Оилавий шифокорлар 1,5 минг доллар, ҳамширалар эса 600-800 доллар ойлик оладиган тизим қиламиз – Президент

Президент иштирокидаги бугунги йиғилишда битта туман мисолида 12 мингдан кўп одамга хизмат қиладиган 7 та йирик поликлиника, 27 та кичик поликлиника қайта ташкил қилиниши, тумандаги марказий поликлиника эса туман шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлимига айлантирилиб, у ерда тор соҳа мутахассислари ишлаши ҳақида айтиб ўтилган эди.
Қайд этилишича, бу поликлиникаларда оилавий шифокорнинг базавий ойлиги 500 доллар, ҳамшираники 300 доллар бўлади. Оилавий шифокор ва ҳамшира малака сертификати олса, яна шунча устама тўланади.
Агар улар маҳаллада юриб, сурункали касали борларга вақт ажратса, уларни касаллик билан яшаш ва уни бошқаришга ўргатса, онкологик, диабет, инсульт, инфаркт каби касалликларни эрта аниқлаб, оғир асоратларнинг олдини олса, буларнинг ҳисобига тез ёрдам ва стационарга мурожаатни қисқартирса, шифокорга яна 500 доллар, ҳамширага эса қўшимча 300 доллар берилади.
«Бир сўз билан айтганда, оилавий шифокорлар 1,5 минг доллар, ҳамширалар эса 600-800 доллар ойлик оладиган тизим қиламиз. Бу орқали биз шунчаки ойликни эмас – инсон қадрини оширган бўламиз. Лекин, натижа ҳам шунга яраша бўлиши керак», - деди Президент.
Энди маҳаллада битта бўлса ҳам инфаркт, инсульт, оналар ва болалар эрта ўлими, сурункали касаллик туфайли орттирилган ногиронлик фавқулодда ҳолат деб қабул қилиниши лозимлиги қайд этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter