Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўйнаб бўлмайдиган ўйинчоқлар ёхуд хавф-хатар яширинган рангли дунё

Ўйнаб бўлмайдиган ўйинчоқлар ёхуд хавф-хатар яширинган рангли дунё

Фото:Martin Dremljuga (Delfi RUS)

Ҳар йили дунё бўйлаб минглаб болалар сифатсиз, назоратсиз, ҳатто заҳарли моддалардан тайёрланган ўйинчоқлар сабабли турли касалликларга дуч келмоқда. Энг хавфли оқибатлардан бири эса шубҳасиз – саратондир.

Қандай ўйинчоқларни «ўйнаб»бўлмайди?

Фталат

Кимёвий таркиби номаълум, синовдан ўтмаган ўйинчоқларда кўпинча қуйидаги канцероген моддалар учрайди: фталатлар (Phthalates) яъни пластмасса маҳсулотларини юмшоқ ва чиройли қилиб турувчи модда. Боланинг организмига оғиз, тери ва ҳатто ҳаво орқали кириб, гормонал тизимни бузади. Фталатлар билан боғлиқ илмий тадқиқотларга кўра, улар жинсий ва репродуктив функциялар билан боғлиқ касалликларга, шу жумладан баъзи ўсмалар хавфини оширишга сабаб бўлади.

2017 йили бир қанча давлатлар ҳамкорлигида «Честные игрушки» (Ҳалол ўйинчоқлар) акцияси бошланган бўлиб, унинг мақсади ўйинчоқларни соғлиқ ва атроф-муҳит учун хавфсиз ҳолга келтириш эди. Акциянинг асосий мақсади ўйинчоқлар таркибидаги фталатлар миқдорини қатъий тартибга солишга эришиш бўлган.

Лойиҳа доирасида Божхона иттифоқига аъзо бўлган мамлакатдан 16 турдаги ўйинчоқлар сотиб олинади ва тадқиқот ўтказилади. Энг ачинарлиси хавфли фталатлар барча ўйинчоқ намуналарида борлиги аниқланган. Уларнинг олтитасида фталат миқдори – Европа стандартларидан 200-300 баравар юқори концентрацияларда топилган! Ўйинчоқларнинг ярмида Божхона иттифоқининг ўзида тақиқланган дибутил фталат ва иккита намунада – жуда юқори концентрацияларда (506 ва 3060 мг / кг) мавжуд эди.

Россияда сотиб олинган (Россияда ишлаб чиқилган) юмшоққина чўчқа ўйинчоғи таркибида диетилгексил фталат миқдори 280 баравар кўп бўлган бўлса, Қозоғистонда сотилган (Россияда ишлаб чиқарилган) айиқ ҳайкалчаси ва Белоруссияда харид қилинган (Хитойда ишлаб чиқарилган) қўғирчоқда 300 баравар кўп бўлган. Арманистондаги ўйинчоқ дўконидан олинган автомобиллар тўпламида (Хитойда ишлаб чиқарилган) диизобутил фталат Европа хавфсизлик стандартидан 190 марта ошиб кетгани маълум бўлган.

Москвада сотиб олинган ва «фталатсиз» этикетли Пеппа чўчқа ҳайкалчасида (Хитойда ишлаб чиқарилган) уч турдаги хавфли фталатлар топилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, фталатлар таъсирида метаболик касалликлар, семизлик, диабет, бепуштлик, жинсий аъзолар саратони, жигар ва буйраклар шикастланиши, нейротоксик таъсирлар пайдо бўлиши мумкин.

Фталатлар нафақат одамлар учун, балки атроф-муҳит учун ҳам хавфлидир – саноат чиқиндилари билан бирга сув ва тупроққа ҳам тушади. Ўйинчоқ тупроққа тушса (кўмилса) биз ичадиган сув ёндирилса ҳаво таркибини зарарлайди.

Чунки атроф-муҳитда фталатлар янада заҳарли моддаларга парчаланади.

Қўрғошин

2012 йилда болалар саломатлигига бефарқ бўлмаган бир гуруҳ инсонлар Беларусия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Украина, Арманистон, Шарқий Европа, Кавказ дўконлари ва бозорлариданги болалар ўйинчоқларидан намуналар Арманистондаги махсус лабораторияга юборилади. Ва ўйинчоқлар таркибида олтита оғир метал: қўрғошин, мишяк, симоб, сурма, кадмий ва хром борлиги аниқланади.

Турли мамлакатлардан олинган 569 та намунадан 164 тасида (29%) камида битта оғир метал концентрацияси хаддан ортиқ юқори бўлган.

Қўрғошинни аниқлаш қийин эмас. Агар у ўйинчоқ таркибида бўлса ёрқин сариқ ранг билан ўзини танитиб туради. Қўрғошин кўпинча бўёқларга қўшилади. У деярли 100% ёрқин сариқ ўйинчоқларда мавжуд.

Текширишлар натижасида қўрғошин болалар тақинчоқларида (қизчалар учун) болалар лаб бўёғида (болалар косметикасида), рангин финжон ва бошқа ўйинчоқларда аниқланган.

Бир далилни алоҳида таъкидлаш жоизки, қўрғошиннинг хатто кичик дозалари бола танасига кирганида, уларда тажовузкорлик кучаяди. Хатти-ҳаракатларда муаммолар пайдо бўлади. Интеллектуал даражанинг пасайишига олиб келиши мумкин.

Айрим ўйинчоқлар ва болалар қўлига тушадиган жисмлар таркибидаги оғир металлар ҳисобига ўзидан радиация хам тарқатади. Уларни Божхона иттифоқининг «Болалар ўйинчоқларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги техник регламентига кўра болаларга бериш таъқиқланган.

Булар қизалоқлар учун ишлаб чиқариладиган ва ҳозир деярли барча дўконлардан топилаётган арзон ўта ёрқин ўйинчоқ-тақинчоқ буюмлар (ёрқин сариқ ранглиси айниқса хавфли) баъзи ёрқин спорт анжомлари, ҳимоя воситалари – сузиш кўзойнаклари, қуёшдан сақлайдиган кўзойнаклар, сузиш мосламалари (масалан, қўлларга кийиладиган шишириладиган манжетлар) болаларга бериш таъқиқланади.

Бу маҳсулотлар ўйинчоқ ҳисобланмаслигига қарамай, болалар кўпинча улар билан мулоқот қилишга мажбур...

Кадмий

Буюк Британиянинг Плимут университети олимлари кундалик буюмлар, жумладан, пластик ўйинчоқлар, керамика ва бўёқларни ўрганишганида уларнинг таркибида яна бир канцероген оғир металл – кадмийнинг юқори миқдорда эканини аниқлашган.

Ушбу оғир металл одатда ёрқин қизил, тўқ сариқ ёки сариқ рангни яратиш учун ишлатилади. Бироқ, вақт ўтиши билан бўёқ қатлами кўча бошлайди. Қоидаларга кўра, кадмийнинг атроф-муҳитдаги концентрацияси миллионда 50-800 қисмдан ошмаслиги керак. Шу билан бирга, тадқиқот ўтказгандан сўнг, олимлар баъзи нарсалар юзасида кадмий миқдори тавсия этилган ёки рухсат этилган даражадан бир неча баравар кўп бўлиши мумкинлигини аниқладилар.

Олимлар кадмийни эски ва янги кўзойнак, пластик, шиша бутилкалар юзасида аниқлашган. Шу билан бирга, чизмалар, логотиплар ва ёзувларни яратиш учун ишлатиладиган бўёқлар таркибида кадмий топилган.  

Кадмий табиий равишда пайдо бўлган оғир металл бўлиб, тирик организмларда найсимон суяклар, ошқозон ости бези, талоқ, лекин биринчи навбатда жигарда ва айниқса буйракларда тўпланиши мумкин, ярим емирилиш даври 10 дан 30 йилгача. Муайян концентрацияларда кадмий организмда жиддий дисфункцияга олиб келиши ва ўта оғир касалликларга сабабчи бўлиши мумкин.

Формальдегид

Формальдегид саратонга сабаб бўлгувчи канцероген модда бўлиб, уни чақалоқларда тиш чиқаришга ёрдам берувчи тишлаш ўйинчоқларида учратишимиз мумкин. Формальдегидли ўйинчоқлардан фойдаланганда, катталар болаларда аллергик реакцияларни сезадилар: бурун оқиши, йўтал, кўз ёшланади. Терининг қизаради, тошмалар пайдо бўлади. Бундан ташқари, модда асаб ва репродуктив тизимга, нафас олиш тизимига салбий таъсир қилади. Формальдегиднинг мавжудлиги ўткир, ёқимсиз ҳид билан аниқланиши мумкин.

Ижтимоий тармоқларни кузатсангиз шу мавзуга оид турли йилларда нашр қилинган, ўнлаб мақола ва хабарларга кўзингиз тушади.

Мақолаларнинг бирида лаборатория текширувлари натижаларига кўра баъзи ўйинчоқларда заҳарли формальдегид миқдори 10 баравар оширилгани - 0,031 мг/м3ни таъкидлайди.

«Ўзстандарт» агентлиги Саратон касалликларини ўрганиш бўйича халқаро агентлик маълумотларига таяниб, формальдегид канцероген бўлиб, болалар организми учун алоҳида хавф туғдириши мумкинлигини хақида ҳам хабар қилади.

Бироқ, бу назорат текширувлар и ҳар доим ҳам ҳалол амалга ошириляпдими?

Агар, жавоб «Ҳа» бўлса, бозордаги сертификатсиз, ҳиди ўткир, ўта ёрқин рангдаги ўйинчоқлар нега сотиляпди? Ёки улар талабга жавоб берадими?

Кеча Ўрикзор ўйинчоқ бозорига бориб, бир нечта улгуржи харидорлар билан суҳбатлашдим. Янги иш бошлаган тадбиркор ролига киришиб, улардан сотиш учун қандай ўйинчоқларни тавсия қилишларини сўрадим.

Тўрт нафар тадбиркор ҳам бугун болалар орасида машҳур бўлган мультфильм қахрамонлари, роботлар, қўғирчоқлар ва пультли машиналарни тавсия қилишди. Лекин бирортаси сертификатли, хавфсиз ўйинчоқларнигина харид қилишимни тавсия қилишмади. Бир тадбиркорга ҳамроҳ бўлиб унинг харидларини охиригача кузатдим. Ўйинчоқфуруш ўзи айтган ўйинчоқларни харид қилгач, хиди ўта ёқимсизлардан ҳам бир қоп сотиб олди.

– Бу кимга? – дедим ҳайратланиб.

– Пули кам, камбағал оилалар ҳам бор-ку. Баъзи болалар дўконга кирса ариллаб йиғлашади. Овутиш учун шулардан олади ноилож...

– Ахир бу ўйинчоқлар хавфли-ку!

– Даромад асосан шулардан. Сертификатлини 100 дан 10, 15% сўрайди. 85% одамни рўзғор қилишга пули йўқ-ку!

Унинг жавобидан музлаб қолдим.

Агар бутун республикага ўйинчоқ шу бозордан тарқалишини инобатга олсак, демак ҳалиям хавфли ўйинчоқлар сотувда ва назорат суст.

Савол туғилади божхона назоратидан сифат, сертификати йўқ ўйинчоқлар қандай ўтяпди? Турли подвалларда ишлаб чиқарилаётган арзон, сифатсиз ўйинчоқлар қандай бозорларга келиб қоляпди?

Аслида болалар қўлига тушадиган ҳар бир буюм ўта қаттиқ текширувдан сўнг савдога чиқарилиши керак.

Фарзандларимизга уларнинг саломатлиги учун хавфли буюмларни бераверсак болалар қотилларидан фарқимиз бўладими?!

Аслида «Uzstandart» катталар ва болалар учун махсус сайт, мобил илова яратиб, ўйинчоқлар сифатини шаффоф кўрсатса мақсадга мувофиқ бўларди.

 Муаззам Иброҳимова,

шифокор, «Сен кучлисан» ННТ координатори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг