Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Меросни қайтариш миссияси: Лондондаги нодир экспонатлар

Меросни қайтариш миссияси: Лондондаги нодир экспонатлар

Лондондаги Довуд Шоҳ коллекциясида Салжуқийлар сулоласи вакили — Абу Мансур ибн Сабуктекинга тегишли бўлган кумуш патнис сақланмоқда.

Ислом цивилизацияси марказида ўтказилган навбатдаги кенгайтирилган йиғилишда Ўзбекистон маданий меросига оид муҳим масалалардан бири — хориждаги, хусусан Буюк Британиядаги хусусий коллекцияларда сақланаётган тарихий экспонатларни юртимизга қайтариш имкониятлари муҳокама қилинди.

Академик Акбар Ҳакимов ўз нутқида Лондондаги бир қатор арт-дилерлар коллекцияларида сақланаётган Сомонийлар, Ғазнавийлар, Хоразмшоҳлар, Қорахонийлар, Темурийлар ва Ўзбек хонликлари даврига мансуб осори атиқалар ҳақида атрофлича маълумот берди. Умумжаҳон даражасидаги дурдона асарларни олиб келишдан асосий мақсад нафақат заминимиз тарихий бойлигини ортга қайтариш балки Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносининг ички экспозицияси ҳам ташқи маҳобатига мос бўлишини айтиб ўтди.

Таъкидланишича, ушбу асарлар жаҳон маданий бозорларида тарихий қиммати ва нодирлиги боис катта қизиқиш уйғотмоқда.

Жумладан, Лондондаги Довуд Шоҳ коллекциясида Салжуқийлар сулоласи вакили — Абу Мансур ибн Сабуктекинга тегишли бўлган кумуш патнис сақланаётгани маълум қилинди. У Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг укаси бўлиб, Марказий Осиё ва Эрон тарихида муҳим сиёсий шахс сифатида танилган. Бу каби ёдгорликлар нафақат моддий бойлик, балки маънавий ва илмий аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистоннинг ушбу осори атиқаларни янада чуқур ўрганиш ва имкони борича юртимизга қайтариш бўйича зарур чоралар кўрилиши лозимлигини таъкидлашди. Шу билан бирга, мазкур коллекциялардан аниқланган экспонатларнинг рақамлаштирилган нусхаларини Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намоён этиш ташаббуси ҳам кўриб чиқилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази контентини бойитиш мақсадида 2025 йил 25 апрелдан 2 майга қадар Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация аъзолари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрига қилган хизмат сафари давомида дунёдаги машҳур "Sotheby's" ва "Christie's" аукцион уйларидаги савдоларда иштирок этгани ҳақида хабар берилган эди.

Хизмат сафари давомида делегация аъзолари иштирок этган савдо уйлари аукционларида кимошди савдосида Ўзбекистон маданий меросига, хусусан, Исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда хонликлар даврига тегишли нодир осори-атиқалар ҳам борлиги маълум қилиниб, марказ экспозицияси учун 46 та лот саралаб олинган эди. 

Бу каби саъй-ҳаракатлар миллий меросимизни асраб-авайлаш, қайта тиклаш ва келажак авлодларга етказишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг