Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Менга жўраларимни топиб беринг, дада!»

«Менга жўраларимни топиб беринг, дада!»

Яқинда Бухоронинг чекка туманларидан бирида содир бўлган аянчли воқеа кўпчиликни ларзага солди. Воқеликка хабар тариқасида ёндошмадик. Бундай хатони такрорламаслик бошқаларга ўрнак бўлсин.

Суннат тўйи. Оддий касб-кор эгасидан тортиб, казо-казоларгача бор. Оғиз кўпиртириб, тўйчи дастурхонини мақтаётганлар ким, қулоқни қоматга келтирувчи мусиқа остида беўхшов рақсга тушаётганлар ким... тўйни томоша қилаётган ёки таом еяётган бирорта болага кўзингиз тушмайди.  «Болажонларга тегишли тўйда катталарнинг маза қилиши таажжубланарли-да. Кўп йиғинлар – тўй, туғилган кунларда «соғлик-тинчлик»ка йўғрилган тилаклар ўрнини «бойлик, тўкинлик»ка хос тилаклар эгаллаб олаётгани оғриқли.

Тўрда тўйбола. Атрофини баланд-парвоз тилаклар айтиб, қадаҳ чўқиштираётган маст-аластлар ўраб олишган:

— Мен шу қадаҳни тўйболанинг ёрқин келажаги учун кўтаришингизни истардим...

— Мен қадаҳ сўзимда отаси топган мол-давлат, ҳовли-жой шу тўйболанинг яхши кунларида хизмат қилишини тилайман.

Қадаҳга сиғиниб айтилаётган тилакларга тўйбола парво ҳам қилмайди. Ўғлини хомуш кўрган ота унга ишшайиб тикилди-да, ҳамманинг олдида тавозе билан:

— Той, бугун тўйингиз бўлса, хомуш кўринасиз, топган-тутган давлатим сизники, мана бу ҳам сиздан, — дея унинг қўлига машина калитини тутқазишга чоғланди.

— Йўқ, калит керакмас, ўйнагим келаяпти! Менга тўйхона дарвозаси ёнидан қайтариб юборганингиз — жўраларимни топиб беринг, дада! —йиғлаб юборди тўйбола.

Тўйболанинг жовдираб айтган сўзларидан ҳамма донг қотди. Ота талмовсиради.

***

7-8 ёшли уч-тўрт бола тўйнинг безатиқли дастурхони атрофида ўтиришиб, шодиёналарни ҳам ҳайрат, ҳам қувонч билан кузатиб туришибди. Аҳён-аҳёнда дастурхонга тотилган ноз-неъматларга ўғринча кўз югуртиришади. Қўл узатишга чўчишади. Чунки тўйчи амаки қаттиқ огоҳлантириб кетди-да! Йўқ. Болалар болалигига боришди. Ширинликлардан бир-икки татиб кўришди. Шу пайт қаердан ҳам тўйчи амаки пайдо бўлди-ю, болаларни силтовлар билан қувиб солди.

Тўй-томошалардан завқ олишда болаларнинг ҳам озгина бўлса-да, ҳақи борлигини унутиб қўйган катталар кўнгилхушлик, яъни фақат ўзларинигина овута оладиган, обрў келтирадиган турли маросимлару йиғинларни ўйлаб топиш билан овора. Бори-йўғимни сочай, деб тўйларнинг тўс-тўполон бўлиб тугашини ҳам, тўс-тўполонларни жимгина кузатаётган ҳам шу катталар эмасми?!

7-8 ёшли болаларни тўй дарвозасидан киритмайдиган, тўрт кунлик дунё, ёшлигинг қайтиб келмайди, деб ҳали вояга етмаган ўғли билан қадаҳ чўқиштирадиган ота-оналарни ҳам, тўйчиларни ҳам кўп учратамиз.

Воқелик аввалига қайтадиган бўлсак, ширакайф ҳолда суннат тўйини ўтказиб, 7 яшар тўйболасига атаб олган машинасида тўйхонадан қайтаётган ота рулни бошқаролмай қолган. Машина симёғочга урилган. Оқибатда машинасининг олдида ўтқазиб қўйган тўй бола — фарзандининг умрига зомин бўлган. Ота норасидасининг орзу-армонларини яксон қилган бу тўй оқшомида унинг бахту-тахти учун қадаҳ кўтарган эди. Тўйболасининг тўйида унинг жажжи жўраларини, ҳатто, дарвозадан йўлатмаган ота энди ўғлининг тобути бошида мўлтираб турган қора кўз жўраларини қувиб солишга ўзида куч топа олармикин?!

Тўй-ҳашамларга ясан-тусан қилиб, кийиниб боришдан тортиб, сиполик билан қадаҳ чўқиштириб, тилаклар айтилишгача гўёки «гўзал маданият» деб саналади. Аслида, мана шу «гўзал маданият» остида нодонлик, риёкорлик яширинган.

Фақат қадаҳ сўзи билан бахтга эришиб бўлмаганидек, келажакка ҳам руҳий покланишсиз юз тутиб бўлмайди. Болалар бахти, келажаги учун қадаҳ эмас, қалбни тутайлик!

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг