Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Муҳим топшириқ, тиғиз учрашувлар» — Шерзод Шерматов нега АҚШга борди?

«Муҳим топшириқ, тиғиз учрашувлар» — Шерзод Шерматов нега АҚШга борди?

Фото: MITC

20 июнь куни АКТ вазири Шерзод Шерматов АҚШ билан АКТ соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, IT соҳасидаги етакчи компаниялар билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда қатор компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Америкага борди.

Хабарингиз бор, президент Шавкат Мирзиёев АКТ вазирлигига Ўзбекистонни минтақавий IT-хабга айлантириш бўйича топшириқлар берилганди. Соҳа раҳбари ушбу топшириқни амалга ошириш йўлида океанорти мамлакатида шу куннинг ўзида қатор учрашувларни ўтказди.

Рейтингларда юқорилаш масаласи

Ташрифнинг илк кунида Шерзод Шерматов БМТ Бош котибининг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Лиу Женмин билан учрашди.

Учрашув давомида БМТ Бош котиби ўринбосари Ўзбекистон жаҳоннинг қатор рейтингларида юқорилаётгани ҳамда келажакда амалга оширилаётган ишлар натижасида минтақада йирик IT-хабга айланишини таъкидлади.

АКТ вазири БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти томонидан ҳар 2 йилда эълон қилинадиган Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида яна юқори поғоналарни эгаллаш бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталди.

Mastercard Inc. компанияси билан ҳамкорлик

20 июнь куни Нью-Йорк шаҳрида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ва «Mastercard» тўлов тизими вице-президенти Сами Лаҳуд ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда томонлар Mastercard билан электрон тижорат экотизимини ривожлантиришда кўмаклашиш, кичик ва ўрта бизнес салоҳиятини ошириш, шунингдек, ҳамкорлик платформасини яратиш, жумладан, онлайн тўловлар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилдилар.

Вазир Шерматов Mastercard Inc. глобал тўлов инновацияларини яратишда етакчи эканлигини таъкидлади.

Учрашув давомида Mastercard Inc. компанияси билан таълим лойиҳалари ва кичик ҳамда ўрта бизнес субъектлари учун салоҳиятни ошириш бўйича ҳамкорлик, Entrepreneurs Odyssey, MasterCard Academy ва бошқа онлайн платформаларни ўзбек тилида ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди. Қолаверса, Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнес субъектларига ўзларининг электрон тижорат порталларини яратишда кўмак бериш ҳамда ОТМ талабалари учун маҳорат дарслари ва маърузалар ташкиллаштириш ҳам муҳокама марказида бўлди.

Учрашув якунида АКТ вазирлиги ва Mastercard Inc. компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ўзбекистонни минтақавий «айти» марказга айлантириш масаласи

Шу куни Нью-Йорк шаҳрида АКТ вазири Шерзод Шерматов ва «EPAM Systems» компанияси асосчиси, президенти ва директорлар кенгаши раиси Аркадий Добкин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Томонлар Ўзбекистонда малакали IT-кадрлар тайёрлаш ва истеъдодларни ривожлантириш, шунингдек, «айти» соҳасида янги иш ўринларини яратиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Учрашув доирасида «EPAM Systems» компанияси асосчиси Аркадий Добкин мамлакатимизда яратилган шароитларни эътироф этди.

Шу билан бирга, А. Допкин томонидан нима учун айнан Ўзбекистон компания раҳбарияти томонидан релокация учун танлангани, мамлакатимизда IT-компаниялар ва IT-мутахассислар учун яратилган имкониятлар ҳамда соҳага бўлган эътиборни инобатга олиб, ушбу релокация қисқа вақтларда амалга оширилганлигини алоҳида таъкидлади.

У Ўзбекистон яқин келажакда «айти» йўналишида нафақат Марказий Осиёдаги, балки бутун минтақадаги йирик марказ бўлишига ишонишини билдирди.

Ўз навбатида, АКТ вазири Шерзод Шерматов «EPAM Systems» компаниясини ҳар томонлама қўллаб-қуватлашга тайёрлигини билдирди.

АКТ вазири хорижий мутахассисларнинг Ўзбекистонда фаолият олиб бориши қулай бўлиши учун барча имкониятлар ишга солинишини алоҳида таъкидлади.

Хусусан, АКТ вазирлиги хорижлик IT-мутахассисларни кўчириш жараёни учун қуйидаги қулайликларни тақдим этади:

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш доирасида вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш, IT-визани расмийлаштириш ва тақдим этишда ёрдам кўрсатиш;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш доирасида ижарага бериладиган уй-жой топиш ва тақдим этишда кўмаклашиш;
  • оила аъзоларини (яқин қариндошларини) таълим муассасаларида (болалар боғчаси, мактаб ва бошқалар) жойлаштириш;
  • тармоқ ва алоқа воситалари (мобил алоқа, Интернет ва бошқалар) билан таъминлаш;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туристик саёҳатларни ташкил этиш.

Аркадий Добкин, шунингдек, яқин бир неча йил ичида Ўзбекистонда EPAM тизимларини кенг миқёсда ривожлантириш ниятида эканлигини таъкидлади. Унга кўра, айрим мамлакатларда компаниянинг тўлиқ ривожланиши учун 10 йил сарфланган, Ўзбекистонда эса бу 3-5 йил ичида содир бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистонда ҳар йили ўтказиладиган «EPAM Global» конференциясини ташкил этиш, унинг доирасида «EPAM Systems» компаниясининг етакчи мутахассислари учун Ўзбекистонда ишлаш учун шароит ва имкониятлар билан танишиш мақсадида IT-тур ўтказилишига тўхталдилар.

Томонлар ушбу лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар.

Венчур фонди вакиллари Ўзбекистонга таклиф этилди

Куннинг иккинчи яримида Нью-Йорк шаҳрида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ва «Reface and Roosh Ventures Investment Fund» раҳбари Сергей Токарев ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда ахборот технологиялари ва тиббиёт соҳасидаги лойиҳалар муҳокама қилинди.

АКТ вазири Ш.Шерматов Ўзбекистонда «айти» компаниялар учун қандай қулай ишбилармонлик муҳити яратилаётгани ва жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган АКТ ҳафталиги ҳақида гапириб берди ҳамда компания вакилларини ушбу ҳафталикда иштирок этиш учун таклиф қилди.

Вазирнинг АҚШ сафари шундай тиғиз тақвимда давом этмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг