Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Одамларга нима бўлган ўзи?..

Одамларга нима бўлган ўзи?..

Фото: сунъий интеллект

Ҳангома айтишда Анвар Обиджонга етадиган ҳикоячини учратмаганман. Ҳар бир воқеани тандирнинг жун қўшилган лойини пишитгандай тепалаб-ростлаб, «туз-намаги»ни тобига келтириб айтарди. Бир-иккитасини сизларга илингим келди.

Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари Олтиариқ бозорига кираверишдаги супачада бир савдойи одам чоққина кўрпача устида чордона қуриб ўтирар экан-да, бозорга шошилиб кириб кетаётган, бир нимани орқалаб чиқиб кетаётган, бир оз ўтиб яна қайтиб келаётган, йўлакда аравачалари бир-бирига уриниб кетиб сўкинаётган одамларга қараб, мириқиб кулар экан. Болалар уни бир-бирларига: «Бу одам  жинни,  олдига борма, жинни у», деб кўрсатишар экан.

Шу «жинни» ҳамманинг устидан қотиб-қотиб кулар экан: «Ёпирай,  одамларга нима бўлди ўзи? Жинни-пинни бўлганми булар? Ҳой, қаёққа шошасан? Бозор катта холангнинг чорбоғими? Аравангни четга ол. Туртинма. Йўлдан қоч. Ёнингда бир мири йўқ, бозорда бало борми сенга? Анови жиннига қаранглар – ҳозир биттаси бурни ерга теккудек бўлиб кўтариб кирганди шу сабил қопни. Сен қаёққа олиб кетяпсан? Қўй жойига. Бошқа иш йўқми? Тавба, биттаси авраб-авраб сотади, бошқаси лаққа тушиб олади. Ваҳ-ваҳ. Эртага сен сотасан, у лаққа тушади. Ваҳ-ваҳ. Ҳамма бир-бирини алдайди. Алдаб чарчамайди. Бугун хурсанд, эртага ютқизган беданавоздай ичи ўтиб кетади. Ана томоша-ю, мана томоша. Ҳой жинни, бўйнингни чўзмай, келиб ёнимда бир пас ўтир. Бозорнинг зўри шўтта...»

Орадан қанча йил ўтиб кетди. Аммо қаерда, қачон йўлим бозорга тушди дегунча, дарҳол шу савдойи одамни эслайман. Мен уни кўрмаганман, аммо у ҳозир ҳам қаердадир, дарвоза ёнида чордона қуриб ўтириб, қотиб-қотиб кулаётгандай туюлади, «Ҳой жиннилар» деяётгандай бўлади.

Уни бошқа кунлари, бошқа ҳолатларда ҳам эслаб тураман. Аслида ким жинни?

Яна бир ҳикоя

Олтиариқда бир гўрков бўлган экан. Ишини билиб-билиб қиларкан, бировдан тили қисиқ жойи йўқ экан. Аммо бир одати...

Қаерда тўй бўлса, меҳмонлардан сал аввал келиб, бир ўзи дастурхонга ўтириб, ҳамма ўдағайлаб қараб турса ҳам, парво қилмай, шишани шартта очиб, бир нималар деб, ўзи билан ўзи уриштириб, ноз-неъматларни паққос тушириб, қолганини белбоғига тугиб ўрнидан турар экан. Бирор киши «Ҳой ака, дастурхонни ўпирвордингиз-ку...» дегудек бўлса, унга мулойимгина қараб: «Майли, едик-ичдик, энди бизга рухсат, борайлик, иш кўп, улгуриш қийин, биз томонга ўтинг, сизни кутаман-а», дер экан.

Шу гапни эшитмаслик учун гўрковни ҳамма жойда таъзим-тавозе билан кузатиб, сал нарироққа борганидан кейингина бир-бирларига қараб  кулишар  экан...

Бу ҳикояни эшитгач, Анваржонга, ростдан шундай эдими, тўқима эмасми», дегандай тикилиб қарагандим, шоир фикримни  илғаб, ҳикояни янада тўлдирди: «Биз томонларда бир мурдашўй бўларди. Кимдир жиғига тегса, дарҳол ҳужумга ўтиб, «Ҳо акаси, чўмилгингиз кепқолдими, марҳамат, мен тайёрман», дер эди...»

Анвар Обиджон кўп ва хўб ёзди. Аммо қанчадан-қанча ҳикояларни ўзи билан бирга олиб кетди.

Аҳмаджон Мелибоев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг