Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нетаняҳу яна бир қалтис ишни бошламоқда

Нетаняҳу яна бир қалтис ишни бошламоқда

Фото: Reuters

Жаҳон етакчилари Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Ғазо секторини тўлиқ босиб олиш қарорини кескин қораламоқда. Нетаняҳу маъмуриятининг бу қарорига Исроил мухолифати ҳам қарши чиқмоқда.

8 август куни Исроил хавфсизлик кенгаши Ғазо секторидаги юз минглаб фаластинлик жон сақлаётган Ғазо шаҳрини назоратга олиш ҳақида қарор қабул қилди. Ушбу баҳсли қарор Ғазо шаҳридаги юз минглаб одамни яна мажбурий кўчириш ҳамда бутун Ғазо бўлгасини босиб олишни англатади. 

«The Times of Israel» нашри ёзишича, ҳозирда Исроил армияси Ғазо секторининг 75 фоизини назорат қилмоқда. Яҳудий армияси назоратидан ташқаридаги Ғазо шаҳри ва марказий ҳудудлардаги қочқинлар лагерларида 2,3 аҳолининг катта қисми жон сақлаб турибди. 

Бир неча кун аввал бош вазир Бинямин Нетаняҳу АҚШнинг Fox News телеканалига берган интервьюсида Исроил бутун Ғазо секторини босиб олишни кўзлаётганини очиқлаганди.

Дунё сиёсий етакчилари Нетаняҳунинг бу қарорини кескин танқид қилмоқда.

Таъкидланишича, Ғазо секторининг Исроил армияси томонидан тўлиқ босиб олиниши минтақадаги ўзи шундоқ ҳам оғир гуманитар вазиятни янада оғирлаштиради.

«Исроилнинг Ғазодаги ҳужумларни янада кучайтириш қарори хатодир. Биз бу режани дарҳол қайта кўриб чиқишга чақирамиз.  Бу ҳаракатлар на ўт очишни тўхтатишга, на гаровдагиларни озод қилишга ёрдам беради. Бу қон тўкилишини янада кучайтиради, холос», – деб баёнот берган Буюк Британия бош вазири Кир Стармер.

Инглиз ҳукумати раҳбари ўт очишни тўхтатиш, Ғазога инсонпарварлик кўмагини кўпайтириш ва ҲАМАС ихтиёридаги асирларни озод қилиш лозимлигини таъкидлаган.

Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ҳам Тель-Авивнинг Ғазо секторини тўлиқ босиб олиш режаси юзасидан хавотир билдирган.

Урсула фон дер Ляйенга кўра, Исроил Ғазони босиб олиш режасини қайта кўриб чиқиши керак.  ЕК раҳбари Ғазо секторидаги асирларни озод қилиш, ҳудудга тўсқинликсиз инсонпарварлик кўмаги етказиш ва умуман оташкесимга эришиш лозимлигини ҳам урғулаган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ҳам Исроил раҳбариятининг бу қарорини қоралаган.

«Исроил ҳукуматининг ишғол остидаги Ғазо сектори ҳудудини ҳарбий йўл билан тўлиқ босиб олиш режаси зудлик билан тўхтатилиши керак. Бу Халқаро суд қарорига зиддир. Халқаро суд қарорига мувофиқ, Исроил имкон қадар тезроқ (Фаластин ерлари) оккупациясини тўхтатиши, икки давлат қарори ва фаластинликларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини рўёбга чиқариши керак», – деган олий комиссар.

Германия ҳукумати Ғазо секторида қўлланиши эҳтимоли сабаб Исроилга қурол етказишни вақтинча тўхтатган. Канцлер Фридрих Мерц Ғазодаги тинч аҳоли вакиллари оғир аҳволда қолаётганига эътибор қаратган.

Хитой ҳам Исроилни ушбу «хавфли ҳаракат»ни тўхтатишга даъват қилган. 

«Ғазо сектори Фаластин халқига тегишли ва Фаластин ҳудудининг ажралмас қисми ҳисобланади», – деган Хитой ТИВ вакили.

Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид Нетаняҳу ҳукуматининг ушбу режасини танқид қилган. Унга кўра, бу режа ҳарбий раҳбарият тавсияларига зиддир. 

Айни пайтда Ғазо секторининг 2,3 миллион аҳолиси ҳаётига очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солмоқда.

23 июль куни дунёдаги юздан зиёд гуманитар ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Ғазода оммавий очлик тарқалаётганидан огоҳлантирди.

Исроилдаги икки етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилоти – B'Tselem ҳамда Physicians for Human Rights ҳам Нетаняҳу ҳукуматини фаластинликларга нисбатан геноцид содир этишда айбламоқда.

Ҳисоботда Исроил армияси содир этган жиноятлар, жумладан, минглаб болалар, аёллар ва кексаларнинг ўлдирилиши, мажбурий кўчиришлар, уй ва тураржойларнинг йўқ қилиниши, шифохоналарнинг вайрон этилиши, очарчиликнинг юзага келтирилиши батафсил тасвирланган.

Таҳлилларга қараганда, 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида давом этаётган урушда камида 61158 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.

Аввалроқ Лондон университети ҳузуридаги Ҳоллоуэй қироллик коллежи олимлари Ғазодаги урушда ҳудуд аҳолисининг 4 фоизи ёки 80 мингдан зиёди ўлдирилганини маълум қилганди. Экспертлар «XXI асрдаги бошқа бирор урушда бундай ҳолат кузатилмаган» деган хулосага келган.

Маълумот ўрнида: Исроил парламенти жорий йил 23 июль куни Фаластиннинг яна бир ҳудуди – Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилини ўз ҳудудига қўшиб олиш ҳақида қарор қабул қилганди. Бу қарор ҳам халқаро ҳамжамият, хусусан, Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлиги ташкилоти томонидан кескин қораланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг