Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Микрокредитбанк» молиялаштирган корхона экспортбоп иссиқхона конструкциялари ишлаб чиқармоқда

«Микрокредитбанк» молиялаштирган корхона экспортбоп иссиқхона конструкциялари ишлаб чиқармоқда

Бугунги жаҳон хўжалигига интеграллашув жараёнларида импорт ўрнини босиш сиёсатини амалга ошириш ҳар қандай мамлакат учун иқтисодий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг мажбурий чорасига айланиб бормоқда. Зеро, бу сиёсатни тўғри ва самарали йўлга қўйиш мамлакатнинг импортга боғлиқлик даражасини камайтириб, иқтисодий барқарорликка эришиш имкониятини вужудга келтиради.

Бугунги кунда «Микрокредитбанк» АТБ томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалар улушида импорт ўрнини босувчи ва экспорт учун маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳалар салмоғи ошиб бормоқда.

Хусусан, «Микрокредитбанк» АТБ томонидан «Agrocon Greenhouse System Xorazm» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонасининг йилига 150 гектар майдонга замонавий типдаги иссиқхона конструкциялари ишлаб чиқариш ва 3000 тонна қурилишда фойдаланиладиган метал маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга лойиҳаси 2020 йилнинг 2-чорагида молиялаштирилган эди.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 7,0 млн. АҚШ доллари бўлиб, 3,5 млн. АҚШ доллари «Микрокредитбанк» АТБ хорижий кредит линиялари ҳисобидан молиялаштирилган бўлса, 3,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар корхонанинг туркиялик инвестори маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Бухоро ва Хоразм вилоятида ташкил этилган иссиқхона комплекси ташаббускорлари мазкур замонавий иссиқхона конструкциялари хорижий корхоналардан чет эл валютасида импорт ҳисобига олиб келинаётган конструкцияларданда сифатли эканлигини ҳамда ушбу маҳсулотларни корхонадан миллий валютада сотиб олиш афзалликларини  эътироф этишди.

«Agrocon Greenhouse System Xorazm» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси томонидан мазкур лойиҳа ишга туширилиши натижасида импорт ўрнини босувчи замонавий типдаги иссиқхона конструкциялари ишлаб чиқариш билан бирга, экспорт учун маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига ҳам эришилмоқда.

Қувонарлиси, корхона 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида қўшни Тожикистон Республикасига замонавий типдаги иссиқхона комплекс ускуналари еткзиб бериш бўйича расмийлаштирилган умумий қиймати 1,6 млн. АҚШ доллари миқдоридаги шартномалар бўйича ўтказилган маблағлар ҳисобига дастлабки маҳсулотларни жўнатишга эришди.

Бугунги кунда Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш, ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлиги таъминлаш ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган даврда «Agrocon Greenhouse System Xorazm» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси томонидан аҳоли томорқаси ва деҳқон хўжаликлари учун ихчам ва энерготежамкор иссиқхона конструкциялари ишлаб чиқарилаётганлиги лойиҳанинг бугунги кундаги афзалликларидан бири ҳисобланади.

Отабек Ортиқов,
«Микрокредитбанк» АТБ

Инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш департаменти бўлим бошлиғи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг