Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўрмон хўжаликларига ёнғинга қарши махсус техникалар топширилди

Ўрмон хўжаликларига ёнғинга қарши махсус техникалар топширилди

Пойтахтимизда Экология вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳудудий давлат ўрмон хўжаликларига ёнғинга қарши курашиш учун махсус техникалар топширилди. Тадбирда Агентлик масъуллари, ўрмон хўжаликлари ходимлари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида Агентлик директори маслаҳатчиси Исматулла Дўстмуродов сўзга чиқиб, ушбу техникаларнинг ўрмонларни муҳофаза қилиш, табиий бойликларни асраб-авайлаш ҳамда ёнғин хавфини камайтиришдаги ўрни ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, Агентлик бўлим бошлиғи Сангин Мадаминов иштирокчиларга техникалардан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берди.

Маълумки, охирги йилларда бутун дунёда иқлим ўзгариши ва қурғоқчилик туфайли ўрмонларда ёнғин хавфи янада ортиб бормоқда. Шу боис, ўрмон хўжаликларини ёнғинга қарши курашиш бўйича зарур техник воситалар билан таъминлаш долзарб масалага айланган.

Тадбир давомида 40 га яқин ҳудудий ўрмон хўжаликларига 250 дона мотопомпа, 250 дона механик сув пуркагич ва 200 дона бензинли сув пуркагич – махсус техник воситалари топширилди. Эндиликда ушбу воситалар ёрдамида ўрмон хўжаликлари ходимлари ёнғинларнинг олдини олиш ва уни тезкорлик билан бартараф этиш имконига эга бўлади.

Маълумот ўрнида, жами қиймати қарийб 90 минг АҚШ долларига тенг бўлган ушбу ёнғинга қарши курашиш махсус техникалари Ўрмон агентлиги ва Жаҳон банки томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш” лойиҳаси доирасида харид қилинган. Бундан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишнинг олдини олиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва ёнғин хавфини камайтиришдан иборат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг