Нима учун Ўзбекистон 1945 йилда БМТга аъзо бўлмаган эди?

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатда кўплаб ютуқларни қўлга киритмоқда. Бундан албатта фахрланамиз. Мамлакатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси туфайлигина халқаро майдонда шу каби ютуқларга эришмоқдамиз. Шу билан бирга дипломатларимизнинг меҳнатларини ҳам тилга олиб ўтмасак адолатдан бўлмайди.
Ўзбек дипломатиясининг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Самарқанддаги Афросиёб музейида “Элчилар хонаси” даги бир неча минг йиллик деворий суратлар шундан далолат беради. Амир Темур даврида Самарқандга келган Клавихо ҳам ўзбек дипломатиясига юқори баҳо берган. 2015 йилда АҚШнинг ўша вақтдаги давлат котиби Жон Керри “БМТ аслида Амир Темур даврида Самарқандда ташкил этилган” дея эътироф этганидан хабаримиз бор.
Ўзбекистон 1924 йил октябрда ташкил этилган бўлишига қарамай, иттифоқдош республиканинг ташқи ишлар вазирлиги орадан 20 йил ўтиб - 1944 йилда ўз фаолиятини бошлайди.
1943 йилда Иккинчи жаҳон урушида туб бурилиш кузатилаётгани боис СССР Олий Совети мамлакатнинг халқаро майдондаги манфаатларини кўзловчи бир қатор қонунларни қабул қилишга киришади. Жумладан, ҳар бир иттифоқдош республикага хорижий давлатлар билан тўғридан тўғри дипломатик алоқа ўрнатиш ҳуқуқини бериш ҳам кўзда тутилади. Олий Совет депутатлари олдида чиқиш қилган Халқ комиссалари Совети раисининг ўринбосари ва ташқи ишлар халқ комиссари Вячеслав Молотов “бу уларнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ривожланиши натижасида содир бўлмоқда”, деди. Унинг фикрича, эндиликда республикалар мавжуд муаммоларни умумиттифоқ идоралари орқали эмас, балки бошқа давлатлар билан бевосита алоқалар орқали ҳал қила оладилар.
Аслида СССР Конституциясига киритилаши кутилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга бу асосий сабаб эмас эди.
Гап урушдан кейин ташкил этилиши кутилаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотида эди. Бунгача, яъни 1943 йил октябрида Москвада СССР, АҚШ ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирларининг конференцияси бўлиб ўтган эди. Унда “халқаро хавфсизлик ва тинчликни қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро ташкилот ташкил этиш” борасида декларация қабул қилинди. Орадан бир ой ўтиб 28 ноябр –1 декабрда Теҳронда уч давлат раҳбари – Иосиф Сталин, Франклин Рузвельт ва Уинстон Черчилль ҳам айни шу масалани муҳокама қилдилар. Янги ташкил қилинадиган ташкилотга қайси давлатлар аъзо бўлиши ҳақида баҳслар пайдо бўлди. Совет Иттифоқи раҳбарлари уруш тугаганидан кейин Бирлашган Миллатлар ташкилоти Ғарб билан рақобат майдонига айланиши мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмас эди. Турли хил ижтимоий-сиёсий тизимларга эга мамлакатлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар ҳали ҳам жуда чуқур эди. Бўлажак халқаро ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳар бири битта овозга эга бўлиши тахмин қилинганлиги сабабли, Кремл СССРнинг ваколатхоналарни кўпайтириш учун барча имкониятларни ишга солишга қарор қилди.
Бунда мантиқ оддий эди: мустақил давлатлар БМТ аъзоси бўлиш мумкинлиги сабаб СССРнинг 15та республикасига мустақиллик атрибутлари – армияга эга бўлиш ва дипломатик идораларни очишга имконият яратиш керак эди. Бу иш 1944 йил бошларида совет парламенти томонидан амалга оширилди.
1944 йилнинг 4 мартида РСФСР, 12 майда Тожикистон ташқи ишлар халқ комиссарлиги тузилди. Ўша йилнинг сентябрида Ўзбекистон Олий Совети республика ташқи ишлар халқ комиссарлигини ташкил қилиш тўғрисида қонун қабул қилди.
Бу “республикалар мустақил ташқи сиёсат олиб боради”, дегани эмас эди. Муҳим қарорлар Москва томонидан қабул қилинарди. Аммо Сталиннинг иттифоқдош республикаларга “мустақиллик” бериш ғояси иш бермади. СССРнинг 16 та республикани БМТга қабул қилиш таклифи Вашингтон ва Лондон томонидан нохуш кутиб олинди. СССРнинг “иттифоқдаш республикалар аҳолиси БМТга кирмоқчи бўлган айрим давлатлар аҳолисидан кўп” деган иддолари ҳам ишонарли чиқмади. Москва “Буюк Британияга тобе бўлишига қарамай Канада ва Янги Зеландия ҳам БМТга аъзо бўлмоқда-ку” деган эътирозлари ҳам тан олинмади. Ҳатто Рузвельт агар СССР республикалари БМТга аъзо бўлса, у холда АҚШнинг ўша вақтдаги 48 штати ҳам БМТ аъзоси бўлишга ҳақли, деди. Баҳслар 1945 йилги Ялта конференциясигача давом этди. Унда совет делегацияси “умумий душманга қарши курашга самарали ҳисса қўшган” Украина ва Беларуссия учун қўшимча иккита ўрин олишга муваффақ бўлди. Ана шу сабаб 1945 йил июнида имзоланган БМТ Уставида УССР ва БССР вакилларнинг имзоси бор. Агар СССР яна бироз қаттиқ турганда фронт ортида жонбозлик кўрсатган Ўзбекистон ҳам БМТ аъзоси бўлиши мумкин эди. Ўзбекистон қолган собиқ совет республикалари қатори СССР парчаланиб, мустақилликни қўлга киритганидан сўнг 1992 йил 2 мартида БМТ аъзоси бўлди.
1946 йил Ўзбекистон ташқи ишлар халқ комиссарлиги Ташқи ишлар вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди. Бир нарсани айтиш керак, ташқи ишлар вазирлиги декоратив тузилма эмас эди. Вазирлик ходимлари “юмшоқ куч” деб аталадиган соҳада катта муваффақиятларга эришдилар. Уларнинг иши шу билан чекланмади. Кўплаб ишларни бажардилар.
Ўзбекистоннинг биринчи ташқи ишлар халқ комиссари этиб республиканинг Москвадаги доимий вакили Ёқуб Алиев бўлди. Айнан у вазирликни оёққа турғазди. Ташқи ишлар вазирлиги расмий равишда таъсирчан – хорижий давлатлар билан шартномалар тузиш ва улар билан дипломатик ва консуллик ваколатхоналарини алмашиш каби ваколатларга эга бўлишига қарамай, аслида ходимлар учун асосий вазифа республикага тез-тез ташриф буюрадиган хорижий делегациялар билан учрашиш ва уларга ҳамроҳлик қилиш эди. Шуни таъкидлаш керакки, ТИВ таркибида вазир билан қўшиб ҳисоблаганда 10га яқин киши ишларди. Вазирлик ҳозирги Туркия элчихонасида жойлашган эди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги биринчи навбатда ривожланаётган мамлакатлар билан мустаҳкам муносабатлар ўрнатган эди. Ўша йилларда Ўзбекистон ривожланаётган мамлакатлар учун социалистик ўзгаришлар туфайли ислом дини ва анъаналар тинч-тотув яшаб келаётган совет Шарқининг ўзига хос "кўзгуси" ролини ўйнади ва кўп жиҳатдан ўрнак бўлди.
Айнан ташқи ишлар вазирлигининг саъй-ҳаракатлари билан республика маданий дипломатияда ўзини кўрсата олди. Жумладан ўзбек дипломатлари ишлаб чиққан режа асосида 1978 йилда Ўзбекистонга афсонавий америкалик боксер Муҳаммад Али ташриф буюрди.
1968- йилдан бошлаб Тошкент Осиё, Африка ва Лотин Америка кино усталарнинг учрашув жойига айланди. Ҳар икки йилда Тошкентда халқаро кинофестиваль ўтказиларди. Шунингдек Тошкентда Осиё ва Африка адибларининг биринчи конференцияси бўлиб ўтди.
Ўзбек дипломатлари хорижда ҳам Ўзбекистон ютуқларини тарғиб қиларди. Мунтазам равишда Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари ўтказиб турилган. Ўзбекистон олий ўқув юртларида минглаб хорижлик талабалар таълим оларди.
Республика халқаро майдонда фаол сиёсий ўйинчи сифатида кўрсата олди. Тўғри, бу фаоллик Москва назорати остида бўларди. Бунда сўзсиз, чорак аср республикани бошқарган Шароф Рашидовнинг хизматлари катта бўлган.
1955 йилда Тошкентга Ҳиндистон бош вазири Жаваҳарлал Неру келди. Шароф Рашидов даврида Ўзбекистонга кўплаб хорижий давлат раҳбарлари, жумладан Покистон, Ҳиндистон, Миср, Куба, Чили раҳбарлари келганини катта авлод вакиллари яхши эслайди.
Ҳатто Финляндия президенти Кекконен келгани бор гап. Шароф Рашидов 1958 йилда СССРга келган Непал қиролига мамлакат бўйлаб сафарига ҳамроҳлик қилган эди.
1961 йилда Кариб инқирози авжига чиққан бир пайтда Кубага борган совет делегациясига Шараф Рашидов раҳбарлик қилганини кўпчилик билмаса керак. 1966 йил январида Тошкентда Ҳиндистон бош вазири Лаъл Баҳодур Шастри ва Покистон Президенти Муҳаммед Айюб Хон ўртасида музокоралар бўлиб ўтди.
Республикамизнинг кўплаб дипломатлари Москвада ишлаб катта тажриба ортирдилар. Шарқ тилларни мукаммал билганликлари боис Осиё ва Африка мамлакатларида СССРнинг Фавқулотда ва Мухтор элчиси лавозимларида фаолият юритишди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари лавозимида ишлаган Анвар Қўчқоров, Нуритдин Мухитдинов, Сарвар Азимов ва Баҳодир Абдураззақов, шунингдек Рафиқ Нишонов узоқ йиллар СССРнинг Иордания, Того, Бенин, Сурия, Бангладеш, Мальдив ва бошқа давлатларда элчилари бўлиб ишлаган.
1977 йилдан 1994 йилга қадар Тошкентда Мўғилистон Халқ Республикасининг Бош консулхонаси фаолият юритган эди. Консулхона ҳозирги Буюк Британия элчихонаси жойлашган бинода фаолият юритган эди. Шу билан бирга ҳозир Индонезия элчихонаси жойлашган бинода Афғонистон бош консулхонаси фаолият олиб борарди. Совет даврида Тошкентда Ҳиндистон консулхонаси ҳам бор эди.
Яна бир нарса: совет даврида Тошкент том маънода халқлар дўстлиги шаҳри сифатида тан олинарди. ТошМИ, Ирригация, Қишлоқ хўжалиги каби институтларида Африка, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ мамлакатлари билан бир қаторда Мўғилистондан келган талабалар ҳам таълим оларди.
Бир сўз билан айтганда, мустақиллик арафасида республикамиз ташқи дунё билан алоқалар ўрнатган, шунингдек, яхши билим ва малакага эга бўлган дипломатик ходимларига эга эди. Айнан улар мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистоннинг янги ташқи ишлар вазирлиги оёққа туришига ёрдам берди.
Шарофиддин Тўлаганов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter