Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Онлайн репетитор билан уйда дарс қиламиз

Онлайн репетитор билан уйда дарс қиламиз

Скриншот

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида барча олий таълим, халқ таълими, мактабгача таълим ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар тасарруфидаги таълим муассасалари талабалари, ўқувчилари ва тарбияланувчилари учун 2020 йил 16 март кунидан уч ҳафта муддатга таътил (карантин) эълон қилинди.

Ўқувчиларнинг карантин сабабли мактабга боролмай, дарслардан қолиб кетишининг олдини олиш мақсадида онлайн дарслар ишлаб чиқилиб, телевидение, ижтимоий тармоқлар, махсус ишлаб чиқилган иловалар, дастурлар ёрдамида ўқувчиларга етказиш йўлга қўйилди. Шу сабабдан Ўзбекистон радиотехника, электроника ва алоқа илмий-техник жамияти (РЭАИТЖ) мактаб ўқувчиларининг таътил даврида ва келгусида ҳам ўз билимини мустаҳкамлаш, дарсларни ўзлаштиришини мониторинг қилиб боришини таъминлай оладиган тизим ишлаб чиқди.

Бунда ўқувчида мактаб дарсликларидан четлашмаган ҳолда, мавзулаштирилган дарсларнинг видео ҳамда матн ресурслари тайёрланди. Ўқувчилар нафақат дарсларни ўрганадилар, балки ўрганганларини синов топшириқлари ёрдамида текшириб борадилар.

Камчиликларини тўлдириш учун тизимнинг ўзи ёрдам беришга ҳаракат қилади. Қийналган масалаларига ечиш усулини таклиф қилади.

Қуйида ушбу Онлайн репетитор ўқитиш тизимининг веб-сайтидан тизимдан қандай фойдаланиш батафсил кўрсатиб берилган.

Сайтдан фойдаланиш учун қўлланма

Веб-сайт http://wstudy.uz/ доменида ишламоқда.

Сайтга ташриф буюрувчилар, агар тизимдан рўйхатдан ўтмаган бўлса, аввал рўйхатдан ўтиши керак.

Бўш майдонлар тўлдирилиб, регистрация тугмаси босилади.

Рўйхатдан аввал ўтган фойдаланувчи шунчаки логин ва паролни териш орқали тизимга киради.

Юқоридаги амаллар муваффақиятли бажарилгандан сўнг ўқувчига тизимнинг имкониятларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Онлайн дарсларни томоша қилиш.

Курслар бўлимида учта фан математика, физика ҳамда инглиз тили фанлари учун курслар тайёрланган, ҳозирда математика фани учун видеодарслар тўлиқ шакл мактаб дарсликлари мавзуларидан четланмаган ҳолда тайёрланган, физика ҳамда ингилиз тили фанларининг видеодарслари монтаж жараёнида бўлиб, тез кунларда уларни ҳам ўқувчиларга ҳавола этамиз.

Видеодарсларни қуйидаги тартибда томоша қилиш мумкин:

Менюдан Курслар бўлими танланади:

Керакли курс танланади, масалан, математика.

Кейинги ойнада танланган курснинг мавзулари рўйхати очилади. Керакли мавзу танлангандан сўнг тайёрланган видеодарс, матн конспекти ҳамда мавзу бўйича синов саволлари берилади.

  

Ўқувчи дарсни диққат билан ўрганади ҳамда синов саволларини ишлаб чиқади. Агар синов саволига ўқувчининг берган жавоби нотўғри ҳисобланса тўғри жавоб кўрсатилиб, ушбу саволнинг ечими келтирилади. Бу эса ўқувчининг келгусида шунга ўхшаган саволларга тўғри жавоб топишида ёрдам беради.

Ўқувчи ўрганган дарси бўйича синов тестларини ишлаб, ўзлашлаштириш кўрсаткичини билиб боради. Ҳар бир мавзунинг ўқувчи томонидан ўзлаштирилганлик даражаси кўрсатиб борилади.

Ўқувчи берилган масаланинг жавобини билмаса ёки танлаган жавоби хато бўлса шу масаланинг ишланиш усули кўрсатилади.

Агар ўқувчи фоиз кўрсаткичини оширмоқчи бўлса, ушбу мавзуни такроран ўрганиб, масалаларга тўғри жавоб топиши талаб этилади.

Бундан ташқари, ўқувчилар юқорида келтирилган уч фан бўйича блок тестларни ишлаб, билимларини текширишлари мумкин.

Бунинг учун асосий менюдан Тест ечиш бўлими танланади.

Ҳар бир фан учун 30 тадан жами 90 та тест саволи генерация қилиб берилади. Бошлаш тугмаси босилганда тест ечиш учун старт берилади. Тест ечиш учун 180 дақиқа ажратилади. Ажратилган вақт тугаганда ёки тест ечиш жараёни ўқувчи томонидан якунланганда тестлар тизим томонидан текширилади ва ҳар бир фаннинг натижалари кўрсатилади.

Ўқувчининг ҳар бир тест натижалари сақланиб борилади ва ўзининг шахсий кабинетида натижалар тарихини кўриши мумкин.

Муҳсин Муҳитдинов,
РЭАИТЖ раиси ўринбосари,

Абдумажид Акрамов,
РЭАИТЖ илмий ходими

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг