Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нетаньяҳунинг чиқиши АҚШ Конгресси обрўсига доғ туширди – Фаҳреттин Алтун

Нетаньяҳунинг чиқиши АҚШ Конгресси обрўсига доғ туширди – Фаҳреттин Алтун

Ҳаагадаги Халқаро маҳкама прокурори томонидан Ғазо секторида қирғин содир этишда айбланиб, қамоққа олиниши талаб этилган Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяҳу 24 июль, чоршанба куни АҚШ Конгрессида маъруза қилди.

Нетаньяҳу қарийб бир соатлик нутқида Ғазо секторидаги қатлиомларни оқлашга уринган.

Исроил Бош вазирининг АҚШ Конгрессидаги чиқиши дунё ОАВси ҳамда сиёсатчилари томонидан турлича қабул қилинди.

«Исроил Бош вазирининг АҚШ Конгрессида қилган нутқи инсон ҳуқуқлари ва демократик қадриятларни ҳимоя қилиш даъвоси билан чиққан бу ташкилот обрўсига катта доғ туширди. Вашингтон уруш жиноятлари содир этаётган сиёсатчини қабул қилиб, дунёга бегуноҳ фуқароларнинг ҳаётига умуман аҳамият бермаслиги ҳақида хабар юбормоқда», – дейди Туркия президенти ҳузуридаги Коммуникация Бошқармаси бошлиғи Фаҳреттин Алтун.

У, шунингдек, АҚШ Конгрессининг Нетаньяҳуга минбар бериб, унинг тарғибот олиб бориши ва америкалик намойишчиларга нисбатан ҳар хил ҳақоратларни айтишига рухсат беришини «шармандалик» деб атайди.

Мавзуга доир: Фаластин тарафдорлари Капитолий (АҚШ)га кириб боришди 

«Newsweek» журнали хабарига кўра, залда ўтирган депутатлардан биргина Рашида Толиб Нетаняҳуга ўзига хос тарзда норозилик билдирган. Асли фаластинлик сиёсатчи яҳудий давлати бош вазирига қарата «Ҳарбий жиноятчи», «Қатлиом айбдори» каби жумлалар ёзилган пешлавҳа кўтариб турган. 

«Айрим америкалик сиёсатчиларнинг сиёсий манфаатлар учун Исроил ҳукумати жиноятларига аралашишлари бутун дунё бўйлаб АҚШнинг шаънига путур етказадиган оқибатларга олиб келади.

Шу ҳолатда ҳам, Нетаньяҳунинг бемаъни нутқига норозилик билдирган ёки унга қарши чиққан биргина АҚШ сиёсатчиси бор эди. Нетаньяҳунинг нутқи нафақат очиқ-ойдин ёлғонларга, балки фаластинликларга нисбатан нафратга ҳам тўла эди. Ишғол қилинаётган бир халқ ҳақида доимо ишлатадиган ноинсоний тил тўлиқ намоён бўлаётган эди. Биз ушбу масхарабозликка қатнашишдан бош тортган америкаликларни табриклаймиз», – деб ёзади Фаҳреттин Алтун АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси аъзоси Рашида Толибнинг хатти-ҳаракатларини олқишлаб.

Мавзуга доир: Конгресс Нетаняҳуни тик оёқда олқишлади. Биргина депутат уни ҳарбий жиноятчи деб қоралади 

Туркиялик расмий, шунингдек, Фаластиндаги қатлиомлар учун АҚШ қурол ва ўқ-дорилар жўнатаётганини ва бу Қўшма Штатларнинг халқаро майдондаги ахлоқий етакчилик ёки қонунийликка бўлган даъвосини пучга чиқаришини таъкидлайди. Шу билан бирга, ҳозирги кунда ёш авлод «Фаластиндаги геноцид ҳақиқатларидан уйғонаётгани», бу эса тўхтовсиз жараён экани ва фаластинликлар эртами-кеч тўлиқ суверенитетга эришиши ҳақиқатда рўй беришини айтади.

«Биз Исроил-Фаластин урушининг адолатли ҳал этилишини қўллаб-қувватловчилар билан яна бир бор бирдамлигимизни билдирамиз. Нетаньяҳу ҳукумати АҚШ Конгрессидаги иттифоқчилари билан бирга бунга қарши чиқса ҳам, биз буни ҳақиқатга айлантириш учун қаттиқ ҳаракат қиламиз.

Дунёнинг виждони – озод Фаластин тарафдори. Этник тозалаш ва геноцидни оқлаб бўлмайди. Исроил сиёсатини танқид қилган ҳар бир кишини антисемитизм деб белгилаш иш бермайди. Бутун дунё Исроил ҳужумларининг ҳақиқатини ва уларнинг бегуноҳ фуқароларга қандай оқибатларини кўрди.

Президент Эрдоған бошчилигидаги Туркия ҳукумати том маънода суверен Фаластин қўшнилари билан ёнма-ён яшайдиган икки давлат ечимини амалга ошириш учун қўлидан келганини қилмоқда. Бу олдини олиш мумкин бўлмаган имкониятдир. Тарихнинг тўғри тарафидан жой олишни истаганлар Нетаньяҳу ҳукуматининг геноцид сиёсатига қарши чиқиши керак. АҚШ сиёсатида ҳисоб-китоб қилиш вақти келди ва бугунги шармандали нутқ тинчликни хоҳлайдиган америкаликлар учун уйғониш чақириғи бўлади, деб умид қиламиз», – дейди Фаҳреттин Алтун.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг