Митти ҳикоялар: «Каптива»да келган совчи», «Падаркуш», «Халоскор»...
Гулдаста
Гуллар сотиладиган растага бир қиз чиройли гулдаста билан яқинлашди.
– Кечирасиз, мана шу гул қанча туради?
Сотувчи опа гулдастани айлантириб кўрди-да, нархини айтди.
– Илтимос, шуни ярим баҳосида олинг. Менга пул жудаям зарур эди.
– Йўқ. Шундоқ ҳам гулларим кўп, – деди сотувчи опа унамай.
– Майли, арзонроққа бераман, – ўтинди қиз.
– Бошимга ураманми? Ҳадемай сўлиб қолади бу гуллар. Кейин ким ҳам оларди?
Қиз бурилиб кетмоқчи бўлди.
– Ҳай, шошманг, талабага ўхшайсиз, – сотувчи опа гулдастани ушлаб, янада паст нархни айтди.
Қиз рози бўлди. Пулни олиб, чопқиллаб кетди. Сотувчи опа гулдастага сув пуркаб, ўзгача зеб бериб, растага қўйди...
Бу манзарани узоқдан кузатиб турган йигитнинг кўзларига ёш келди. Кечагина охирги пулига шу гулдастани сотиб олган эди у.
«Каптива»да келган совчи
Қоп-қора мармар қопланган уч қаватли уй ёнига «Каптива» келиб тўхтади ва ундан бир аёл тушди.
– Манови оиланинг келин қиладиган қизлари борми? – деб сўради у қўшни хотинлардан.
– Сиз, яхшиси, ҳув анови уйнинг қизини келин қилинг, – маслаҳат беришди аёлга оддийгина, эски дарвозани кўрсатиб. – Ниҳоятда одобли, тарбияли, меҳнаткаш қизлари бор. Тилидан бол томади. Бир оилани обод қилади.
Аёл мармар уйга ишора қилди.
– Йўқ, менга мана бунақа уйлардан келин керак, – у шундай деди-да, машинасига ўтириб ҳайдаб кетди.
Падаркуш
У ўғлининг ўқишига пул тўлаш учун олис ўлкаларга бориб ишлади. Совуқ, зах конда оғир меҳнат қилди. Ўғли институтни тамомлаб, шаҳарда қолди. Ота ишни давом эттиришга мажбур бўлди. Унинг топган пулларига ўғил уй сотиб олди.
Ота қишлоққа қайтганида соғлиғидан анча путур кетган эди. Юзи рангпар тус олган, ўпкаси қаттиқ шамоллаган эди. Узоқ даволанса-да, кор қилмади: совуқ ва зах ишини қилиб қўйган экан. Қишлоқдаги шифокорлар, шаҳарга бориб даволанинг, дейишди. Бироқ кекса беморнинг шаҳарда шифо топиши ҳам қийин бўлди. Унинг нафас олиши тобора оғирлашар, тез-тез чарчаб қоларди.
Ўғил каттароқ ишга ўтган эди. Отасининг саломатлигидан кўра вақтни ўйлаб сиқиларди у. Бечора қария навбатдаги врач ҳузуридан чиққанида ўғил қўл телефонида асабийлашиб гаплашаётганди. Ота кўзлари жавдираб кутиб турди. Ўғил гаплашиб бўлиб, қовоғини уйиб қаради. Ота даволаш учун катта пул кераклигини айтганида у тутақиб кетди. Қаттиқ сўкинди. Кимни ҳақорат қилгани номаълум, аммо отасининг кўзларига қараб ҳақорат қилган эди у.
Отани йўтал тутди. Аслида кўз ёшларини яшириш учун ёлғондан йўтала бошлаган эди. Кечга бориб унинг жони узилди. Агар ўлимига касаллик сабабчи дейилса, у ҳали бироз яшаши керак эди.
Халоскор
У жажжи ўғли ўйнаб ўтирган соатига қаради-ю, кўчага шошилди. Ибодат вақти бўлган эди. Масжид кўчанинг нариги томонида.
Одамлар сийрак кўчага чиқар-чиқмас, қаттиқ қичқириқни эшитди. Барваста йўлтўсар бир кампирнинг сумкасини силтаб тортар, аммо у тутқичдан ушлаганча ёрдам сўраб додлар эди. Ёрдам бериш керак, бироқ бунга вақт кетади, у эса эсини таниганидан буён намозга кечикмаган. Йўлтўсар қўйнидан пичоқ чиқариб кампирга ўқтала бошлади. У ноилож ўша томонга югурди.
Йўлтўсар билан олишув анчагача давом этди. Ўлжасидан қуруқ қолган аблаҳ халоскор йигитнинг жонига қасд қилишга роса уринди, аммо қўлидан келмади. Полиция машинаси овози эшитилгач, у кичик муюлишга қараб қочди.
Кампир халоскор йигитни роса алқади. «Сизни Худо етказди», деди. Орадан ярим соатча вақт ўтган эди. «Намозга кечикдим-да», деб ўйлади йигит.
У шоша-пиша масжидга кириб борганида эндигина азон айтилаётган экан. Улгурибди. Демак, ўғли соатни ўйнаётиб унинг милларини олдинга суриб қўйган экан.
Қўнғироқдан сўнг
Мен ўғлимни ҳар куни мактаб ҳовлисида кутиб турардим. Қўнғироқ чалингач, бироздан сўнг у ичкаридан чиқиб, нигоҳи билан мени изларди. Кўзи тушгач, мақтанганнамо қадам ташларди: демак, беш баҳо олган! Салом-аликдан сўнг «Хўш?» деб сўрардим.
– Тўртта беш, – жавоб берарди.
– Зўр-ку!
Ўғлимнинг, ҳатто ўнта аъло баҳо олган пайтлари бўларди. Табиийки, у ҳам, мен ҳам қувонардик. Аммо бугун...
Ўғлимнинг нигоҳи маъюс эди. Менга кўзи тушгач, ўпкаси тўлиб кетди. Ёмон баҳо олганини сездим. У яқинлашган сайин, мен бамайлихотир турардим. Кейин эса нима бўлганини сўрадим. Уч баҳо олибди. Ўғлим койишимни кутар, лаблари титрарди.
– Шунга шунчами? – дедим мен самимий тарзда. – Ҳечқиси йўқ, бўлиб туради.
Ўғлим йиғлаб юборди:
– Мени кечиринг, дада...
– Ҳаммаси жойида. Йиғлама, ўғил болага ярашмайди...
У бундай муносабатимни сира кутмаганди. Менга шу қадар миннатдор боқдики, кўнглим алланечук бўлди. Кўз ёшларимни зўрға тийдим. Йўл бўйи ўйладим:
«Болажоним, мен қандайдир рақамлар туфайли сени ранжитмайман. Асло бундай қилмайман. Мен учун маъюс кўзларингдан кўра қувноқ қиёфанг минг марта аъло!..»
Кечқурун ўғлим бўйнимдан қучоқлаб, шундай деди:
– Сиз дунёдаги энг яхши дадасиз!..
Анвар Намозов


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter