Навбатдаги “IT-шаҳарча” Фарғонада очилди (видео)

Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли таълимни ривожлантириш маркази бир гуруҳ журналистлар учун Фарғона вилояига пресс-тур ташкил қилди. Бундан мақсад мазкур вилоятнинг Тошлоқ туманида очилган “IT-шаҳарча” билан ОАВ ходимларини яқиндан таништириш эди.
Маълумки, бугунги кунга қадар Сирдарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган “IT-шаҳарча”ларда 1 мингдан ортиқ ўғил-қизлар замонавий IT ва хорижий тилларга ўқитилмоқда. Уларда жами 25 нафар тажрибали ментор фаолият олиб бормоқда. Лойиҳа доирасида 5–11-синф ўқувчилари 3 ой давомида таълим олиб, бошланғич даражадаги IT ва хорижий тиллар бўйича янги биламларни олиш имкониятига эга бўладилар.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йил 15 май куни имзоланган “Ҳудудларда ёшларга рақамли технологиялар ва хорижий тилларни ўрганиш учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган “IT-шаҳарча”лар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор асосида амалга оширилиб келинмоқда. Мазкур ташаббус доирасида Республикамизнинг 13 та ҳудудида 15 та “IT-шаҳарча” фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган бўлиб, лойиҳа инновасион таълим муҳитини шакллантириш, ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш ва глобал IT-бозорида ўз ўрнини топишларига кўмаклашишни мақсад қилган.
Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги “IT-шаҳарча” 2025 йил июнь ойида иш бошлаган эди. Бу ерда ёшларга дастурлаш, график дизайн, 3D принтинг, робототехника ва хорижий тилларни ўқитиш каби ўнга яқин йўналишда билим берилади. Марказ бир вақтда 300 нафар ўқувчини ўқитишга мўлжалланган ва уни йилига 1200 нафар ёш битириб чиқиши мумкин.
Марказда асосий эътибор сифатли билим беришга қаратилган. Шу сабаб ўқувчиларнинг ўрганган билимлари, кўникмалари ва тил ўрганиш натижалари ҳар икки ойда имтиҳон орқали текширилади. Имтиҳонда керакли кўникмага эришганлар кейинги босқичга ўтади, қолганлар эса яна бир нечта босқичда қайта ўқитилади.
“IT-шаҳарча” ўқувчилардан бири журналистларга ўзининг “Ақлли уй” лойиҳасини тақдим этди. Тадбир давомида ўқувчилар уч гуруҳга бўлиниб, 15 дақиқада ҳаракатланувчи машина ясаб, махсус йўлакда ҳаракатга тушириб кўрсатишди. Ғолиблар Рақамли технологиялар вазирлигининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Хадичахон Рихсибоева
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter