Осмондаги изтироб ёхуд чигал тақдирнинг ягона қурбони (фильмдан кейинги ўйлар)
Куни кеча Кинематография агентлиги буюртмаси асосида “SHB” студияси томонидан суратга олинган “Осмони фалакларда: Авиапарвознинг ягона қурбони” номли бадиий фильмнинг тақдимот маросимида иштирок этар эканман, ёшлик даврларим эсга тушиб кетди. Тадбирда иштирок этган зиёлиларни кўриб “Панорама”нинг шукуҳи яна қайтгандек туюлди.
Энди бевосита мазкур фильм ҳақида тўхталадиган бўлсам, фильм чуқур драматик сюжети билан ажралиб туради. Унда инсон тақдири, руҳий кечинмалари акс этган. Асарда акс этган воқеалар томошабинни теран мушоҳада қилишга ундайди. Ўзбек киносида айтилмаган сўзлар айтилди.
Искандарлик Искандар (актёр Мердан Матвелиев) учувчиликка қизиқади. Ригадаги учувчилар институтига кириш учун инглиз тилини ўрганади. Ўқиш давомида ўзидан олти ёш катта репититори Садаф (Юлдуз Ражабова)ни севиб қолади. Уларнинг севгиси жуда ажойиб тасвирланади. Бу образлар орқали инсоний туйғулар, фидойилик ва синовларга бардошлилик ифода этилган.
Тақдир экан Садаф бошқа йигитга турмушга чиқади. Аммо Искандар барибир унга бўлган муҳаббатдан воз кечмайди. Садафнинг қатъий туриши туфайли Искандар уйланишга мажбур бўлади. Аммо бир ҳафта мабойнида чимилдиқда ҳеч нарса бўлмайди. Ана шу вазият кинода жуда ўзбекона ва ишонарли намоён қилинган. Аслида ҳаётда ҳам шундайку, юрагингиз бошқа инсон деб турса “қалбимда бир ёр, қўйнимда бир ёр” қўшиғини хиргойи қилишдан бошқа чора бўлмайди. Шунда Яхшигул “мен сизни тушунаман” дейди. Ана шундан кейингина Искандар куёвлик вазифасини бажаради. Орадан тўққиз ой ўтиб улар қиз фарзандлик бўлишади. Яхшигул (афсус актрисанинг исми шарифини билолмадим) кадрларда тўрт марта, шунда ҳам ҳаммасини ҳисоблаганда узоғи билан уч дақиқа кўриниш беради. Агарда мендан “энг зўр роль ижрочиси ким?” деб сўрашадиган бўлса, Искандар, Садаф ролларини ижрочиларини асло камситмаган ҳолда, “Яхшигул” деб жавоб берган бўлардим. Биринчи марта чимилдиқда ишонч ва меҳр билан “мен сизни тушунаман”, дейди. Мана шу биргина сўз йигитга ишонч беради ва юзи ёруғ бўлади. Иккинчи марта туғуруқхонада эрига садоқатли ёр ва меҳрибон она сифатида намоён бўлади. Учинчи кўринишда бир оғиз сўз айтмайди. Бемор фарзандини кўтариб “Тез ёрдам” машинасига ўтиради. Тўртинчи кўринишда онаси билан хайрлашиб, хотинига “хайр” дейишни ўзига эп кўрмаган Искандар ортидан деразадан қараб қолади. Яхшигул ҳатти-ҳаракатларини таҳлил қилар эканман, беихтиёр “Туркманфильм”нинг “Келин”идаги бир оғиз сўз айтмайдиган келин эсимда тушиб кетди.
Искандар бахтли ҳаёт кечираётганида кутилмаганда самолётда Садафни учратиб қолади. Оилага хиёнат аралашади. Энди у Яхшигулга бефарқ бўла бошлайди. Яхшигул буни сезади. Аммо индамайди. Асар муаллифининг ҳам, фильмнинг ҳам ютуғи шунда.
Бир куни Садаф Искандардан “Қизингнинг исми нима?” деб сўрайди. “Садаф” деган жавобни эшитгач “кимга ўхшайди” дейди. “Сенга” дейди Искандар. “Нима генетикада янгилик яратдингми?” дейди Садаф. Шу савол-жавобларни тинглар эканман, Альберто Моравианинг “Римлик аёл”идаги бош қаҳрамон бўлмиш фоҳиша аёл Адриана ёдимга тушди. Унинг ғирт безоридан туғилган ўғли севган йигити фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган Джакомога ўхшаб кетади.
Фильмда гўёки севгисига садоқатли бўлган Искандарнинг, Искандарни оиласига хиёнат қилишга мажбур қилгани учун ўзини айбдор деб ҳисоблайдиган Садафнинг ички ҳиссиётлари очиб берилган. Айбини ювиш учун Садаф Искандарга ҳам хиёнат қилиш саҳнасини ташкиллаштиради. Аммо бу саҳна ҳаммага қимматга тушади. Садафнинг уйида унинг “жазмани”ни калтаклаган Искандар самолётни бошқаради. Аслида бу каби вазиятларда учувчилар самолётни бошқариши мумкин эмас. Чунки, руҳан чарчаган учувчилар айби билан фожеали ҳалокат содир бўлиши эҳтимоли бор. Фильмда бу жиҳат эътиборга олинган. Самолёт штурвалига ўтирган Искандар 220 нафар йўловчининг айби йўқлигини, жазога фақат биргина ўзи лойиқлигини айтиб илтижо қилади. Унинг бу илтижоларини тинглаб, беихтиёр бемор ўғли Акбар ёнида турган шоҳ Бобурнинг “менинг жонимни ол, фарзандимни омон қолдир”, деган илтижолари ёдимизга тушади. Искандарнинг гапларини эшитиб фильм нима сабабдан “Осмони фалакларда: Авиапарвознинг ягона қурбони” деб номланганини англаймиз. Фильмнинг сўнги дақиқалари ўта таъсирли. Биринчи стюрдессанинг “кема командири....” дея бошқа гапира олмагани, ўзини тута билган иккинчи стюрдесса унинг гапини давом эттиргани ишонарли чиққан.
Фильм Истанбул аэропортига қўнган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси самолёти тагига “Тез ёрдам” машинаси келиши билан тугайди.
Мана шунда беихтиёр кўз олдингизга Яхшигул келади. Эрининг ўлимида унинг заррача айби йўқлиги кўнглингизни хотиржам қилади.
“Осмони фалакларда: Авиапарвознинг ягона қурбони” фильми нафақат кино ихлосмандлари, балки кенг жамоатчилик учун ҳам чуқур таъсир уйғотувчи, ўйга чорловчи ва илҳом бахш этувчи асар сифатида эътироф этилмоқда.
Тадбир якунида дўстлардан бири “фильмнинг иккинчи бўлими “Осмони фалакларда: Осмон қироли” ининг тақдимоти қачон бўлади?” деб сўради. Мен, ўзимча билағонлик қилиб, “21 июнда” деб юбордим. “Нимага, 21 июнда?”
“Чунки, Хайриддин Султоновнинг “Ялдо кечаси” асари тақдимоти табиатдаги энг узун тун — 21 декабрда, бу фильм тақдимоти эса баҳорги тенг кунлик 21 мартда бўлди. 21 июнь эса энг узун кун. 21 сентябрдаги кузги тенг кунликда ҳам биз учун кутилмаган совға бўлади”, дедим ишонч билан.
Аммо фильм режиссёр Жаҳонгир Қосимов журналистларга берган интерьюсида тақдимот 7 майга белгиланганини айтди.
Шарофиддин Тўлаганов


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter