Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда оқова сувлар муаммоси: нега иқтисодий манфаат, экологик масъулиятдан устун?

Ўзбекистонда оқова сувлар муаммоси: нега иқтисодий манфаат, экологик масъулиятдан устун?

Сув ҳаёт манбаи. Унинг муқобили йўқ. Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистонда  қатор экологик муаммолар қаторида сув ва сувдан фойдаланиш муаммоси  сўнгги йилларда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозирда республикада сув ресурсларини самарали бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш мақсадида суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициентини ошириш, гидротехник иншоотларни таъмирлаш ҳамда тиклаш, реконструкция қилиш, суғориладиган ерларнинг сув таъминотини ошириш ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш, соҳага рақамли технологиларни жорий қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга сўнгги йилларда сув танқислиги кесимида оқава сувлар ва уларни қайта тозалаш долзарблашиб бораётганини инобатга олсак, мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида 2022 йили Ўзбекистон Республикасининг «Ичимлик  суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонуннинг мақсади ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Бугунги кунда биргина Тошкент шаҳрида  сувни тозалаш иншоотлари бир суткада 1,64 млн кубометр оқова сувларни қабул қилиб, аммо уларни тозалаш самарадорлиги 51% дан камдир. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил июнь ойи охирида пойтахтнинг Янгиҳаёт, Сергели ва Бектемир туманларида оқова сувларни тозалаш учун қуввати кунига 1 миллион куб метр бўлган янги оқова сув тозалаш иншоотини қуришни таклиф қилган эди. Чунки чучук сув заҳиралари соат сайин камайиб бораётган бир пайтда оқава сувларни тозалаб, табиатга зарар етказмаслик, уларни қишлоқ хўжалигига ишлатиб долзарб масала. Инсоннинг фаровон яшаши учун  турли хил маҳсулотларга эҳтиёжи ортаётган бир пайтда уларни ишлаб чиқаришга кетаётган сувнинг ҳам миқдори ортмоқда. Жуда ҳам кўплаб ишлаб чиқаришдан сўнг чиқадиган,  кимёвий моддалар билан заҳарланган канализация сувлари  бир неча тозалаш босқичларини талаб этади. Зеро, уларнинг тозаланмасдан табиатга чиқариб ташланиши экологик инқирозни кучайтириши,  ҳаёт ва соғлиққа салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Пойтахтимиз Тошкент шаҳридан чиқадиган оқава сувлар Бектемир, Бузсув ва Салар аэрация иншоотларида тозаланади. Мазкур иншоотларга фақатгина аҳолининг эҳтиёжларини қондириш натижасида ишлатилган оқова сувларгина эмас, балки ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти оқибатида ҳосил бўлган сувлар ҳам келиб тушади.

Бундан 15-20  йил аввал Тошкент шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи каналларда чўмилиш, улардан тутилган балиқларни истеъмол қилиш инсон соғлигига зарарсиз бўлган. Бугун эса вазият кескин ўзгарди. Пойтахтимиз биохилмахиллигининг асосий негизи бўлган,  каналлар бўйлаб ўсган буталар, ўтлар қуриб кетмоқда, сувнинг такриби ўзгариб, унинг ҳавзаларидан озиқланган уй ҳайвонлари, паррандаларнинг касалланиши ва инсон хаётига жиддий хавф солиш холатлари кўплаб қайд қилинаётир.  Хўш, бу каби ачинарли вазиятларининг сабаби нимада?

Мазкур саволларга жавоб топиш учун «Тошкент шаҳар сув таъминоти» АЖ ва  «Ekolog» Жамоат Бирлашмаси вакиллари Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган 16 та тўқимачилик корхоналарининг ичимлик сувидан қандай фойдаланаётгани ва шаҳар канализация тармоғига ташланаётган оқава сувларининг таркибида қандай кимёвий моддалар борлигини биргаликда ўрганди. 

Ишчи гурухнинг илк манзили Чилознор туманидаги «TURON TEX» МЧЖ  Корхона ходимлари фабрикада ишлаб турган тозалаш иншооти билан умумий таништирув ўтказсаларда, интервьюни фақат раҳбарлар бера олишини айтиб, саволларга жавоб беришдан бош тортишди. Таҳлиллардан маълум бўлишича, корхонанинг очиқ сув ҳавзасига чиқариб юбораётган оқова сув таркибида заҳарли бўлган азот аммоний, 6 валентли хром, азот нитрати, портловчи моддаларнинг миқдори анча юқори экан.

Кейинги манзилимиз шу туманда жойлашган «SOF MEGA TEXTILE» бўёқ фабрикаси бўлиб,  корхона раҳбари Нурали Ҳакимовнинг айтишича, тўқимачилик ташкилоти хозирда ўз фаолиятини тўлалигича тўхтатиб, Оҳангарон шаҳрида фаолиятини давом эттирмоқда экан.

– 2024 йил 1 март ҳолатига кўра корхона томонидан умумий 126 куб сув ишлатилиб, ҳудуддан барча бўяш ускуналари олиб чиқиб кетилди. Ҳозирда фақат ҳожатхона, офис, бассейнларни ювиш ва қолдиқ сувлари учун кичик миқдорда сув ишлатилмоқда. Тахминан 150 куб сув ишлатилган бўлиши мумкин.  Ундан ошиқ эмас, – дейди корхона раҳбари.

Қизиғи, корхона ҳудуди ва ташқарисидан олинган дастлабки сув намуна ранглари бинафша ранглиги Ҳакимовни ҳеч ажаблантирмади. Ваҳоланки, бу корхонада ҳам азот аммоний, 6 валентли хром, ёғлар, портловчи моддаларнинг миқдори белгилангандан кўра анча юқори. Мазкур саволга эса, корхона раҳбари томонидан изоҳ берилмади.

Чилонзор тумани «Class Tex Product» корхонаси ходимларининг тозаликка катта эътибор бериши, сувни қайта тозалаш иншоати ҳудудининг тозалиги, кўкаламзорлаштирилгани кайфиятни анча кўтарди. Бироқ, цехнинг сув тармоғига чиқариш ҳуқуқини берувчи коммунал экологик меъёрлар (КЭН) мавжуд эмаслиги дилни  хира қилди. Изланишларимиз шуни кўрсатдики, бу каби муаммолар  «SOF MEGA TEXTILE», «Gavhar tex», «Class Tex Product», «FAYZ TEXTILE GROUP»,  «Ostex color», «Kompaniya yuniteks» ва «Blue Moda» тўқимачилик корхоналарида ҳам мавжуд экан. Эътиборлиси, «SOF MEGA TEXTILE» ва «FAYZ TEXTILE GROUP» МЧЖ КЭНиларида нафақат ишлаб чиқилмаган, балки улар «MODERN QUILL», «Blue Moda», «STAMPA TEXTILE», «TASHTIB-TEX» ва «Best Color Tex» бўёқ билан шуғулланувчи ташкилотлар қатори умумий оқава сув тармоғига кўк-қизил рангдаги сувни ҳам ташлаётганликлари аниқланди. Таҳлиллар эса ўз навбатида мазкур сувларда атроф-муҳит ва инсон ҳаёти учун хавфли бўлган моддалар миқдори юқори эканини, ушбу текстиль фабрика эгаларининг Экологик Корпоратив Ижтимоий Маъсулиятини ошириш зарурлигини кўрсатмоқда.

 

Бу ўз навбатида тўқимачилик корхоналари раҳбарлари томонидан «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 26, 35-моддаси, Вазирлар Маҳкамасининг «Коммунал хўжалиги тизимида табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2010 йил  3 февралдаги 11-сон қарор талаблари бузаётганлигидан далолатдир.

Гуруҳимиз шаҳардан чиқиб кетаётган сувнинг тақдирини билиш мақсадида, Бўзсув сувни тозалаш иншоатига ташриф буюрди. Иншоат олдида маҳаллий аҳоли тўпланиб, ўз норозичилигини билдираётганининг гувоҳи бўлдик.

Аҳоли билан суҳбатда билдикки, сассиқ-қўланса ҳиддан кечалари яшаб бўлмаяпти экан.

 – Мен шу маҳаллада 20 йилдан бери истиқомат қиламан. Пашша, чивин, оқова сувларининг ҳидидан уйимда ўтириб бўлмай қолдик.  Бунинг устига юрагим сиқилиб, нафас олишим қийинлашади, дейди  Ҳадича Каримова.

– 730 минг куб сувни қайта ишлашга мўлжалланган Бўзсув сувни тозалаш иншоотимиз ҳозирги кунда кунига 650 минг куб сувни қабул қилади. Тозалаш жараёни классик биологик – микроорганизмлар усулга асосланган бўлиб, фақатгина аҳоли уйларидан чиқаётган оқова сувларини тозалашга мўлжалланган, – дейди Бўзсув сув тозалаш иншооти (БСТИ) бошлиғи Жамшид Зуфаров.

Казибеков Дўнонбой «Тошкент шаҳар сув таъминоти» Бош технологи олинган сув таҳлил натижаларига изоҳ берар экан, унинг аҳоли соғлигига нақадар ёмон таъсир қилишини ҳам таъкидлаб ўтди: «Тошкент шаҳридаги 8 та текстиль комбинатларининг оқова сувлари Бўзсув сув тозалаш иншоотига оқизилади. Зилол текстиль, Кўкча текстиль каби йирик ишлаб чиқарувчилар матони бўяш учун катта хажмдаги сувдан фойдаланади. Афсуски, ишлаб чиқариш процессидан чиққан тўқ рангдаги сув локал тазрда кимёвий тозалашдан ўтказилмай, таркибида ўта зарарли-заҳарли бўлган 6 валентли Хром, хлорид каби моддалар умумий шаҳар канализация тизимига ташланади. Бизнинг тизим эса биологик тозалашга мўлжалланган бўлиб, бу инсон ҳаётига хавфли бўлган кимёвий моддаларни зарарлантиришга ожизлик қилади. Натижада, истеъмолга яроқсиз оби-ҳаёт очиқ сув хавзаларидаги жониворлар, мол-қўйлар ва инсон саломатлигига салбий таъсир қилади, гепатит, дизентерия каби оғир касалликларни қўзғашга сабаб бўлади».

Тўқимачилик оқава сувларида бўёқлар, оқартиргичлар, оғир металлар, спирт фаол моддалар ва бошқа токсик компонентлар каби зарарли кимёвий моддаларнинг кенг доираси мавжуд. Бу моддалар очиқ сув ҳавзаларига ташланса, экотизимга салбий таъсир кўрсатиб, сув сифатини ёмонлаштиради, одамлар ва ҳайвонларнинг соғлиғига путур етказади ва узоқ муддатли экологик оқибатларга олиб келади. Хўш, унда бу муаммоларнинг ечими нимада?

– Корхона ва ташкилотлардан чиқаётган оқова сувлари эса аввал ўзларининг бирламчи (локал) иншоотларида тозаланиши керак. Масалан, тўқимачилик корхоналари ташлаётган ранги сувлар таркибида 6 валентли хром моддаси мавжуд бўлиб, иншоотдаги микроорганизмларни ўлдиради, бу эса биологик тозалаш имкониятларини кескин пасайтиради. Дам олиш, байрам кунларидан ташқари, фабрикалар тинмай ишлангани сабаб, иншоотимиз кеча-ю кундуз катта ҳажмдаги рангли сувларни қабул қилиши сувнинг сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Маҳаллий аҳоли ҳам бундан норози бўлиши табиий. Чунки, биздан ташқарига тўлиқ тозаланмаган,  рангли сув чиқиб кетади. Бу сувни на қишлоқ хўжалигида, на балиқчилик хўжалигида ишлатиб бўлмайди,– дейди тозалаш иншооти  раҳбари.

Мисол учун  «ZELAL TEKSTIL» МЧЖ 5 млрд. сўмдан ошиқ сармоя ҳисобига, замонавий ускуналарни ўрнатиб, тозалаш иншоотини ишга туширишга тайёргарлик кўрмоқда.

– Ушбу қурилма газгенератор, фильтр ва қуёш панеллари ёрдамида, эскирган биологик тозалаш иншоотидан фарқли ўлароқ, сувни кимёвий усулда сув тозалайди. Унинг афзаллиги сувни бутунлай рангдан, кимёвий моддалардан тозалаб, атроф-муҳитга салбий таъсир қилмайди, – дейди корхонанинг исмини ошкор этишни истамаган  мутахассиси.

Сергели туманида жойлашган «SAFF TEXTILE» бўёқ фабрикасида ҳам, қизғин синов ишлари кетмоқда. Ёлланган хусусий фирма, янги услубдаги сув тозалаш усулини моделлаштириб, сувнинг кўпик қисмини тозалаб олиш услубини намойиш этаётган экан.

Демак, ҳаракат қилиб экологик вазиятни ўзгартирса бўлар экан. Бу ҳақида, Д.Казибеков, Ўзбекистонда экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани «Сурум» МФЙ ҳудудида 1,5 млн м3 /cут янги оқава сув тозалаш қувватига эга бўлган иншоот қурилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги «Тошкент шахар таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш чора – тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4888 – сонли қарори чиққанини эслаб ўтди 

Умид қиламизки, бундай иншоотлар ҳар бир аҳоли пунктларда қурилади. Зеро, сувга бўлган муносабатимиз ўзгармас экан, «ўзимиз ўтирган шохга» болта ураверамиз.

Тадбир сўнггида «Ekolog.uz» мухбири томонидан берилган бир неча саволлар очиғлигича қолиб кетди: Нима учун корхоналаридан чиқаётган оқоваларнинг оқова сув тармоғига чиқариш ҳуқуқини берувчи коммунал экологик нормативлар мавжуд эмас?

Ўзбекистонда тўқимачилик корхоналарининг фаолияти билан, уларнинг экологик маъсулияти қай даража эканлигини билиш танишиш жуда қийин масала ва журналист ҳаёти учун хавфли бўлиб қолмоқда. «Ekolog» ЖБининг вакили, Авазхон Ҳайдаров «ZELAL TEKSTIL» корхонасини ташқаридан видеосуратга олишига тўсқинлик қилиб, қўпол муомалада  «рухсат» талаб қилинганига қандай изоҳ берса бўлади?!

Ҳар йили дарёлар, кўллар ва бошқа очиқ сув ҳавзаларига ташланувчи  ифлослантирувчи моддалар миқдори ўсиб бормоқда. Ифлосланишнинг асосий манбаларидан бири тўқимачилик корхоналарининг оқава сувларидир. Ўзбекистон  иқтисодиётида асосий ўринлардан бирида бўлган тўқимачилик саноати ҳам, айниқса, сув ресурслари ҳақида гап кетганда, энг ифлослантирувчи тармоқлардан биридир. Тозаланмаган ёки  етарли даражада тозаланмаган оқава сувларнинг сув ҳавзаларига ташланиши сув тизимларининг ўзини ўзи тозалаш каби табиий жараёнларини бузади ва биосферада заҳарли моддаларнинг тўпланишига олиб келади. Экологик мувозанат бузилади, бу сув жониворларининг нобуд бўлиши, биологик хилма-хилликнинг камайиши ва ичимлик суви сифатининг ёмонлашувида намоён бўлади. Тадбиркорларимизда экологик ижтимоий масъулиятнинг етишмаслиги, афсуски атроф-муҳитнинг, хусусан сув ресурсларининг ифлосланишига олиб келмоқда. Шу ўринда савол туғилади, қачонгача тадбиркорлар иқтисодий манфаатни экологик ижтимоий масъулиятдан устун қўйишади? Атроф -муҳитни ифлослантириб, аҳолининг экологик тоза муҳитда яшашига тўсқинлик қилишади?

 

                                                                                       Наргис Қосимова, Авазхон Ҳайдаров,

                                                                                        “Ekolog.uz” сайти журналистлари

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг