Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мубашшир Аҳмадга нисбатан қўзғатилган «иш» судга оширилди

Мубашшир Аҳмадга нисбатан қўзғатилган «иш» судга оширилди

Жорий йил 10 май кунидан эътиборан ҳибсда сақлаб келинаётган, халқ орасида Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсуновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга оширилди.

Бу ҳақда унинг адвокати Руслан Содиқов маълум қилди.

Адвокатга кўра, мазкур жиноят иши 2023 йил 11 август куни Шайхонтохур туман ИИО ФМБ тергов бўлими терговчиси томонидан Жиноят кодексининг 244-3-моддаси билан, яъни, диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш жиноятини содир қилганлиги ҳолати юзасидан қўзғатилган. Ушбу қилмиш жиноят сифатида эътироф этилиши учун олдин айни шу ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилишини тақозо этади.

«Устоз Мубашшир Аҳмад домла Аzon tv каналида олиб борган диний, маърифий фаолияти давомида 2023 йилда Диний қўмита хулосасини олмасдан диний мазмундаги материални ушбу канал орқали тарқатганлиги учун маъмурий жазога тортилган. 2023 йилда бу ҳолат такрорий содир қилинган деб топилиб, жиноят иши қўғатилган.

Устоз бу ҳолатдан хабардор бўлмаганлар ва Туркия Республикасида вақтинча яшаб юрган даврда уларга нисбатан қидирув эълон қилинган. Кейинчалик, 2023 йил 10 ноябр куни Устоз Мубашшир Аҳмадга нисбатан сиртдан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўллаш ҳақида судга илтимоснома киритилган. Суднинг айни шу кунги ажрими билан илтимоснома рад қилинган ва эҳтиёт чораси ўзгаришсиз, муносиб ҳулқ атвордаги тилхат орқали очиқда қолдирилган ҳамда жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилган», – деб ёзади адвокат.

2025 йил 11 май куни эса Мубашшир Аҳмад ушланган ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 244-1 -моддаси 3-қисми «г» банди билан қўшимча айблов эълон қилинган. Бунга Мубашшир Аҳмаднинг шу номдаги телеграм каналига жойлаштирган «Ulamolarning isroilga qarshi jihod fatvosi nimani anglatadi» номли видеодаги суҳбати асос бўлган.

Тергов жараёнида Мубашшир Аҳмаднинг «Azon Global» Ҳалқаро медиаканали ва ижтимоий тармоқдаги бошқа каналларидаги материаллар ҳам текширилган ва натижада уларнинг фаолиятида Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлар, тинчлик ва хавфсизликка қарши оғир жиноятлар содир этилмаганлиги ўз тасдиғини топган.

«Истисно сифатида Исроилнинг Ғазода содир этаётган геноцидига оид берилган фикрлари ва баъзи бошқа ҳолатларга оид фикрларида экспертиза хулосасига кўра миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш жинояти аломати аниқланиб, айблов Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми билан тўлдирилди. Модда санкциясига кўра, ушбу ҳаракат учун жазо уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган», – деб ёзади адвокат.

Адвокат Руслан Содиқов, ўз навбатида, тажрибаси билан бўлишиб, Жиноят кодексининг юқорида келтирилган моддалари санкцияси бирмунча юмшоқлиги, шу боис ҳимояси остидаги Алишер Турсуновга нисбатан суд белгилайдиган таъсир чораси қамоқ билан боғлиқ бўлмаслиги эҳтимолини илгари суради.

Манба: facebook.com

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг