Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Непотизмнинг олдини олиш бўйича қонун лойиҳаси тақдим этилди

Непотизмнинг олдини олиш бўйича қонун лойиҳаси тақдим этилди

Иллюстратив фото

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.

Лойиҳада ўзаро яқин қариндош (тўғри шажара) ва қуда-андалар, ён қариндош (ён шажара) ҳамда қариндошлик риштасига эга бўлган бошқа шахсларнинг бир давлат ташкилоти ва унинг тузилмаларида бирга хизмат қилишларининг тақиқланиши (Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси) ва бундай ҳолатлар учун жавобгарлик (Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси) белгилаш таклиф этилмоқда.

Хусусан, ўзаро яқин қариндош (тўғри шажара), қариндош (ён шажара) ёки бошқа қариндошлик муносабатларига эга бўлган, шунингдек қуда-анда бўлган шахсларнинг (катта бобо-бувилар, бобо-бувилар, ота-оналар, ўғил ва қизлар, ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ҳамда шунга ўхшашлар, шунингдек эр-хотинларнинг катта бобо-бувилари, бобо-бувилари, ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), бир давлат ташкилоти ва унинг таркибидаги тузилмаларда бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қилаётганлиги ҳақида иш берувчига маълум қилмаслик:

БҲМнинг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши;

ўзаро яқин қариндош (тўғри шажара), қариндош (ён шажара) ёки бошқа қариндошлик муносабатларига эга бўлган, шунингдек қуда-анда бўлган шахсларнинг бир давлат ташкилоти ва унинг таркибидаги тузилмаларда бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қилаётганлиги иш берувчига маълум бўлган вақтдан бошлаб, ушбу ходимлар ишлаб келган иш (лавозим)га тенг бошқа иш (лавозим)га ўтказиш чораларини кўрмаслик:

БҲМнинг йигирма беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Жамоатчилик муҳокамаси 2021 йил 30 ноябрга қадар давом этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг