Осмондаги қувноқ шарлар ортидаги қайғули воқеалар ёхуд байрамларда шар учиришни тўхтатинг
Таниқли блогер Жаҳонгир Хўжаев Ашхободда эртага бўладиган тантанани эслатаркан, 20 минг шар ҳавога қўйиб юборилишини эълон қилди. Ҳа ўша байраму тантаналаримизда аллақачон безак культига айланган оддий болалар эрмаги ҳисобланган шар. Аммо биз учун рангли, кўзни қувнатадиган, енгилгина шарнинг табиатга қанчадан қанча оғирликлар келтиришини, зарарини ҳали кўпчилик тушуниб етмади.
«Шоу бизнес вакилларимиз пул ишлаш учун ҳамма нарсага тайёр. Қўпол қилиб айтганда эртага табиатга зарар етадими, учирган шарлардан ҳайвону қушлар ўлиб кетадими, фарқи йўқ, пул бўлса бўлди. Уч кун давом этадиган байрам арафасида Ашхобод чархпалагидан 20 мингта шарни ташлашар экан. Ёпиқ бино бўлса ҳам майли, уларни йиғиштириб олиш мумкин, аммо у очиқ жой. Шарлар бир пасда учиб кетиб, юзлаб чақирим жойни ифлослантиради. Шарлар пластик ва латекс аралашмасидан тайёрланади, улар парчаланмайди. Бир дақиқалик томоша деб атроф-муҳитга қанча зарар етишини тасаввур қилаяпсизми? Ҳаммани ўзига қаратиб томошага чорлаётганларни тўхтатадиган борми? Экопартия, Экология вазирлиги бу масалага бефарқ бўлмайди деган умиддаман», деб ёзади facebook саҳифасида журналист, экология жонкуяри Наргис Қосимова.
Самовий масхарабоз шарлар ҳужуми
1986 йил сентябрь ойида Кливлендда (АҚШ) ўтказилган «Balloonfest '86» фестивали давомида 1,5 миллион гелийли шарларнинг осмонга учирилиши бўйича жаҳон рекордини янгилаш режалаштирилган. Байрам 27 сентябрга белгиланган эди. Кечқурун ҳаво шарларини пуфлаш билан шуғулланган талабалар ва бошқа кўнгиллилар майдонга оқиб кела бошлади. Бу жараёнда бир неча минг киши иштирок этиши керак эди, акс ҳолда рекорд муваффақиятга эриша олмасди.
Эрталаб майдон бўйлаб хавотирли хабар тарқалди. Синоптиклар ноқулай об-ҳаво ҳақида хабар беришди. Совуқ ҳаво массаси шаҳарга яқинлашаётгани сабаб байрам хавф остида эди. Бир ярим миллион шарни имкон қадар тезроқ учиришга қарор қилинди. Маҳаллий газетанинг журналисти Жейн исмли қиз томошани шундай эслайди: «Майдонда шарларни пуфлаган икки ярим мингга яқин кўнгиллилардан ташқари яна минглаб одамлар тўпланиб турарди. Мен ҳаяжон қандай кучайганини эслайман. Шарлар тўр остидаги улкан хилма-хил рангли гумбазга ўхшарди. Ва кейин кимдир сигнал берди, шарлар қўйиб юборилди, улар кўтарилиб минорани қоплади. Бир лаҳзадан кейин осмонга ғойиб бўлди ва майда доғларга айланди!»
Кливленд. 1986 йил фестиваль
Фалокат ҳаво шарлари учирилаётган пайтда шаҳарга совуқ ҳаво жабҳаси яқинлашганда бошланган. Шарлар тепага зўрға кўтарилгач, сферик ҳолатини сақлаб қолган бир ярим миллион дона шар кучли шамол таъсирида яна ерга босилди...
Бу шаҳар учун катта муаммоларга сабаб бўлган самовий масхарабоз шарлар ҳужуми эди. Йўлларда 50 дан ортиқ автомобил ҳалокати рўй берди, транспорт йўналишлари фалаж бўлди, маҳаллий аэропорт ишламай қолди, барча рейслар бекор қилинди, шаҳар яқинидаги дарё ва кўл рангли чиқиндига тўлиб кетди, ерга «ғалати ёмғир» тўхтовсиз ёғаверди! Кливленд расмийларини байрам учун кетган 500 минг доллар (бугунги доллар билан ҳисобланганда миллионга яқин) нафақат шаҳарга ҳеч қандай фойда келтирмагани, балки тирбандликка сабаб бўлганидан ҳайратини яшира олишмади.
Шар ўлдирган балиқчилар...
Кливленд яқинидаги Эри кўлида икки балиқчи қайиқларида сузар экан, қаттиқ шамол туфайли ҳалокатга учради. Агар мана шу шарлар кўлга ёғилмаганда, уларни қутқарувчилар бемалол кўришлари ва қутқаришлари мумкин эди. Икки балиқчи ҳам яхши сузувчи бўлгани боис, қутқаришга келадиган вертолётларни кутишга қарор қилди. Бу орада осмондан сон-саноқсиз шарлар ёғилди. Вертолётлар келди, афсуски сон-саноқсиз шарлар орасида икки инсоннинг бошини пайқаш осон бўлмади.
Кейинчалик балиқчилар жасадлари қирғоққа чиқди. Улардан бирининг рафиқаси фестиваль ташкилотчиларини судга берган ва уч миллион доллар талаб қилган.
Шар қолдиқлари ҳайвон ва қушлар учун оғриқли ўлим
Қўлингизда бир неча шарлар бор. Ёки байрамлар, бирор масканнинг очилиши асносида айнан шундай шарлар билан безаш урфга аллақачон кирди. Хўш, ўша шарлар осмонга учиб кетса ёки қўлингиздаги пуфак арқонини қўйиб юборсангиз нима бўлади? Шундан сўнг шарлар «ажойиб» саёҳатга боради. Бир нуқтада улар ёрилиб кетади ёки қуруқликка, сувга тушади. Иккала ҳолатда ҳам улар хавфли моддага айланади.
Синтетик латекс шарларнинг парчаланиши учун камида тўрт йил керак бўлади. Бундан ташқари, улар тупроқни заҳарли моддалар билан заҳарлайди. Сувда эса шарлар, биринчи навбатда, резина қолдиқларини озиқ-овқат деб ҳисоблайдиган тирик мавжудотлар учун хавфлидир. Афсуски, зарарли латекс нафақат денгиз ҳаёти, балки қушлар ва ҳайвонлар томонидан ҳам ютиб юборилади, яъни кўпинча ҳайвонлар, қушлар ва балиқлар шарларнинг ранг-баранг қолдиқларини озиқ-овқат деб ўйлаб хато қилишади. Маълумки, денгиз тошбақалари пучайган шарларни асосий озиқ-овқатлари медузалар билан чалкаштириб юборишади.
Шарларни ютиб юбориш билан улар ўзларини оғриқли ўлимга маҳкум этадилар. Олимлар шарлар ва уларнинг қолдиқлари денгиз қушлари ўлимининг асосий сабабидир, деб ҳисоблашмоқда.
фото:(Image: Paul Burnham)
Шарнинг яна бир эҳтимолий хавфи шундаки, у юқори вольтли симларга ўралашиб қолиши, қисқа туташув ва ҳатто ёнғинга олиб келиши мумкин. Айтганча, кўпинча уларга боғланган махсус иплар ҳақида унутманг.
Улар одатда пластмасса турига кирувчи полипропилендан тайёрланади. Полипропиленнинг парчаланиши учун камида 500 йил керак.
Дарҳақиқат, табиатга зарар шарлар осмонга учишидан олдин, ҳатто ишлаб чиқариш босқичида ҳам содир бўлади. Гап шундаки, гелий (парвоз қилиш учун тўлдирилган газ) қайта тикланмайдиган табиий ресурсдир. Ва у муҳимроқ вазифалар учун ҳам керак – масалан, тиббиётда.
Энди мушоҳада қилинг, осмонга учирилган йигирма минг шарнинг қанчаси қанча ҳайвону қушларга зарар келтиради ёки тупроқни заҳарлайди. Ахир йигирма минг кичкина сон эмас. Табиатга келтирилган зарарни эса асрлар давомида ҳам қоплаб бўлмайди.
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter