Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Озарбайжон–Арманистон: чигалликни ечиш борасида муҳим қадам

Озарбайжон–Арманистон: чигалликни ечиш борасида муҳим қадам

Брюссель учрашуви якунида томонлар тинчлик битимини ҳозирлашга келишиб олган.

Фото: AFP

Боку томонидан Ереванга ўзаро муносабатларни изга солиш мақсадида йўлланган таклифлар тақдирига ойдинлик киритилди. Бу масала 6 апрель куни Брюсселда ўтган олий даражадаги учрашувда ҳам кўтарилганди.

Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов Арманистон томони таклифларни қабул қилганини маълум қилар экан, буни муҳим ҳодиса деб атаган. Вазир Озарбайжон қўшни мамлакат билан муносабатларни нормал ўзанга солиш учун керакли чора-тадбирларни кўраётганини қайд этган.  

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил март ойида Озарбайжон Арманистонга беш банддан иборат таклиф билан мурожаат қилганди.

Таклифлар пакети ўзаро суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва халқаро чегараларни тан олиш, бир-бирига нисбатан ҳудудий даъво билан чиқмаслик, БМТ низомларида доирасида иш тутган ҳолда бир-бирига таҳдид солмаслик, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, ўзаро транспорт ва коммуникация алоқаларини йўлга қўйиш кабиларни ўз ичига олади.

Робиталардаги чигалликни ечишда олий даражадаги учрашувлар муҳим аҳамият касб этади. Эслатиб ўтамиз, жорий йил 6 апрель куни Брюсселда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян Европа Иттифоқи кенгаши раиси Шарль Мишель иштирокида учрашган эди.

Музокаралар якунида Озарбайжон ҳамда Арманистон тинчлик битимини ҳозирлашга келишиб олган. Томонлар, шунингдек, чегараларни делимитация қилиш бўйича қўшма комиссия тузишга розилик берган.

2020 йилнинг 27 сентябридан 10 ноябрига қадар Қорабоғда давом этган 44 кунли уруш якунида Озарбайжон халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра ўзига тегишли бўлган ҳудудларни қайтариб олди. 2020 йил 10 ноябрь куни Озарбайжон, Арманистон ва Россия раҳбарлари ўт очишни тўхтатиш ҳақида уч томонлама битим имзолади.

Таҳлилчиларга кўра, Боку ва Ереван ўртасида муносабатларни меъёрлаштириш борасида музокаралар бошлангани муҳим янгилик саналади. Чунки бу кўп йиллардан буён зиддиятли муносабатга эга бўлиб келаётган икки давлат ўртасида рисоладагидек алоқаларни йўлга қўйиш борасида дастлабки қадам бўлиши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг