Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Омадли жентльменлар»даги энг омадсиз актёр

«Омадли жентльменлар»даги энг омадсиз актёр

«Омадли жентльменлар» кинокомедияси ўзбек тилида кўп намойиш қилинган. Фильмнинг айрим лавҳалари Самарқандда суратга олинган. Ундаги актёрлар Евгений Леонов, Георгий Вицин, Савелий Крамаров ҳақида ўқиган ёки эшитгансиз. Аммо фильмдаги яна бир актёр Василий Алибабаевич ролини ўйнаган Раднэр Муратов тақдири қандай кечганини кўпчилик билмаса керак...

Обкомнинг ўғли

Раднэр Муратов 1928 йилнинг 21 октябрида Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург)да татар оиласида туғилган. Унинг отаси Зиннат Муратов Ленинград политехника институти талабаси бўлиб, кейинчалик Татаристон обкомининг биринчи котиби вазифасида ишлади.

1951 йили Раднэр ВГИКни тамомлади. Кинода илк бор 1955 йили суратга тушди. 1988 йилгача давлат киноактёрлар театрида фаолият кўрсатди. Муратовга 1971 йили катта экранларга чиққан «Омадли жентльменлар»  фильмидаги Василий Алибабаевич роли улкан машҳурлик келтирди.

Бу роль унга тасодифан берилган. Дастлаб Василий Алибабаевични Фрунзик Мкртчян («Кавказ асираси»  кинокомедиясидаги Нинанинг тоғаси) ўйнаши керак эди. Аммо Мкртчян бундай «пуч, савиясиз» фильмда роль ижро этишдан бош тортди.

– «Омадли жентльменлар»даги ролим менинг ягона ва охирги омадим бўлди, – деган эди кейинчалик Раднэр Муратов. – Шундан сўнг менга кўз тегдими, билмадим, ишларим ўнгидан келмай қолди. Аввал хотиним ташлаб кетди, кейин ўғлим... Бора-бора менга роль бермай қўйишди. Афтидан, менинг даврим ўтиб бўлганди.

Раднер Муратов ёши ўтган сайин интервью беришни ёқтирмай қолди. Бунинг ўзига яраша сабаби бор эди. Актёрга қўнғироқ қилишса, у шундай жавоб берарди:

– Худо ҳаққи, маъзур тутасиз, менинг сизни кутиб олиш, бирор жойга ўтқазишга имкониятим йўқ. Уйимда биттаям мебель топилмайди. Чой дамлаб берай, десам, қуруқ чой тугаганига ҳам анча бўлган. Ўзим қари, касал одамман. Бир қўлим ишламайди, кўзим ўтмаслашган, уйда зўрға йўл топиб юраман. Сиз эса интервью беринг дейсиз!.. Ёшим нечада эканлигини биласизми ўзи?

Хуллас, ҳар қанча уринишмасин, Муратов интервью беришга рози бўлмасди. Қўнғироқ қилганларга бир хилда жавоб қайтарарди.

Муратов уйини ҳеч қачон йиғиштирмас, газета, китоб ва қоғозлар уйилиб ётарди. Бошқа кишиларга ҳам қўл теккизишга қўймасди. Уйнинг ҳар жойида шу аҳвол. Йўлакни-ку, асти қўяверинг!

Катта пул ютуғи

Кичкиналигида бир куни уларникига кимсан, шахсан Сталин қўнғироқ қилган экан. Раднэрнинг отаси Татаристон обкомининг биринчи котиб бўлиб ишлаётган пайтлар эди. Учрашувларда Муратовнинг ўзи буни қайта-қайта ҳикоя қилиб берарди. Ўшанда гўшакдан Сталин сўрабди:

– Отанг қаерда?

– Колхозга кетган, – шошиб жавоб берибди Раднэр.

– Иш билан шуғулланаётгани яхши, – Сталин шундай деб гўшакни қўйган экан.

Оиласи ҳақида айтадиган бўлсак, Радик Муратовнинг актриса Изольда Извицкая билан турмуши яхши бўлмади. Улар ажрашиб кетдилар.

Актёр ва уни ташлаб кетган актриса Изольда Извицкая

Раднер Муратов ҳар доим «менинг ҳаётим фақат омадсизликдан иборат» , дейишдан чарчамасди. Отчопардаги пойгаларга ҳаддан зиёд қизиқарди. Бир сафар пойгага эгнидаги пальтосини тикиб юборган. Кейин ютқазгач, жалада уйига юпун қайтган.

Муратовни от пойгасига қизиқадиганларнинг аксарияти яхши танийди. Улар ҳам пенсия ёшидаги одамлар эди. Аммо бир сафар Муратов каттагина пул ютди. «Ютган пулимни ютқазишим ҳам керак-ку!»  деб яна ўйнаб, отчопардан шип-шийдам бўлиб уйга жўнади.

У оддий халқ ўтирадиган томошагоҳдан чипта оларди. Казо-казолар орасида ўтиришни ёқтирмасди.

Ҳаётининг маълум босқичида Муратов Нагатинскдаги биз таърифлаган бир хонали уйига кўчиб ўтди. Айнан шу уйда ҳамма лаш-лушлар сочилиб, тўзғиб ётарди. Эшикни олиб, тагига китобларни қўйиб, каравот ясаганди. Йўлакда уюлиб ётган эски газеталарни чиқариб ташлашга эса ҳеч кимга рухсат бермасди.

– Назаримда Раднэр Муратовнинг яшагиси келмаётгандек туюларди, – деб эслайди актёр Александр Вигдуров. – Юбилейига чиройли костюм совға қилишди. Аммо уни бир марта ҳам кийгани йўқ. Эски, увадаси чиққан уст-бошда юраверди. Муратовнинг битта кўзи катаракта касаллигига чалинган эди. Шифокорга кўрсатиши кераклигини айтдим. Аммо у: «Нима кераги бор? Барибир яқинда ўламан-ку!»  деди.

Вақт ўтган сайин Муратовни танимай қолишди. Кексалик ва оғир касаллик актёрнинг қиёфасини буткул ўзгартириб юборган эди. Фақат яқин қўшниларигина танишарди. Улар Муратовга ёрдамлари тегиши учун меҳмонга таклиф қилишарди. Аммо кекса актёр камдан-кам ҳолларда бунга рози бўларди.

– Муратов кўпинча яримта нон, эритилган пишлоқ ва бир шиша маъданли сув сотиб олар, бу унга бемалол етарди, – дея хотирлайди Муратовнинг дўстларидан бири А.Протасенко. – Шифохонада ётганида мен Раднэрга ана шу егуликларни олиб бордим. Олади, деб ўйлагандим, рад этди.

Муратов уйида бўлганида ҳеч қачон овқат пиширмаган. Бир сафар у қайсидир ошхонада овқатланишини айтиб қолди. Актёр чучвараларни яхши кўрарди. Ошпаз аёл қанча овқат берса ҳам кекса актёрдан арзимаган пул оларкан. Муратовни таниб, унга ёрдам беришга интиларди.

Соғинч ва хўрлик

Бир куни Раднэр Муратов киномайдонига бир чақаям пулсиз келди. Актёрлар унга ёрдам кўрсатмоқчи бўлганларида кескин бош тортди. Пул берганларида олмади. Хуллас, Муратов ошхона ёпилгунича кутди. Ошпазлардан бири раҳми келиб, бошқа хўрандалардан қолган сарқит овқатни унга чиқариб берди. Бу сарқит шунчалик кўп эканки, актёр уйига ҳам олиб кетди. Бора-бора Муратов байрамларда ўша аёлга янги узилган гуллар келтирадиган бўлди. Гулларни қаердан олаётганини ҳеч ким билмасди.

Дарвоқе, Раднэр Муратов ошхонага кирганида биринчисига – шилдираган карам шўрва, иккинчисига – устига «қоғоз» котлет қўйилган картошка бўтқаси (ичида бутун-бутун бўлаклари ҳам бўларди) унинг учун шоҳона таом эди.

Пенсиядаги Елизавета Иосифовна Муратовдан оиласи ҳақида сўраганида у шундай деган:

– Мен ниҳоятда омадсиз одамман. Ўзимнинг айбим туфайли хотинимни йўқотдим. Энди эса ёшим анчага бориб қолди. Ҳеч кимга ортиқча юк бўлишни истамайман... Ҳаёт тугаб бормоқда, ҳаммасини қайтадан бошлаб нима қиламан?..

Муратов овқатланадиган ошхонада яна бир неча таниқли актёрлар ҳам оватланишарди. У ёлғиз эмасди.

Раднэр Муратов билан битта подъездда яшаган қўшни аёл шундай эслайди:

– Муратов эътиборли одам эди. Кўча-кўйда учрашиб қолсак, эрим, бола-чақамни албатта суриштирарди. Бир куни унинг уйига нимадир сўраб чиқдим. Эшикни очганида кўзларидан ёш оқарди. Бурнини тортиб, енги билан кўз ёшларини артиб-артиб қўйди.

– Бирор гап бўлдими? – деб сўрадим ташвишланиб.

– «Омадли жентльменлар»ни кўраётгандим, кулгидан кўзларимдан ёш чиқиб кетди, – деди у.

Аслида нигоҳидан Муратовнинг хўрлиги келаётгани кўриниб турарди. У ўта таъсирчан одам эди...

Бора-бора касалликлар ўз таъсирини ўтказа бошлади. Муратов бирор тадбирда иштирок этадиган бўлса, гаплари тушунарсиз чиқарди. Шу боис гапини тугатмасдан тўхтатишга тўғри келган.

Милиция, руҳий касалхона ва ўлим

– Муратов билан «Юморина»  дастурида бирга чиқардик, – хотирлайди Аркадий Инин. – Бирортамиз унинг жиддий касал эканини билмасдик. Бир куни саҳнага чиққанида айтадиган сўзларини унутиб, алламбалоларни гапира бошлади. Бунинг устига у ҳеч кимни танимай қолди. «Радик, Радик, кўзларингни каттароқ оч, бу бизмиз»! – десак ҳам танимади. Муратовни бир амаллаб саҳнадан етаклаб олиб чиқиб кетдик. Ўшандагина унинг жиддий касаллигини билганмиз. Кейин концертларда камдан-кам кўринадиган бўлиб қолди.

Мазкур воқеадан тўрт йил аввал Муратов инсультни бошидан ўтказганди. Шундан сўнг унда «Альцгеймер» касаллиги ривожлана бошлади. Шифокорларнинг айтишича, бундай хасталикка чалинган одамнинг хотираси ва ақлига жиддий шикаст етади.

– Раднэрга ачиниб кетардим, – дейди Аркадий Инин. – У уйидан чиқиб, қаёққа кетаётганини унутиб қўяр ёки кўчага икки хил пойафзалда юрарди. Раднэр билан суҳбатлашишдан ҳам наф йўқ эди. Деярли ҳеч нимани эслай олмас, ҳеч кимни танимасди. Онда-сонда курсдошлари ёдига тушиб қоларди, холос.

Бир куни Муратовни Преображенск майдонида милиция ходимлари тўхтатишди. Раднэр Муратов уларга ўзининг уй манзилини айтиб беролмади. Бу ҳам етмагандай, исм-шарифини ҳам унутиб қўйганди. Муратовни дайди деб ўйлаб, руҳий беморлар шифохонасига жўнатдилар. Яхшиям у ерда таниб қолиб, ўғлига қўнғироқ қилишди. Ўғли эса отасини 13-руҳий касаллар шифохонасига ўтказди. Муратовга мияда қон айланишининг кучли бузилиши, томирлар деменцияси ташхиси қўйилди.

– Раднэр Муратов унутиб қўйишдан азоб чекарди, – дейди уни даволаган шифокорлар. – Декабрнинг бошларида эса иккинчи инсультни бошидан ўтказди. Шундан сўнг Муратовни 68-шифохонага кўчиришди.

Кекса актёр у ерда тўрт кун кома ҳолатида бўлди. Кейин эса ҳушига келмай, 2004 йилнинг 10 декабрь куни 76 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

Муратовга шифохонанинг кичкина залида жаноза ўқилди. Дафн маросимида ўн беш киши қатнашди. Бироқ улар орасида биттаям ҳамкасблари йўқ эди...

Сирасини айтганда, Раднэр Муратов ҳаётга ютқазиб қўйган ва одамлар бунинг учун уни кечира олмагандилар.

Акбар Фатҳуллаев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг