Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

НОҚОНУНИЙ КОНТЕНТ: бунга қатъий жавобгарлик бор

НОҚОНУНИЙ КОНТЕНТ: бунга қатъий жавобгарлик бор

Рақамли платформалар, ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар бугун ёшлар ўртасида оммалашгани ҳеч кимга сир эмас. Ижтимоий медиада инсонлар ўз касб фаолияти ёки қизиқиши ва тижорий мақсадлар йўлида ўзининг шахсий блогини юритмоқда. Контент тайёрлаш айни кунда замонавий касб даражасига чиқишга ҳам улгурди. Инсонлар учун ўз мақсадларини амалга оширишда ижтимоий тармоқлар орқали контент тайёрлаш энг самарали усуллардан бири ҳисобланади. Фойдаланувчилар тармоқдаги ҳар бир контентнинг мақсади, аҳамияти, манипуляциявий таъсири ва пропаганда аломатларини онгли равишда англаши зарур.

Бугун медиада ноқонуний контентлар сони тобора ортиб бормоқда. Буларга беҳаёлик, зўравонлик, таваккалчиликка асосланган қимор ўйинларини, гиёҳванд моддаларини тарғиб қилиш, тақиқланган диний мазмундаги, диний, ирқий, жинсий адоват уйғотувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш, тегишли рухсатномасиз (лицензия) онлайн тренинг дарслар ўтказиш, психолог хизматларини таклиф қилиш, ёлғон хабарларни (фейк) узатиш ҳамда сунъий интеллект технологияларидан фойданланган ҳолда, шахсларнинг овози ва тасвиридан фойдаланган ҳолда уларнинг номидан видео, фото, аудио материаллар тайёрлаш ва тарқатишни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Мана шундай ҳолатлардан бири ҳақида Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди. Ўзбекистон халқ артисти, “Ялла” гуруҳи яккахон хонандаси Фаррух Зокиров номидан унинг овози, видео тасвиридан фойдаланган ҳолда, видео тарқалган. Видеода Ф.Зокиров интервю давомида куракда турмайдиган сўзлар ишлатиб, беҳаё сўзлардан фойдалангани, тиббиёт ходимларини ҳақорат қилгани акс этган. Шунингдек, турли хилдаги дори воситаларининг реклама қилинганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бир қарашда видео ҳақиқийдек тасаввур уйғотади, шу билан бирга, шахсни обрўсизлантириш, унинг мавқеидан фойдаланиб, номини қоралаш каби жиноят аломатларини кўриш мумкин. 

Ёшлар орасида оммалашган блогерлик, қизиқарли видео олувчи вайнерлар ҳам баъзан тажрибасизлиги ёки илмсизлиги ортидан мана шундай ноқонуний контент тайёрлаб, жиноий ҳамда маъмурий жавобгарликка тортилмоқда. Фуқароларнинг ҳаётига ёки соғлиғига ва атроф-муҳитга зарар етказувчи ёхуд зарар етказиши мумкин бўлган, миллий ва оилавий анъаналар, шунингдек, ахлоқ ва маънавиятнинг умумқабул қилинган нормаларига зид бўлган, очиқ-сочиқ кийинган қизлар иштирокида беҳаёликни тарғиб қилувчи, ҳамда тегишли рухсатномасиз диний мазмундаги видеолари орқали жамоатчилик эътиборига, аниқроқ қилиб айтганда, эътирозига сабаб бўлмоқда.

Амалдаги қонунчилигимизга кўра, ижтимоий тармоқларда туҳмат, ҳақорат, шахсий ҳаётга тажовуз, зарарли ҳамда ёлғон ахборотларни тарқатиш маъмурий жавобгарликка, терроризмни тарғиб қилиш, диний адоват қўзғаш, порнографик материал тарқатиш тегишли тартибда жиноий жавобгарликка, шунингдек, мана шу каби материалларнинг изоҳларида қўллаб-қувватлаш, сақлаш, улашиш, “лайк” босиш ҳам жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади. Қонунни билмаслик эса жавобгарликдан озод қилмайди.

Интернетдан бир фойдаланувчи сифатида ноқонуний контент тарқалишига қарши тезкор чоралар кўриш учун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва бошқа идораларнинг бу борадаги ваколат ва фаолиятларини қайта кўриб чиқиш керак. Бу, ўз навбатида, уларнинг ҳуқуқий механизмларини кучайтириш, Интернетда хавфсиз муҳит яратиш ва инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилишни таъминлашга қаратилган бўлиши керак.

                                Дилшод ФАЙЗУЛЛАЕВ 

    ЎзМУ Журналистика ва ўзбек филологияси    факултети талабаси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг