Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олти ойда 5,6 трлн сўм самарасиз харажатлар қисқартирилди

Олти ойда 5,6 трлн сўм самарасиз харажатлар қисқартирилди

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев 23 июл куни Ҳисоб палатасининг фаолияти ҳамда ижро тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июлдаги “Бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ҳисоб палатасининг иш услуби ўзгарди, унинг ваколатлари кенгайтирилди. Эскича текширувлардан воз кечилиб, молиявий, мувофиқлик, самарадорлик ва стратегик аудит тизими жорий қилинди.

Эндиликда бу палата фақат назорат қилувчи эмас, балки бюджет интизомига кўмаклашувчи ҳамкор идорадир. Шу боис асосий эътибор молиявий интизом бузилишининг олдини олиш, бунинг омилларини таҳлил қилишга қаратилмоқда.

Масалан, бу йил 6 ойда ўтказилган аудит тадбирлари натижасида 5 триллион 600 миллиард сўм самарасиз бюджет харажатлари қисқартирилган, бюджетга 5 триллион сўм қўшимча тушум имконияти аниқланган.

Мамлакатимиз иқтисодиёти изчил ўсиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, молиявий назорат кўлами ва иш ҳажмини ҳам оширади. Буни қамраб олишнинг самарали йўли – рақамлаштириш. Шу мақсадда “Масофавий аудит” ахборот тизими ишга туширилган. Ҳозиргача у орқали 4 триллион сўмлик камчиликлар бартараф этилган.

Тақдимотда энди тизимга сунъий интеллектни жорий қилиб, камчиликларни келтириб чиқараётган омилларни бартараф этиш вазифаси қўйилди.

Ўтган йили 12 та вазирликда молиявий назорат бўйича ташкил қилинган ситуацион марказларнинг кўрсаткичлари қайд этилиб, бу тизим жорий йилда яна 10 та вазирлик ва идорага кенгайтирилиши белгиланди. Шу билан бирга, бюджет ташкилотларида ички аудит ва ички назорат тизимларини такомиллаштириб, Ҳисоб палатаси билан ахборот алмашувини кучайтириш бўйича топшириқ берилди.

Президент фармонига асосан, давлат аудити халқаро стандартлар даражасига чиқарилмоқда. Ҳисоб палатаси ходимлари бир йил давомида халқаро аудиторлар билан биргаликда ишлаб, тажриба тўплади. Натижада ташқи қарз ҳисобидан бўлаётган лойиҳалар халқаро мезонлар асосида аудитдан ўтказилмоқда. Бундай тартибни лойиҳаларнинг илк босқичларидан бошлаш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу йил 16 июнь куни ислоҳотлар натижадорлиги таҳлили бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ҳисоб палатасига “Халқ назорати” платформасини барча ҳудудларда йўлга қўйиш топширилган эди. Тақдимотда мутасаддилар бу борада бошланган ишлар ва зарур чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берди.

Бу тизим орқали қурилиш, инфратузилма, коммунал хизматлар, энергия таъминоти, транспорт, йўл, экология каби соҳалардаги муаммолар бўйича хабар берилади. Уларни ҳал қилиш учун порталга барча вазирлик, идора ва ҳокимликлар уланади.

Ҳозирги кунда бу дастурни сунъий интеллект асосида такомиллаштириш, вертикал назорат тизимини йўлга қўйиш, колл-марказлар ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга ижро интизомини мустаҳкамлаш, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш ва тежамкорликни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг