Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нақд тўлаш — пулингизни тежайди

Нақд тўлаш — пулингизни тежайди

Фото: Xabar.uz

Технологиялар ривожланиши натижасида сўнгги йилларда маҳсулотлар ва хизматлар учун тўлов шакллари бутунлай ўзгариб кетди. Қоғоз пул ўрнини карталар, ақлли соатлар ва смартфонлар эгаллаяпти. Кредитни тўлаш (ёки олиш) учун банкка бориш ҳам шартмас.

Хўш, бу онлайн жараёнлар маблағларимиз сарфига қандай таъсир қилмоқда — олимлар шуни аниқлашга уриниб кўришди.

Қизиқ хулосага келинди: қоғоз пуллардан фойдаланганда — пулингиз кўпроқ тежаларкан...

Тадқиқотда давомида 40 йилдан ортиқроқ даврни ўз ичига олган маълумотлар ўрганилди. Жами 71 та тадқиқот таҳлил қилинди. 17 мамлакатдан 11 минг нафардан ортиқ одам тадқиқотга жалб этилди.

Маълум бўлишича, нақд пулсиз тўловларда истеъмол харажатлари, нақд пулга қараганда, анча юқори экан. Бу феномен нақд пулсиз эффект дейилади.

Бошқачароқ айтганда, агарда сиз кредит картаси, дебет картаси ёки «харидни ҳозир қил, пулини кейин тўла» (бўлиб тўлаш) хизмати мижози бўлсангиз, тайинки, нақд пул ишлатганга қараганда, кўпроқ пул сарфлайсиз.

Масалан, 3 млн сўмлик смартфонни бир марта (нақд) тўлаб сотиб олишдан, 5 миллион сўмга бўлиб тўлаш шарти билан харид қилиш жозибали (ёки осон) туюлади. Қолаверса, нақдга харид қилганда бемалол савдолашамиз, нархини туширишга уринамиз.

Нақд тўлаганимизда пулни бевосита ушлаймиз: қоғоз пул ёки тангаларни санаймиз ва бошқа қўлга узатамиз — қанча моддий объектни йўқотаётганимизни яхши ҳис этамиз. Онлайн тўловда эса бунинг акси — пластикдаги пулнинг камайиши чўнтакдаги қоғоз пулнинг камайишидан камроқ сезилади.

P.S. Ҳозир таниш-билишлар ўртасида онлайн қарз олиш ва бериш урфга киргани сир эмас. Осон ва қулай! Дўконда бирон нарсага пулингиз етмай қолса, дарров дўстларингиздан бирига қўнғироқ қиласиз, масала ҳал. Технологияларгача даврда одатда чўнтакка қараб иш кўриларди.

Яна бир томони борки, картадан картага қарз бериб, қайтариб олишга қийналиб юрганлар ҳам талайгина, онлайн пул «юки» ёки масъулияти ҳали қоғоз пул даражасига чиқмагани бунга сабабмикан, ким билсин?..

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг