«Навоийуран»нинг илк еврооблигациялари Лондон биржасида жойлаштирилди

«Навоийуран» давлат корхонасининг 300 миллион АҚШ долларига тенг биринчи еврооблигациялари Лондон фонд биржасида жойлаштирилди.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, «UzAssets» ҳамда «Навоийуран» давлат корхонаси раҳбариятидан иборат делегациянинг Британияга ташрифи доирасида амалга оширилди.
Эмиссияга бўлган қизиқиш кутилгандан юқори бўлди ва умумий талаб 1,3 миллиарддан ортиқни ташкил этди. Натижада маблағлар пастроқ фоиз ставкаларда жалб этилиб, қимматли қоғозлар 5 йил муддатга 6,7 фоиз даромад билан чиқарилди.
Таъкидлаш жоизки, «Навоийуран» облигациялари Лондон фонд биржасида мамлакатимиз корхона ва ташкилотлари орасида энг паст купон ставкаси билан жойлаштирилган биринчи евробонд бўлди.
Мазкур жараёнда банк-андеррайтер этиб «CITI», «ADCB» ва «Natixis» инвестиция банклари, молиявий маслаҳатчи этиб «Finasia Capitals», ҳуқуқий маслаҳатчи этиб «Dentons» юридик компанияси, ташқи аудитор сифатида эса «Deloitte» ташкилоти танлаб олинди.
Евробондни жойлаштиришдан тушган маблағлар корхонада ишлаб чиқариш қувватини ошириш, транспорт ва технология паркини кенгайтириш, уран захирасини кўпайтириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан қўшма лойиҳалар амалга оширишга йўналтирилади.
Манба: dunyo.info
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter