«Наврўз» сўзи бирорта газетада ёзилмаган йил: тақиқдан БМТ қароригача...
Ижтимоий тармоқдаги баҳсда талаба йигит «Наврўз расман тақиқланганига исботингиз борми?» деб қизишиб кетди.
Бугун 50, 60 ёшдан ошганлар учун бу – эски мавзу, қизиғи ҳам қолмагандир. Лекин, 40 ёшга кираётган ватандошларимиз ҳам аслида нима бўлганини яхши эслай олишмайди. Олийгоҳда ўқиётган йигитча эса Наврўзни нишонлаш тақиқланганига ишонмайди...
Бир газета мисолида
1986-1987 йиллар тарихда Наврўзнинг сўнгги тақиқланиши билан муҳрланиб қолди.
Маълумот тўплаш мақсадида Самарқанд вилоят газетаси «Ленин йўли» (ҳозирги «Зарафшон») тахламларини титкиладим.
70-йилларда ҳам, 80-йиллар бошларида ҳам газетада Наврўз кунлари йирик ҳарфлар билан, энг тепада, газетачилар тили билан айтганда «шапка» да қутлов берилган. Асосан тўртинчи, расмий хабар ва маълумотлардан холи, асосан адабиёт ва санъат, оммабоп мақола ва лавҳаларга мўлжалланган саҳифада Наврўзнинг тарихи, у билан боғлиқ анаъаналар, баҳор таомлари рецептлари, шунингдек, шеър-қўшиқлар, тадбирлардан хабарлар ҳар йили эълон қилинган.
1981 йил 21 март сонида, биринчи саҳифада, «Ленин йўли» деган ёзув тепасида «Наврўз билан келди қутлуғ дўстлик байрами» деб Ўзбекистонда совет адабиёти кунлари ҳам бошлангани таъкидланган. Ўшанда газеталар фақат оқ-қора рангда чиқарди ва «шапка»нинг кўк рангда берилиши ўта камёб ва эътиборга молик ҳолатларда қўлланарди.
1985 йил 22 март сонида ҳам 4-бет «Салом Наврўз, Баҳор элчиси» деган рангли, яхлит сарлавҳа остида қатор материаллар берилган. Тарих фанлари кандидати А.Камоловнинг «Қадимий ва умбрбоқий» мақоласида, «социалистик жамият маънавий бойликларини яратишда бу анъаналардан ижодий фойдаланиш муҳим»лиги ва кейин Владимир Ильич Ленин «ўтмишнинг энг яхши анъаналарини» уқтирганини бугунги ўқувчи ҳазм қилолмаслиги бор гап. Лекин айнан шу мақолада аҳамиятли фактлар келтирилади.
Мақолада Абу Райҳон Берунийнинг «Китобат Тавҳим» ҳамда «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғатит турк», Умар Хайёмнинг «Наврўзнома» асарларидан маълумотлар келтирилган.
Улуғбекнинг тушунтиришлари шундай баён этилган: «Мирзо Улуғбекнинг ёзишича, қуёш маркази эклиптика бўйлаб ҳаракат қилаётганда жанубий ярим шарнинг шимолий ярим шарга ўтаётиб кун тенглиги нуқтаси осмон экваторини кесади. Бу 21 март кунига тўғри келиб, бутун Ер курасида (Қутб атрофлари бундан мустасно) кун ва тун давомийлиги тенглашади».
«Ленинг йўли»да ўша йиллари 21 мартда шунчаки табрик сифатидаги ёзув берилар, Наврўзнинг асосий материаллари 22 март сонида жойлаштириларди. Лекин...
1986 йил 22 март сонида биринчи бетда ҳам Наврўз ҳақида бир оғиз сўз айтилмади. Бош мақола «Интенсивлашнинг бош воситаси», у билан ёнма–ён - «КПСС Марказий Комитети Сиёсий бюросида», кейингилари «Инсон бахт-саодати учун», «Архитекторлар съезди, «Делегация қайтиб келди», саҳифада битта сурат бор – пешқадам токарнинг сурати ...
Бўлмаганда, 4-саҳифанинг ярми Наврўзга ажратилган йиллардагидан фарқли ўлароқ, 1986 йил 22 март сони (бундан кейинги сонларда ҳам) сўнгги саҳифада ҳам, бошқа саҳифаларда ҳам «Наврўз» сўзи бир марта ҳам тилга олинмаган. Биргина гуллаган дарахт сурати тагхатида яшариш ҳақида тўрт қатор шеър ёзилганиниям айтмасак бўлмас. Ўша соннинг дам олиш саҳифасида «Ҳалол меҳнат – элга зийнат» мақоласи, «Шанба, якшанбани қандай ўтказасиз?» рекламасифат эълонлари ўрин олган. Эълондаги «Театрларда томоша қилинг», «Кинотеатрларга марҳамат!», «Стадионлар чорлайди» рукнларида кўрсатилган тадбирларнинг бирортаси Наврўзга алоқадор эмас. «Нафосат гулшани» рукни остида эса Садриддин Айнийнинг «Рамазон ойи» деган ҳажвий шеъри берилган. Шеърдан аввал «Атеистик мавзуда яратилган бу шеър бугунги кунда ҳам ўз актуаллигини йўқотган эмас» деб уқтирилган.
1987 йил Наврўз кунларида ҳам «Ленин йўли»да на Наврўзу ва на Навбаҳор тилга олинмаган. Шу сондан бошлаб «Хотира куни» деган рукн пайдо бўлган.
1988 йилдан бошлаб эса ўтган йиллардаги бўшлиқлар тўлдирилгандек, газетанинг бир неча сонларида ҳар тўрттала саҳифаларда Наврўз, баҳор нафаси уфурди.
Наврўзга тақиқ бошланган йилларда Самарқанд вилоят газетасини таниқли журналист Аҳмаджон Мухторов бошқарган. Жамоанинг салоҳияти, ижодий қуввати республика газеталаридан қолишмаган. Газета саҳифада миллий байрамни асраш борасида фикр айтиш тугул, биргина «Наврўз» сўзини олиб чиқиш ижодкорларнинг қўлида бўлмаганлиги аён гап. Қолаверса, ўшанда республикада чиқаётган 200 га яқин бошқа, жумладан, республика миқёсидаги газеталар ҳам «оқимда сузиш»дан бошқа иложи қолмаган. «Совет Ўзбекистони» газетаси эса 88, 89-йилларда ҳам Наврўз сўзини ишлатмаган.
Ўзи нима бўлган эди?
1986 йил январи сўнгги кунларида бўлиб ўтган Ўзбекистон Компартияси XXI съездида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари И.Б.Усмонхўжаев докладида Наврўз ҳақида аниқ айтилмаса-да, «диний сарқитлар, қолоқ урф-одатлар ва расм-русумлар»ни алоҳида таъкидлаган.
Лекин, айнан Наврўзни диний байрам сифатида тақиқлашга уриниш 1987 йилда Ўзбекистон комфирқасининг 7 мартдаги мажлисида муҳокама бўлгани маълум. Наврўзни йўққа чиқариш ташабусскори сифатида Ўзбекистон компартиясининг мафкура бўйича собиқ котибаси Раъно Абдуллаева номи ҳамон тилга олинади. Муҳокамада Наврўзни 21 мартда эмас, 10 апрелда «Навбаҳор» номи билан кўчат экиш билан боғлиқ совет байрами сифатида нишонлаш таклиф қилинган. Орадан 30 йилдан ортиқроқ вақт ўтиб, ЎзА мухбири Раъно Абдуллаеванинг Наврўз атрофидаги гаплар борасида фикрини олишга эришди.
– Ҳужжатлар асосида гапираман, мен республика идеология секретарларини йиғиб, обком, райкомларнинг мафкура котибларига «кўп давлатларда ажойиб баҳор байрамлари бўлади», дедим. Бизда Наврўз деган баҳор байрами бор, лекин биз уни ўтказмаймиз. Ким қандай ўтказса, секингина ўзи ўтказади, бу умумий халқ байрами бўлмаган. Шу байрамни чиройли қилиб ўтказсак, дедим ёзувчилар олдида. Улар қарсаклар чалиб қабул қилишди. Тўғри, у пайтда фақат фикр бор эди, ҳали қарор йўқ эди. Кейин ҳужжат тайёрлай бошладик, олдинда ҳали 1 йил бор эди. Мен фақат битта масалани қўйдим. Баҳор байрамига қандай ном берамиз, дедим. Наврўз деб қолдирамизми ёки Навбаҳор деб атаймизми, дедим. Кейин мен бу масалани ЦКнинг бюросига қўйдим. Бюрода ўтиришибди, биласизми, у ерда ўтирган эркакларнинг қилган қилиғини кўриб, жаҳлим чиқиб кетади. 1-2 ой ўтгандан кейин ҳамма иш кетаяпти, районларда баҳор байрамига тайёргарлик бўлаяпти. Байрамни қандай безатиш керак, қандай концертлар бўлиб ўтиши керак каби масалаларни кўраяпмиз. 7 март куни мени бюро йиғилишига чақиришди. Энди Нишонов, Салимов бошқа ишга ўтишган. Нишонов Президиум раиси бўлган, Москвадан келган Анишчев 2-секретарь, яна ЦКнинг хўжалик секретари ўтирибди.
«Ўртоқ Раъно Ҳабибовна, ҳамма фаолларни жалб қилиб, қанақадир баҳор байрамини ўтказмоқчи бўлибсиз?» деди Усмонхўжаев. «Мен сиз билан маслаҳатлашиб қилдим ахир шу ишни», дедим. Ҳали қарор чиқарганимизча йўқ. Нишонов бўлса: «Это религиозный праздник, зачем Вы, Раъно Хабибовна, этот вопрос поднимаете?» дейди.
Қизиғи, 1988 йилдан бошлаб Наврўз ҳақида баралла гапириладиган, ёзиладиган даврлар Рафиқ Нишоновнинг раҳбарлигига тўғри келди.
Бугуннинг гапи
Сиёсий шарҳловчи, журналист Шарофиддин Тўлаганов Наврўз ўз вақтида исломий байрам сифатида нишонланган деб ҳисоблайди.
«Чунки совет тузуми халқни диний саводсиз қилиб қўйгани боис ҳам халқ бу байрамни исломий байрам деб ўйлаган. Шундан хулоса қилса бўладики, Наврўз юртимизда ислом дини сақланиб қолишига қисман бўлса-да хизмат қилган. Масалан, дейлик сумалак Биби Фотима онамизга нисбат берилишини эслаб кўрайлик. 1980-йиллар ўрталарида компартия томонидан Наврўзнинг Навбаҳорга айлантирилиши борасидаги оғзаки қарор албатта кулгули». — Журналист Наврўз борасида одамлар орасида ҳамон хато тушунчалар борлигини айтади. — «Яқинда ижтимоий тармоқда ўқиб қолдим, Наврўз зардўштийларнинг байрами деб ёзилибди. Бу мутлақо нотўғри-ку. Наврўз диний байрам бўлмаган. Зардўштийлар табиат байрамини ўзлаштириб олишган бўлишлари мумкин. Аммо диний руҳ беришмаган».
Шарофиддин ака Қозоғистонда туғилиб улғайган. У гувоҳ бўлгани, Қозоғистонда Наврўз ҳеч қачон тақиқланмаган: «Қозоғистонда Навррўз расмий даражага чиқарилмаган, лекин тақиқланмаган ҳам. Биз Наврўзни диний байрам сифатида кўрмаганмиз. Табиат айёми, яхшиликлар, ободонлаштириш байрами деб қараганмиз. Ҳозир ҳам менинг она қишлоғим Турбатда одамлар ҳеч бир кўрсатмаларсиз ўзлари маҳалла-маҳалла бўлиб нишонлайдилар, ҳашар уюштирилади, хаста-беморлардан хабар олинади»
Шарофиддин Тўлагановга кўра, Ўзбекистонда Наврўз номи тиклангандан кейин байрам халқчил бўлган: «Ҳозирда Наврўз асосан расман нишонланади. Лекин айрим жойларда самимий нишонлашга ўтилаяпти. 100 йиллар олдинги каби одамларнинг ўзлари сайлга чиқиб, тўпланиб сумалаклар пиширса, ўйин-кулгу қилса, бева-бечоралардан хабар олса, ҳашар қилса қандай яхши. Ҳеч бир кўрсатмаю, мажлису қарорларсиз!»
Наврўз ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилиши 2009 йилнинг 30 сентябрига тўғри келди. 2010 йилнинг 19 февраль куни эса БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессияси 21 мартни «Халқаро Наврўз куни» сифатида нишонлаш тўғрисидаги қарорни бир овоздан қабул қилди. Қабул қилинган резолюцияда мазкур байрам маданиятлароро мулоқот ва ўзаро тушинишни раҳбатлантириши таъкидланади. Шу тариқа Наврўз бирор бир миллат ёки маданиятнинг байрами сифатида эмас, балки бутун инсоният меросининг бир қисми сифатида нишонланмоқда. БМТ томонидан қабул қилинган қарорга кўра, Наврўз нишонланадиган мамлакатлар байрам билан боғлиқ аньана ва унинг келиб чиқиш тарихини ўрганиб, бу меросни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишлари керак.
Би-Би-Си ўзбек хизмати «Ижтимоий минбар» рукнида «Наврўзни нишонлаш керакми?» деган саволни ўртага ташлади. Байрамга хайрихоҳлар кўпчиликни ташкил этган. Аммо, Наврўз муҳожирликдаги ўзбеклар учун аҳамияти йўқлигини ёзганлар бўлди. Исроилда ишлаётган 10 мингдан ортиқ ўзбеклар эса Ўзбекистоннинг 9 та миллий байрами сирасида Наврўзда ҳам уларга дам олиш куни берилишини билдиришди. Исроилда ватандошларимиз асосан қарияларга боқувчилик қилишади. Маълум бўлишича, байрам куни боқувчи қўшимча дам олишга чиқмаганда, иш берувчи унга қўшимча иш ҳақи тўлашга мажбур.
Ўтган Наврўзлардан бири олдидан Наврўз ва Наврўза исмлари атрофидаги маълумотларни ўргандим. Давлат хизматлари агентлиги берган маълумотга кўра, бу исм сўнгги йилларда кўпроқ қўйила бошланган.
Ёки дейлик, Самарқандда сўнгги 10-15 йилда ҳалиса (ҳалим) тайёрланадиган кафелар пайдо бўлган ва кўпайиб бормоқда. Сумалакпазлик эса ўзига хос тадбиркорлик бўлди.
Ҳар қандай сиёсий жараён одамларнинг шахсий кўринган ҳаёт тарзига таъсир қилиши шунга ўхшаш мисолларда кўринади. Ёзаверсам, мавзуга оид гап кўп. Лекин, байрам дастурхонига ҳаракатни бошлашим керак. Самарқандда Наврўз куни деярли ҳар бир хонадонда ичир-чикири кам бўлмаган тўғрама палов тайёрланади.
Наврўз муборак бўлсин!
Мустаҳкам Тангриёрова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter