махсус топ­ши­риқ билан жўнатиш учун буйруқ чиқарди. Шоир бу­­ни ҳақорат деб тушунди ва истеъфога чиқишга ариза берди.

«Омадсиз севгилар боби»да гангиган Пушкин ўзидан нафратлана бошлади. Хизматдан бў­ша­гач, у Михайловскка кетди. Даст­лабки ойларда Одес­сада яшаётган Елизаветанинг хаёллари би­лан яшаб, кўплаб шеърлар ёзди. Аммо вақт ўтган сайин уни ҳам унутди. Шундан сўнг шоир бутун аламини шеър ёзишдан олди. Бироқ...

Бўм-бўш юрак яна аёллар иш­қи­да ёна бошлади. Ён қиш­лоқ Тригорскда Прасковя Алек­санд­ровна Осипова эри билан яшарди. Улар билан биринчи эридан Анна ва Евпраксия, ўгай қизи Александра Ивановна ҳамда жияни Анна Ивановналар бирга туришарди. Пуш­киннинг бу қўшнилари билан муносабати яхши, улар шоирни интиқ кутишарди. Ёшлар бекорчи вақт­ларини кўнгилхушлик билан ўтказишарди. Шоир қиз­ларни хафа қилиб қўйишдан чўчирди. Шу боис, улар­га эҳтиёт бўлиб му­омала қиларди. Уй бекаси Пушкинни ёқтириб қолди. У шоирдан ўн беш ёш катта эди. Пушкин эса ўн беш ёшли Евпраксияни севиб қолди. Уни ҳа­зил­ла­шишиб Зизи деб чақиришарди. Ажойиб кунларнинг бирида, иккаласи ёлғиз қолди ва бир-бирига кўн­гил изҳор этди. Ёшларнинг бу аҳд-пай­мони Три­гор­скликларга маълум бўлди ва уларнинг тўй­и ҳақида гап-сўзлар тарқалди.

Агар Александрнинг қа­риндоши Анна Керн келмаганида, балки тўй ҳам бўлиб ўтармиди?.. Пушкин қачонлардир А.Кернни Петер­бург­да уч­ратганди. Шундан сўнг ёшлар олти йил кўри­шиш­мади. Шо­ир Аннани учратгач, ҳаловатини йў­қотган эди. Ил­гариги муҳаббат дарди унга тинчлик бер­мади.

Анна Ригага кетишидан олдин Александр унга тўрт ва­­рақ шеър ёзиб берди. Анна Пет­ровна Керн қирқ йилдан сўнг ўз эсдаликларида шундай деб ёз­ган: «Мен Пушкиннинг шеърий туҳфасини кичкина қутичага яшираётганимда у менга узоқ тикилди. Кейин қў­лимдан тор­тиб олди-да, бошқа бермади. Мен шеърни қай­тариб беришини ялиниб сўрадим... Шоир нима деб ўйлаган, билмайман».

Анна Керн ва унинг қариндоши Анна Вулф ҳам Пуш­­кинни ёқтириб қолишган. Шундан сўнг улар Ри­гага ке­тишди. Пушкин иккала Аннага ҳам мактуб бит­ди. Ан­на Керн Ригада турмушга чиқди. Пушкин унга оиласини ташлаб, ўзининг олдига, Пс­ковга келишини бот-бот сўради. Анна худди шундай қилди – оиласидан қочиб кетди. Эри уни алдагани учун маблағсиз қолдирди. Анна бир бурда нон топиш учун корректура ўқи­ди, французчадан тар­жи­малар қилди. Бир амаллаб қийинчилик билан ку­нини ўтказиб юрди. У Пушкинни кутди. Ан­нанинг боши очиқ, энди улар учрашишлари мумкин эди. Аммо 1826 йили Ми­хай­ловскдан қайтган шоир Анна билан ёлғиз учрашишни истамади. Шунга қарамай, улар жуда яқин бўлиб қолишди. Анна Керн Москвада яшай бошлади. У Михай­лов­ск­дан келадиган хатларни ўқир ва шоирнинг эҳтиросли мак­тубла­рини сотиб пул ишларди. Бу ажойиб дурдоналарни Керн Глин­кага романс ёзиш учун берарди. Пушкин кимга атаб шеърлар ёзган бўлса, шу асосдаги романслар машҳур бўлди.
 Шоир Москвага қайтгач, уни турли ада­бий ке­чаларга таклиф эта бошлашди. 1826 йил кузда пой­тахтда севимли Пушкин билан шундай учрашувлар­дан бирини таш­кил этишди. Нашриётлар унга энг юқори қалам ҳақи тўларди. Шоир эса бу маблағларни аямай, орқа-олдини ўйламасдан сарфлаб юборарди.

Ниҳоят, Александр Сергеевич бу нотинч ҳаётдан чарчади. У сокинлик излаб қолди. Худди шундай пайтда Анна Алек­сеевна Оленинани учратиб қолди ва кўн­гил қўйди. Аммо унинг онасидан рад жавобини эшитгач, ил­га­риги таниши Екатерина Ушакованинг қўлини сўраб борди. Бироқ энди кеч бўлганди. Ека­те­ри­на унашти­рил­ган экан. Тўла-тў­кис бахтга эришолмаган шоир: «Мен энди қайси ос­то­нага бош урай», дея алам билан сўзлади.

1828 йилнинг қиш ойида Александр Пушкин Москва­да­ги баллардан бирида 16 ёшли Наталя Гон­чарова билан танишди. Наталя бу ерга яқинда келган бўлса-да, иж­ро этган романслари барчани лол қол­дир­ди. Уни Москвадаги энг гўзал қиз деб тилга олишди. Пушкин қизга севги изҳор этди. Би­­роқ жавоб мужмал бўлди. Мўмин-қобил, тартиб-интизомли бу қиз шоирнинг ҳа­ло­ва­тини ўғирлаган эди. Ниҳоят у Пушкин билан оила қуришга қатъий аҳд қилди.

Уларнинг унаштирилиши икки йилга чўзилди. Ни­ҳоят, 1830 йил апрелида қиз томон тўйга розилик билдирди. «Бўлди, тамом, энди уйланаман. Уни топганимга икки йил тўлади. Қаерда бўлмайин, кўзларим доимо шу гўзални қидиради. Ҳаётим усиз кемтик, мазмунсиз. Мен бахт ҳа­қида бунчалик узоқ ўйламагандим. бал­ки бу шун­чаки кўн­гил ишидир, ўтиб кетар, дегандим. Энди ўй­ла­сам, хато қил­ган эканман». 1830 йил баҳоридаги унаштириш маросимидан кейин Пушкин ана шундай ёз­ган эди.
 Тўй ҳар хил баҳоналар сабаб орқага суриб келина­ёт­­ганди. «Алек­сандр тезроқ никоҳдан ўтишга ун­даса, Наталя маблағи йўқлигини очиқ-ойдин айтарди. Шо­ир баҳоналарга чек қўйиб, севгилисининг никоҳ кўй­лагини тиктириши учун пул топиб келди. Тўйга тайёр­гар­лик ва никоҳ базми учун жуда кўп маблағ кетди», деб эс­лаганди княз Долгоруков.

Шоир тўй ташвишларидан зерикди. Бундай пайт­лар­да у асабийлашар, сиқилар ва дўстларига қўн­ғироқ қиларди. Тўйдан бир ҳафта олдин Пушкин ўртоғи Н.Крив­цовга шундай деб ёзган: «Мен уйланиш арафасидаман. Бўйдоқлик даврида нима деган бўлсанг, ҳаммасини ўй­ла­япман. Танлаган йўлим тўғри ёки нотўғрилигини яна бир бор хаёлимдан ўтказяпман. Ёшлигим ҳаяжонли ва самарасиз ўтди. Қандай яшаган бўлсам, ҳали­гача шун­дай­ман. Менда бахт йўқ эди... Ёшим ўттизга бо­риб қол­ди. Мен тенгилар аллақачон уйла­нган. Энди мен ҳам ўртоқларим каби оила қу­раяпман. Бундан афсус­лан­майман, деб ўйлайман. Энди ёш­лигим қолмади. Жид­дий­лашяпман. Қатъий туриб келажагимни ўзим қура­ман...»

Тўй ниҳоятда тантана билан ўтди. Наталя янада гўзал ва чиройли бўлишга ҳаракат қилди. Алек­сандр тўйдан кейин маҳбубасини кўпроқ севди.

Хўш, Пушкин бахтли эдими? Уни ёшлигидан икки аёл телбаларча севиб келарди. Бироқ Пушкин улар­га эътиборсиз бўлди. Унинг қайноқ қони жўш уриб ту­рар, ҳаёти муҳаббат ва таҳликалар орасида ўтарди. Шоир «севги бобида» кўпларни учратди. Ранг-баранг «муҳаббат»дан унинг юрагини би­рортаям гўзал жиз этказмаганди. Ниҳоят, у Наталясини топди. Бахт деб билганинг қаерларда, билолмайсан, кутилмаганда топасан. Александр Пушкин тақдирида ҳам шундай бўлган эди.

Иззат Аҳмедов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг