Мутахассис аллергия борасида хавотирли прогнозни ошкор қилди
Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Илмира Розиқова аллергия борасида муҳим фикрларни билдирди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳозир Ер юзи аҳолисининг 35-40 фоизи аллергиядан азият чекмоқда. Ҳар уч кишидан бири аллергик ринит, ҳар ўнинчи одам бронхиал астмага чалинган.
Бу атроф-муҳит ифлосланиши, кимёвий қўшимчалар ва консервантлар билан бойитилган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли ортиши, дори воситаларини ҳаддан ташқари кўп қабул қилиш, кам харакатлилик, стресс каби омиллар билан боғлиқ.
Энг ёмони, вазият келгусида янада ёмонлашиши мумкин. Жумладан, ЖССТ прогнозига таянсак, 2025 йилга бориб, дунё аҳолисининг тенг ярми аллергик касалликлар билан курашишига тўғри келади. Баъзи ривожланган мамлакатлар эса ҳозирданоқ ушбу чизиққа етиб улгурди.
Ваҳоланки, бундан 50-60 йил аввал аллергик касалликлар сайёрамиз аҳолисининг бор-йўғи 2-3 фоизида учраган. Бироқ кейинги ўн йилнинг ўзида бу дардга чалинган беморлар сони 2 баробар ошди.
Айниқса, глобаллашув жараёни жадал кечаётган АҚШ, Япония, Европа Иттифоқи давлатларида бу борада вазият анча хавотирли.
Қолаверса, коронавирус инсоният бошига тушган оғир синов бўлди. Мазкур хавфли инфекцияга чалинганларни даволашда антибиотиклар, фермент ва гармон препаратлари, витаминлар, қон суюлтирувчи воситалардан кўп миқдорда фойдаланиш аллергик касалликларни авж олдириб юборди.
Оқибатда анафилактик шок, токсикоаллергия, Лайелла ва Стивенс-Джонсон синдроми каби охири ўлим билан якун топадиган аллергик касалликлар кўпайди. Шу сабабли бугун аллергия эпидемияга қиёсланмоқда.
Бундан ташқари, носоғлом турмуш тарзи инсоният саломатлигига жиддий путур етказяпти. Нотўғри овқатланиш — улар орасида энг кенг тарқалган омил. Бу хасталик асосан болалар, хусусан, эмизикли гўдаклар орасида кўп учрайди. Унинг хатарли томони – аллергеннинг кам миқдори ҳам баъзан инсон ҳаётига хавф туғдириши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter