Муҳокамалар марказига чиққан қарор лойиҳаси жамоатчиликка эълон қилинади
Сўнгги кунларда айрим ижтимоий тармоқ фаоллари тегишли вазирлик ва идораларда ҳамда ўзларида мавжуд, бироқ жамоатчилик учун ошкор қилинмаган «Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида»ги қарор лойиҳасини кенг муҳокама қилмоқда.
Жумладан, блогер Қобил Хидиров ўзининг телеграм каналида ушбу ҳужжат соядаги иқтисодиятга қарши курашиш борасида қатор янгиликларни амалиётга олиб кираётган бўлиши билан бирга айрим ўринларда аҳоли ва тадбиркорлар учун «тузоқ» қўяётганига ҳам ишора қилади.
Бу ҳақда бир муддат олдин «Қора халқнинг чўнтагига қўл тиқишга уриниш адолатсизликдан бошқа нарса эмас» сарлавҳали материал эълон қилган эди.
Савдо-саноат палатаси бу борада расмий муносабат билдириб, жорий йилнинг 27 апрел санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши йиғилишида ушбу ҳужжат лойиҳаси атрофлича муҳокама қилингани ҳамда Кенгаш аъзолари томонидан лойиҳа бўйича консептуал таклифлар билдирилганини маълум қилди.
Таъкидланишича, Кенгаш йиғилишида мутасаддилар томонидан ушбу қарор лойиҳаси бугунги кунда тегишли вазирлик ва идоралар билан ўрнатилган тартибда идоравий келишиш жараёнида эканлиги ҳамда Кенгаш аъзоларининг таклифлари асосида қайта кўриб чиқилиши айтилган.
Шунингдек, Палата мазкур ҳужжат лойиҳаси Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказишдан олдин яна бир бор Кенгаш муҳокамасидан ўтказилишини таъкидламоқда.
Шу билан бирга, ҳужжат лойиҳаси Ҳукуматга киритилишидан олдин амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда регулатион.гов.уз портали орқали жамоатчилик фикр-мулоҳозасини ўрганиш ва таклифларини олиш учун кенг жамоатчилик муҳокамасидан ҳам ўтказилади.
«Ушбу жамоатчилик муҳокамалари (тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари, олимлар, экспертлар ва мутахассисларнинг маслаҳатлари ҳамда тавсиялари) асосида лойиҳа тўлиқ қайта кўриб чиқилади ва тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир этувчи тартиб-таомиллар ва талаблар бартараф этилгандан сўнг лойиҳа Ҳукуматга кўриб чиқиш учун киритилади», – дейилади ССП муносабатида.
Шунингдек, П2П ўтказмаларини назорат қилишга навбатдаги марта уриниб кўраётган Шерзод Кудбиев бошлиқ Солиқ қўмитаси ҳам ушбу ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинишини билдириш билан биргаликда Қўмита «ҳар бир солиқ тўловчининг фикр ва мулоҳазаларини ҳурмат қилишини, сўнгги вақтларда амалиётда ишлаб турган нормаларга бир неча енгилликлар киритилгани бунинг далили эканлигини, шунингдек, бундан кейин ҳам солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш идоранинг муҳим вазифаси бўлиб қолишини» иддао қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter