Олий суд ФИБ Фарғона вилоят суди ажримини ўзгартирди. Прокуратура эса...
Сайтимизда «Жиноят бор-у жиноятчи йўқ...» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинганидан хабарингиз бор. Унда бешариқлик тадбиркор Равшанжон Розиқовнинг гаровда бўлган мулкига қўшиб, гаровда бўлмаганлари ҳам (имзоларни қалбакилаштирган ҳолда!) сотиб юборилгани, айни ҳолат сабаб юзага келган низо фуқаролик судларида йиллаб чўзилаётгани ҳақида сўз юритилганди.
Шунингдек, мулкларни аукцион савдосига чиқарилиши жараёнидаги сохтакорлик ва бошқа жиноий ҳолатларда жиноят ҳиди уфуриб турганига қарамай прокуратура органлари «жиноят аломатлари йўқлиги» ни айтишдан чарчашмаётгани ҳам қайд этилган эди.
Айни мақола бўйича ўз манбамиздан иккита ахборот келиб тушди.
Биринчиси. Имзолар қалбакилаштирилгани ва бошқа ҳолатлар юзасидан қўзғатилган жиноят иши навбатдаги бор «ёпилибди». Ажаб... Бу ҳисоб бўйича олтинчиси! Воқеалар ривожи шундай давом этаверса, шундоқ кўриниб турган жиноятни «кўрмасликка» олиб, битта «дело»ни «очиб-ёпаверишда» Фарғона вилоят прокуратураси рекорд ўрнатади, чоғи...
Иккинчиси. Буниси энди хушхабар. Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди аукцион савдо натижаларини, ниҳоят, бекор қилар экан, унинг (аукцион) ғолиби («ғолиб» — бегона эмас, тадбиркорнинг хос жияни!) тўлаган пулларни тадбиркор бўйнига «илиб» қўйгани ёдингизда, а? Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати айни шу мантиқсизликка нуқта қўйди. Яъники, ФИБ Фарғона вилоят суди ажримининг аукцион савдода харидор тўлаган пулни тадбиркор ҳисобидан ундириш қисми бекор қилинди.
Мана энди адолат посангиси тўғриланди. Зеро, ноқонуний равишда сотиб юборилган мулкини қайтариб олиши учун фуқарога молиявий мажбурият юклаш — бу худдики ўз молини қайта сотиб олишга мажбурлашдан бошқа нарса эмасди-да.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter