Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ташкил этилади

«Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра:
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети негизида Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ташкил этилади;
Университет республикада педагог кадрлар тайёрлаш бўйича етакчи олий таълим ташкилоти этиб белгиланди.
2025/2026 ўқув йилидан:
- Университетнинг бошқарув тизими «Янги Ўзбекистон» университети тажрибаси асосида тубдан такомиллаштирилади;
- Университетнинг мавжуд 14 та факультети мақбуллаштирилиб, 6 та педагогика олий мактаблари ташкил этилади;
- академик фаолият рақамлаштирилган бошқариш тизими (Learning management system) орқали йўлга қўйилади ҳамда «Олий таълим жараёнларини бошқариш» (HEMIS) ахборот тизими билан интеграция қилинади;
- Университетнинг бакалавриат таълим йўналишларига 1-курсдан халқаро таълим дастурлари босқичма-босқич жорий этилади.
Кеча Давкатив агентлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган «Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўнлаб бино ва иншоотлари сотувга қўйилиши» ҳақидаги хабарга муносабат билдирганди. Унда айтилишича, талабалар ётоқхоналарининг сотилиши бўйича нотўғри талқин қилинган маълумот тарқатилган.
Қайд этилишича, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Тошкент шаҳрининг 8 та ҳудудида фаолият кўрсатиб келяпти ва талабаларга қулайликлар яратиш мақсадида тегишли қарорлар билан университет ўқув бинолари Янги Тошкент шаҳри ҳудудида 40 гектар ер майдонида қурилаётган янги кампусларга кўчирилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter