Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Очиқ мулоқот «ол, чиқ мулоқот»ми?

Очиқ мулоқот «ол, чиқ мулоқот»ми?

Фото:«Movp.ru»

Эшитдингларми... эшитдингларми, ҳоким бувамиз очиқ мулоқот ўтказармиш. Яна Тошкентдан келган ишчи гуруҳи ҳам қатнашади, дейишяпти. Бу байрам устига тўёна дегандек гап. Ўзи очиқ мулоқот деганлари зап нарса чиқди-да. Худди тескари бозорга ўхшайди: олувчи ҳам бор, берувчи ҳам, ҳатто баъзан даллолларни ҳам учратасан. Тескари дейишимнинг сабаби эса, бозорда ҳамма нақдига қараб муомала қилади. Бу ерда эса, киссангда пулинг қанча кам бўлса, шунча кўп нарса олишинг мумкин.

Ўзим уч марта шундай мавридда қатнашдим. Биринчисида, сал тажрибасизроқ эдим, хотинимга тикув машинаси олиб қайтдим. Иккинчи, учинчиларида анча пишиб қолдим. Бирида сигир олиш учун кредит олган бўлсам, биттасида омадим чопиб, жиянимга уй ҳам ундириб келдим.

Ўзингиз айтинг, каттаконлар тилла балиқчадай «тила тилагингни» деб турганида ор-номус қилишга бало борми? Кап-катта эркаклигимга қарамай, «Ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман, хотиним уй бекаси. Чол-кампир бир бўлиб, етти болани оқ ювиб, оқ тараб катта қилдик. Учтаси ўзимники, тўрттаси бевақт қазо қилган акамнинг сағирлари. Ўзимга демайман, боламга демайман. Шу акамнинг кенжа ўғли яқинда уйланди. Давлатимиз шунга оталик қилиб, бир уй берса, акамнинг руҳи чирқилламасмиди? Қўлим калта бўлмагандами...» деб кўзимга ёш олдим. Чунон сўрасанг, сўқир кўздан ҳам ёш чиқади, деганларидай, қолганлар ҳам ғамимга шерик бўлди. Тошкентлик меҳмонларнинг олдида семиришни истаган ҳоким бува ҳам ортиқча гап-сўз қилиб ўтирмади. Мен ҳам раҳмат аралаш ҳокимни Хизрга қиёслаб, мақтовини келтирдим.

Мана, бугун ҳам Текинтомоқ қишлоғидаги мактабнинг фаоллар залида очиқ мулоқот уюштирилаётган экан. Залга кирарканман, тумонат одамни кўриб кўзларим тинди. Одамлар ғўнғиллаётган арига, зал эса ари уясига ўхшайди. Гўё ҳамма азага келгандай тунд қиёфада. Бир чеккада йиғлаётган аёллар румолининг учи билан кўз ёшини суртади. Қулоғи оғир чоллар бир-бирига бақириб, дардини айтади. Кўрган одам бир фалокат бўлиб, Текинтомоқни сел босгану қишлоқ аҳли бор мол-мулкидан айрилиб, нима қиларини билмай ўтирибди, деб ўйлайди.

Мен бу одамларнинг кўпчилигини аввал ҳам кўрганман. Ё мана шундай мулоқотларда, ё бўлмаса, «Халқ дардхонасида» учрашганмиз. Адашмасам, мени ҳам отни қашқасидай танишади. Бирдан ҳамма жим бўлиб қолди. Тик турганлар кетига ўт кетгандай ўтиришга жой излаб, зир югуради. Демак, томоша бошланди...

Аввалига бир аёл ўрнидан турди. Гапни индаллосидан бошлади: «Ўн икки бирдай жон чумоли инидай жойда умргузаронлик қиламиз. Учта овсин, йигирма ёшдан ошган тўртта қайнукамиз бир ҳовлида яшашга қийналяпмиз. Шароитимиз оғир. Эрим иш тополмаяпти. Барча шароитларга эга уйга муҳтожмиз», — дея хомуш тортди.

— Барча шароитга эга уй ҳаммага керак, — деди ҳоким бува мулойим оҳангда. Сўнг келинчакнинг йиғлаб юборишидан қўрқиб, тезда ёнидаги ўринбосарларига топшириқ берди.

Эҳ, келин тушмагур, шу жойида хато қилди. Хўп, ўн икки киши тиқилиб қолдик, дединг, яна тўртта девсифат қайнукам бор дейишга бало бормиди? Айтмайдими, етти бирдай эркак ишласа бўлмайдими, деб. Ундан кейин ҳамма шароити бор уй эмиш. Камтарлик қилиб, арзон уйлардан сўраб қўяверса ҳам бўларди. Ҳоким бува ҳам ёнидаги меҳмонлардан уялиб, чурқ этмади. Бошқа вазият бўлгандами? «Қизим, эрингиз билан тўрт қайнукангизга атлас кийдириб, рақсга туширинг. Уялмайсизми, аёл бошингиз билан бу ерга келиб, уйингизда шунча эркак бор экан»,  деган бўларди.

Сўнг соқоллари селкиллаган бир бобой ўрнидан турди. Кўрган одам шу ҳолига бу кишига бир ярим метрча ердан бошқа нарса керак эмас, деб ўйлайди. Гапни узоқдан, Иккинчи жаҳон урушидан бошлаб қолди ўзиям. Жа устамон, гапни кўзини ўядиган одам экан. Шунча мулоқотларда бўлиб, бунақасини биринчи кўришим. Фақат бир жойида озгина шошма-шошарлик қилди. Нақ икки неварасига тадбиркорлик қилиш учун кредит сўради. Аҳ, чакки қилдингизда бобой. Бу тегирмон ҳам навбати билан деганлар, бугун биттасига кейингисида иккинчисига сўрайверардингиз. Унинг устига неварангизнинг бирини етаклаб келмайсизми, «бизнес ғоям бор», «ватанимга хизмат қилмоқчиман», демайдими, бобонг ўргилсин. Оталарча меҳрибонлик билан катталар айтган пулини бервормайдими-а, нима дедингизлар?!.     

Бу одамдан кейин бир аёл ўрнидан қўзғалди. Боядан бери йиғлашдан ўзини тўхтатолмаётган аёлнинг ўрнидан турганини кўриб, ҳоким бува ҳам унга эътибор қаратди. Аёл турди, аммо ҳали-ҳануз ўзини йиғидан тўхтатолмасди. «Нима демоқчисиз, гапиринг, гапирсангиз-чи, шунча одамнинг вақтини олмай», — дея қистайвергач, индамай ўзини ташқарига урди.

Эшикдан чиқаётгандагина танидим. Орқа кўчадаги Шарофат экан. Битта ўғлининг ақли заиф, бир ўғли эса юролмайди. Шишани кўрса, ичига кириб оладиган эри: «Сен ҳам бутун бола туғасанми, ўзи йўқ. Бу чалаларингга ўзинг қара» деб, ташлаб кетганига икки-уч йил бўлди. Жуда ночор ҳаёт кечиради. Шарофат роль ўйнаши ҳам шартмас. Шунчаки, бошидан ўтганини айтиб берса, олам гулистон эди.

Эҳ, шу аёлнинг ўрнида бўлганимдами, нақ бир ҳовлининг калитини уйга олиб кетардим-а. Яна ўғилларимни тўловсиз имконияти чекланганлар мактабига жойлардим. Ўзимга тикув цехи, ширинликми, ишқилиб, битта цех очтириб олардим, васаллом. Шундай имкониятни ҳавога учирди-я. Ия, Шарофатнинг дарди билан бўлиб, ўзимнинг гапим ёдимдан кўтарилибди-ку. Ҳаялламай, очиқ мулоқот ҳам тугаб қолади. Қўлимни бурнимга тиқиб уйга кириб борманми кейин. Ҳой одамлар, шошманглар, бир оғиз гапим бор, шошманглар...

Ханжарбек

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг