«Омадсиз» Ҳусанов
Абдуқодир Ҳусанов — Англия кубогини қўлга киритган илк ўзбекистонлик. 2026 йил 16 май.
Сомерсет Моэмнинг «Черков хизматчиси» ҳикоясида Алберт Форман исмли қаҳрамон 16 йил давомида черковда сидқидилдан хизмат қилади.
Аммо кунларнинг бирида янги тайинланган руҳоний унинг ўқиш ва ёзишни билмаслигини, яъни мутлақо саводсизлигини аниқлаб, уни шартта ишдан бўшатади. Хўрланган ва ғамгин ҳолда кўча айланиб юрган Алберт тамаки сотиб олмоқчи бўлади, лекин шу атрофда бирорта ҳам тамаки дўкони йўқлигини пайқайди. Шу заҳоти унинг калласига ажойиб ғоя келади: у ўша ерда кичик тамаки дўкончаси очади.
Ишлари шу қадар юришиб кетадики, орадан йиллар ўтиб, у Лондонда ўнлаб дўконларга эга бўлган йирик, миллионер тадбиркорга айланади. Бир куни банк бошқарувчиси муҳим ҳужжатларга имзо қўйишни сўраганда, Алберт ўзининг саводсизлигини тан олади. Банкчи ҳайратдан ёқа ушлаб: «Агар саводли бўлганингизда, ҳозир ким бўлардингиз-а, Алберт?» деб сўрайди. Миллионер эса жилмайиб: «Агар саводим бўлганида, ҳозир ҳам Сент-Питер черковида оддий хизматчи бўлиб юрган бўлардим», дея жавоб беради.
Бу мумтоз қаҳрамоннинг қисмати бугун ўзбек футболининг порлоқ юлдузи Абдуқодир Ҳусановнинг ҳаётий эртагини ёдга солади. Бир пайтлар маҳаллий «Бунёдкор» клубининг асосий таркибига кира олмай, «эҳтиёждан ташқари» деб ҳисобланган ушбу «омадсиз» футболчи бугунги кунга келиб сайёрамизнинг энг кучли клубларидан бири — Англиянинг «Манчестер Сити» жамоасида тўп сурмоқда.
2031 йилга қадар узайтирилган шартномага кўра, Абдуқодир йилига 7,5 миллион евро маош олмоқда. Бу ойига тахминан 625 000 евро, ҳафтасига 144 000 евро, кунига эса қарийб 20 500 евродан кўпроқ маблағ деганидир.
Таққослаш учун: «Бунёдкор» клубининг ўртача футболчиси ойига тахминан 25 миллион сўм маош олади. Демак, бугунги кунда трансфер баҳоси 50 миллион еврога баҳоланиб, Осиёнинг энг қимматбаҳо ҳимоячиси сифатида эътироф этилаётган Ҳусанов ўзининг собиқ жамоадошларидан нақд 340 марта кўпроқ даромад қилади.
Абдуқодир ўз вақтида «Бунёдкор»нинг асосий таркибига кирганида, балки ҳозир ҳам маҳаллий чемпионатимизда ўртамиёна ўйин кўрсатиб, ўзи ўрганган ва мослашган «комфорт зонаси»да юрган бўлармиди, худди саводи бўлганида черковдан нарига ўта олмаган Алберт Форман каби.
Шу боис, ҳаёт сизни ўзингиз ўрганган, иссиққина жойингиздан суриб чиқарса, синовлар билан сийласа, асло хафа бўлманг ва тушкунликка берилманг. Зеро, сиз учун битта эшикнинг занжирланиб ёпилиши — орқада ундан ўн чандон улканроқ, порлоқроқ уфқлар ва имкониятлар дарвозаси очилаётганининг белгисидир. Муҳими — тўхтамаслик, мақсад сари интилиш ва ўз «тамаки дўкони»нгизни, ўз «Манчестер Сити»нгизни топа олишдир.
P.S. Дарвоқе, бугун «МанСити» «Брайтон»га қарши ўйнайди. «Омадсиз» Ҳусановга омад тилаймиз!


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter