Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Миллий» стадионида камҳаракатликка қарши кун ўтказилди (фото)

«Миллий» стадионида камҳаракатликка қарши кун ўтказилди (фото)

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар шанба куни мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламли оммавий соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилмоқда. Бугун, 29 июнь куни ҳам «Жисмоний фаоллик – узоқ умр гарови» шиори остида юртимиз бўйлаб турли тадбирлар ташкил этилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, бугунги тараққиёт туфайли инсоният ҳаёт тарзида камҳаракатлиликка одатланаётгани кўплаб тиббий-ижтимоий муаммоларга сабаб бўлмоқда. Дунё миқёсида қайд этилаётган ўлим ҳолатининг ҳар тўртдан бирига айнан шу омил сабаб бўлмоқда. Масалан, сут бези ва йўғон ичак саратони, қандли диабет, юрак ишемик касалликлари юзага келишининг 25-30 фоизига ана шу жиҳат  жиддий туртки бўлади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

«Бундай муаммонинг олдини олиш ҳар бир инсоннинг ўз қўлида. Тўғри, бугунги тиғиз иш куни соатлаб спорт машғулотлари бажаришга имкон бермаслиги мумкин. Бироқ, ҳеч бўлмаганда кунда-кунора 20-30 дақиқалик жисмоний машқларни  бажариш, кунига 1-2 километр пиёда юриш учун ҳаммада имкон топилади. Шифокорларнинг айтишича, ана шу озгина ҳаракат ҳам организмни кислородга тўйинтириш, модда алмашинувини яхшилашда ижобий натижа беради. Бундай кун тартибига одатланган инсон хафақон, инфаркт, инсульт, саратон каби оғир касалликлардан ўзини ҳимоялайди. 

Шундан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамкорликда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини ва жисмоний фаолликни тарғиб этиш билан боғлиқ оммавий тадбирларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқимизга тиббий-профилактика ва патронаж ёрдамини кўрсатиш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофазалаш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўлами ҳам кенгайиб бораётир. Юртимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида фуқароларимизнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 1990 йилдаги 67 ёшдан 2018 - йилда 74 ёшга узайди»,-дейилади хабарда.

Акция доирасида йирик тадбирлардан бири пойтахтимиздаги «Миллий» стадионда ўтказилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ходимлари, турли давлат ва нодавлат ташкилотлар ва кенг жамоатчилик вакиллари, фаол ёшлар 5 километрлик масофани пиёда босиб ўтди. 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилган ушбу оммавий тадбирларда юртимиздаги тиббиёт муассасалари шифокорлари, ҳудудлардаги ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг