Беҳаё суратлари эвазига аёлнинг Lacetti ва кўп миқдорда пулини олган шахс ушланди
Тошкентда товламачилик йўли билан ўзига таниш аёлнинг қимматбаҳо буюмлари ва кўп миқдорда пулларини олган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти хабар бермоқда.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг 19 май куни соат 19:00 ларда 25 ёшли А.А. 31 ёшли Х.Г. исмли аёлнинг турли хилдаги беҳаё суратларини интернет ижтимоий тармоқларига қўйиш билан қўрқитиб, Чилонзор тумани «Бешқўрғон» маҳалласида жойлашган автотураргоҳда 1 миллион сўм пулларни товламачилик йўли билан олиб, ҳодиса жойидан яширинаётган вақтида жиноят қидирув бўлими (ЖҚБ) ходимлари томонидан қўлга олинган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида 2020 йилнинг апрель ойидан 2021 йилнинг май ойига қадар А.А. Х.Г.нинг суратларини интернет ижтимоий тармоқларига қўйиш билан қўрқитиб, товламачилик йўли билан нархи 80 миллион сўмлик Lacetti русумли автоуловини ишончнома асосида олганлиги, бундан ташқари жами 14 миллион сўмлик 40 граммли тилла тақинчоқлари, 42 миллион сўм ва 600 АҚШ доллари пулларини товламачилик йўли билан қўлга киритиб келганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» банди (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter