«Мен қашшоқликдан садақа сўраб юрган гадо эмас, Ватан гадосиман...» — Ватан, дея ватансиз қолган Бухоро амирининг армони
Тарихдан маълумки, Бухоро амири Олимхон амир Саййид Абдуллаҳадхоннинг тўнғич ўғли бўлган. Олимхон 1881 йилда Кармана шаҳрида туғилган. Бухоро мударрисларидан сабоқ олган. 13 ёшдалигида уч йилга давлатни бошқариш ва ҳарбий маълумотларни ўзлаштириш учун Санкт-Петербургга кетган. 1896 йилда Россиядан Бухоро Шаҳзодаси сифатида Бухорога қайтиб келган. Орадан 2 йил ўтгач, яъни 1898 йилда Насаф (Қарши) губернатори этиб тайинланган. Сўнгра Кармана беклигига ҳоким бўлган.
1910 йилда отаси Абдуллаҳадхон вафот этгач, Саййид Олимхон Россия империяси императори Николай II томонидан Олий мартабага кўтарилган: отаси ўрнида Бухоро амирлигини қабул қилган.
Амир Саййид Олимхон Россия империяси томонидан кўп қаршилик ва босимларга учраган. Ҳокимиятга келган большевиклар Бухоро амирлигига ҳам ўзининг мулки сифатида қарай бошлаган. Ўлкада солиқлар ортиб, иқтисодий қийинчиликлар бошланган. Шунга қарамай, амир Олимхон бошқа вазир ва бошлиқларга пора олиш, пора беришни ман қилган. Солиқчилар ва бошлиқларни халқдан олган солиқни ўз манфаатлари йўлида қўлламасликни амр этган.
1918 йилда Туркистон Мухториятини қонга ботирган большевиклар Бухорога ҳам очиқ юриш бошлашган. Снярдлари тугагунча Бухорони тўпга тутишган. Ҳарбий амалиётни бошлаб, самолётларни ишга солишган. Жуда кўп саройларни, хонақоларни вайрон қилишган. Кўприк, йўл, дўконлару банкларни талаб, ўликларнинг кийимларигача тунашган. Лекин шундай вақтда ҳам халқ амир томонида бўлган. Амирнинг мудофааси учун 25000 дан ортиқ одам чиқиши аслида катта воқеълик, шундай тиш тирноғи билан қуролланган душман билан жангдан тирик чиқиши унинг улкан муваффақияти бўлган, аслида. Қонли йўқотишлар, амирлик ичидан чиққан хоинликлар сабаб Бухоронинг кули кўкка совирилган. 1921 йилда амир Олимхон 500 нафар ҳамроҳи билан доимий яшаш учун Афғонистоннинг Қобул қўриқловидан 11 километр узоқликдан бўлган Фотуҳ қалъасига кўчиб кетган.
«ХХ асрда, аниқроғи, Совет ҳокимияти йилларида адолатсиз сиёсат, инқилоб, тўнтаришлар ва қатағонлар туфайли кўплаб юртдошларимиз кўзда ёш, юракда чексиз алам ва ўкинч билан она-Ватандан айро тушди. Аччиқ тақдир улар пешонасига ватангадолик азоб-уқубат ва машаққатларини битди. Ўзбекистонни ўтган асрнинг 30-йилларида 8 ёшлигида тарк этган, бир умр Саудия Арабистонида яшаган Мўминжон Андижоний ватанига йўллаган мактубларидан бирида:
Ғурбатда агар етса ўлим гул баданимга,
Қабримни қазиб нашимни юлса, кафанимга,
Тобутим юксак ера бир лаҳза қўйинглар,
Шояд етишур бўйи Ватан бу жасадимға
деган мисраларни бежиз битмаган.
Ватаннинг бир кафт тупроғини кўзига суртиш армонида дунёни тарк этган миллатдошларимиз хорижда камбағал яшамади. Улар салоҳият, илм, ақл-идрок, чидам ва ирода, меҳнатсеварлик, ҳалоллик туфайли ўзга элларда ҳам тўқ ва фаровон умр кечирди. Муҳожир ўзбекларнинг кекса авлоди вакиллари билан мулоқотлар чоғида «Орамизда гадо ва қашшоқлар, бизга садақа қилинг, яхшилар» деб юрувчи бирорта ҳам тиланчи йўқ. Биз фақат Ватан гадосимиз» деган сўзларни эшитганим бор», — дейди Бухоро давлат университети ўқитувчиси, тарих фанлари доктори, профессор Шодмон Ҳайитов.
Шодмон Ҳайитовнинг сўзига кўра, ватангадолик тақдири Бухоронинг сўнгги амири Саййид Олимхонни ҳам четлаб ўтмаган. Амир большевиклар ва Қизил Армия қисмлари билан муросасиз жангларда енгилган. 1921 йил март ойида бир қатор амалдор ва аъёнлари билан қўшни Афғонистон ҳудудига муҳожирликка ўтган.
«Совет мафкураси асосида ёзилган китоб ва адабиётларда Амир Олимхон 23 йил давомида (1921-1944 йй) гадо ва қашшоқликда яшади. Унга тузалмас касаллик ёпишган - умрининг охирида «вос-вос» касалига дучор бўлиб, ақлдан озди. Хор-зорликда бу дунёни тарк этди» қабилидаги тарих ҳақиқатидан йироқ уйдирмаларни ўқиш мумкин. Йўқ. Тожу тахтидан айрилиб, Ватанидан узоқда бўлган амир шу қисматни ғариблик, деб санаган. Афғон заминида Амир Олимхон камбағал ва қашшоқ бўлиб қолмаган эди. У амирликнинг тилларда достон хазинасидан Афғонистонга олиб ўтган олтин, кумуш, гавҳар ва бриллиантлар ҳисобидан ўша даврда савдо айланмаси 1 миллион олтин сўм бўлган заргарлик дўкони очганди. Амирни излаб кейинчалик Қобулга етиб келган аёнларидан бири Ҳожи Мирзо девонбеги Бухоро амирлиги хазинасида сақланган, олтин ва жавҳарлар билан безатилган қимматбаҳо тожларни Саййид Олимхонга келтириб топширгани ҳам маълум. Бу каби олтин тожларга Амир Олимхон Қобулда яшаган Фатуҳ боғига ўхшаган шинам масканларнинг ўнтасини сотиб олиш мумкин эди. Амирнинг вакили Тўрақул даллол томонидан Пешовар банкига қўйилган пулларнинг бир қисми ҳам унинг ҳисобига ўтганди. 1928 йилда Амир Швейцария банкидаги пулларини олишга урингани, ўз вакилини Женевага юборганлиги ҳам маълум», — дейди Шодмон Ҳайитов.
Маълум бўлишича, Саййид Олимхонга афғон амирлари эркин ҳаракат қилишга йўл беришмаса ҳам меҳмондўстлик кўрсатишган.
«У 1943 йилнинг кузида (ўлимидан бироз олдин) Афғонистон давлатининг бош вазири Аҳмадшоҳ қабулида бўлган. «Амир Олимхон муҳожирликка маҳкум этилган миллионлаб ватандошлари сингари она-юрти соғинчи билан яшаган. 1943 йилда Афғонистон бош вазири Аҳмадшоҳга айтилган: «Афғонистонга келганимга 23 йил бўлди. Шу давр ичида кўп ғурбат ва мусибатларни бошимдан кечирдим. Лекин ватан ёди бир муддат ҳам қалбимни тарк этмади. Ватан ёди билан яшадим ва ватан ёди билан ўламан» ёки «Эй Ватан, охирги нафасимгача сенга салом дейман... Ватан руҳи менда доим тирикдир» – деган сўзлари Ватан шоҳу гадо учун бирдай азиз туйғу эканининг Амир Олимхон тилидаги ифодасидир. Унинг Бухорои шарифни, аждодлардан мерос Ватанни соғиниб, она-юрт ҳавосидан лоақал бир марта тўйиб нафас олиш умиди билан яшагани, айни ҳақиқат», — сўзида давом этади профессор.
Амир Совет ҳокимияти пойдевори мўрт давлат, кўп ўтмай қулаган. Ватанга қайтадиган кун келади, деган умид ва ишонч билан умргузаронлик қилган. Ҳатто, охирги нафасигача, бухороча либосини ечмай, давраларда, тўй-ҳашамларда, байрамларда миллий кийимда юрган. Афғонистонда 1919–1928 йилларда ҳукмронлик қилган Амир Омонуллохон афғонларнинг мустақиллик байрами (Жўшон)га амирни таклиф этганида, у бухороча кийимда борган. Афғонлар ундан европача кийиниб келишни сўрашган. Бундай таклифдан аччиқланган амир қайта-қайта таклиф қилишларига қарамай, кейин Жўшон байрами тадбирларида иштирок этмаган.
Шуҳрат Ҳайитовнинг билдиришича, амир Олимхон умрининг сўнгги йилларида Ватан соғинчи суяк-суягидан ўтган. Биз бунга ўз вақтида афғонистонлик кексалар билан мулоқотлар давомида амин бўлгандик. Хотираларда айтилишича, Амир ватани ва уч фарзанди – Султонмурод, Шомурод, Райимни соғиниб, кўзига ёш олиб турган.
«Айтмоқчи, Амирнинг Афғонистон пойтахти Қобулда турли хотинларидан 16 ўғил ва 21 нафар қиз, жами 37 фарзанди дунёга келган. 1931 йилда таваллуд топган ўғилларидан бири Сайид Мансур Олимий ўзининг «Бухоро–Туркистон бешиги» номли китобида отаси умрининг охирида ватангадолик, деган бедаво дардга дучор бўлганлигини қайд этган. Шунингдек, амир Саййид Олимхон умрининг охирида кўзи кўрмай, ожизланиб қолган.
Шунга қарамасдан, у ўғилларидан Амударё бўйига олиб боришларини сўраган. Ўша ердан туриб, қўл етмас манзил – она-юрт томон узоқ вақт термулиб туришни хуш кўрган. Вафотидан олдин Бухорои шарифнинг ширин-шакар меваларини соғиниб, Ғурбин анорини кўп эслайдиган бўлиб қолган», — ҳикоя қилади суҳбатдош.
Бухоро амири Саййид Олимхон Совет ҳокимиятига мутасаддиларидан Ватанга қайтаришни сўраб, бир неча бор мурожаат қилган. Афғонистондаги айрим ўзбек муҳожирлари Бухоро амирлиги ҳудудидан ўзига битта вилоят ажратиб беришларини сўраганлигини ҳам айтишади. Аммо И.В.Сталин (1878-1954) унинг барча мурожаатларини эътиборсиз қолдирган.
Тарихга кўра, унинг хасталиги узоқ давом этган. 1944 йил 28 апрелда Қалъаи Фотуҳда вафот этган ва Қобул яқинидаги «Ислом шаҳидлари» қабристонига дафн этилган. 1998 йилда фарзандларининг барчаси турли давлатларга кўчиб, яшаб қолишган. Манбааларда айтилишича, Туркия, Эрон, Ироқ, АҚШ, Канада, Саудия Арабистони ва Европа давлатларида амир сулоласининг 700 дан ортиқ вакиллари бор.
«Амир Саййид Олимхон муҳожирликда бир умр Ватан меҳри билан яшаган, унинг пешанасига Ватан, дея ватансиз қолганлар қисмати битилган», — дейди Шодмон Ҳайитов.
Маълумот ўрнида: Амир Олимхоннинг Афғонистонда ёзган хотиралари 1929 йилда француз тилида Парижда, форс тилида Ғарбда, 1991 йилда Ўзбекистонда алоҳида китоб қилиб чоп этилган. Саид Олимхоннинг фарзанди Саййид Мансур Олимийнинг «Бухоро гоҳвораи Туркистон» (Бухоро – Туркистон бешиги) китоби 1996 йилда Туркияда чоп этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter