Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Мен уларнинг ҳаммаси дастурчи бўлишини истайман» (видео)

Бугун жамият тараққиётини ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди.

2021 йилда янгиланган информатика фани дарсликларига бир қатор қўшимчалар киритилди. Замонавий дастурлаш тиллари ҳақидаги мавзуларни бунга яққол мисол қилиб келтириш мумкин.

Дарсликларга ўзгартириш киритилиши ўқитувчиларнинг малака ва кўникмаларини ошириш кераклигини талаб қилди. Халқ таълими вазирлиги ҳамда Bepro IT academy ҳамкорлигида информатика фани ўқитувчиларининг С++ ва Scratch дастурлаш тилларига ўқитиш ишлари давом этмоқда.

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини бориб кўрар экан президент Шавкат Мирзиёев: «Ҳозирги замонда хизматларнинг катта қисми ахборот технологиялари орқали кўрсатилаяпти. Бошқа соҳаларнинг ҳам самарадорлиги шунга боғлиқ», дея таъкидлаганди.

«Хabar.uz» ахборот-таҳлилий портали мухбирлари малака ошириш курслари билан танишиш мақсадида Қашқадарёда бўлди.

«Вилоятимизда ёшларга янги технологияларни жорий этиш бўйича кўникмаларни ошириш, ахборот технологиялари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўргатиш, ахборот технологиялари соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий ҳамда самарали механизмларини яратиш, компьютер технологиялари, дастурлаш, робототехника ва киберспорт асосларини ўргатиш учун зарур шароитлар яратишга катта эътибор қаратилган. Бунинг учун биринчи галдаги масаламиз ўқувчиларга дарс бераётган устозларнинг малака ва кўникмаларини сезиларни даражада оширишдан иборат. Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан бир ой давомида ўқитувчиларга қўшимча дарслар ташкил этилган. Аввалроқ 30 нафар ўқитувчимиз Phyton дастурлаш тили бўйича ўқитилиб, сертификат олганди», — дейди вилоят ХТБ АКТ бўлими бошлиғи Заҳриддин Қамбаров.

Ҳозирда Қашқадарё вилоятида информатикадан қарийб 1700 нафар ўқитувчи ёшларга таълим бериб келмоқда. С++ ҳамда Scratch дастурлаш тилларида 480 нафар ўқитувчи малака ошириш дарсларида қатнашмоқда.

С++ бўйича 144, Scratch дастурлаш тили бўйича 72 соат дарс ташкил этилган.

«BePro IT Academy томонидан бизга Фарҳод Аҳматов  С++ бўйича дарсларни ўтмоқда. Ўзим ТАТУ қарши филиалида ўқиганман. Шу соҳа одами сифатида бу ишларни маъқуллайман. «АйТи» мутахассислар — долзарб касб эгалари. Мен уларни ташвишлардан холи кўришни истайман. Ўқувчиларимдан сўрасам, турли баландпарвоз касбларни танлашларини айтишади. Майли, лекин мен уларнинг керак бўлса, ҳаммаси дастурчи бўламан дейишини истардим. Дастурчилик қолган касбларга халақит бермайди. У шифокор, деҳқон ёки бир қурувчи бўлсин, дастурчи сифатида ҳам қўшимча даромат топа олади, ҳам ўз соҳаси учун бир янгилик яратишга қодир бўлади», — дейди Нишон туманидаги 8-сонли мактаб информатика ўқитувчиси Жамолиддин Орзиев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг