Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон АЭС қурилишида беларуслар ҳам иштирок этиши мумкин

Ўзбекистон АЭС қурилишида беларуслар ҳам иштирок этиши мумкин

5 август, сешанба куни «Ўзатом» делегацияси Беларус Республикаси энергетика вазири Денис Мороз билан учрашув ўтказди.

Суҳбат чоғида томонлар атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди.

Жумладан, АЭСни энергетика тизимига интеграция қилиш, жисмоний муҳофаза тизимини яратиш, ишлатилган ядро ёқилғиси ва радиоактив чиқиндилар билан ишлаш ҳамда лойиҳаларни амалга оширишда жамоатчилик билан мулоқот қилиш масалалари юзасидан тажриба алмашилди.

Ўзбекистон томони АЭС қуриш лойиҳаси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Беларусь томони эса АЭС қурилишида зарур инфратузилмани қандай ташкил этгани, ваҳта шаҳарчасини барпо этиш, станция ходимлари учун махсус шаҳар қуриш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашди.

«Биз Беларус тажрибасини имкониятдан келиб чиқиб максимал даражада ўрганмоқдамиз. Беларус компаниялари лойиҳада фаол иштирок этаётгани, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, миллий саноат корхоналари билан кооперацияни йўлга қўйиш каби жиҳатлар бизни жуда қизиқтиради. Бу тажриба Ўзбекистонда атом энергетикасини қўллаб-қувватловчи саноат базасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади», – деди «Ўзатом» агентлиги директори Азим Аҳмадхожаев,

Беларус Республикаси энергетика вазирининг таъкидлашича, Беларусьда 2023 йилда қуввати 2400 мегаватт бўлган биринчи АЭС фаолияти бошланган. Мамлакатда истеъмол қилинаётган электр энергиясининг тахминан 40 фоизи шу станция ҳиссасига тўғри келади. Ушбу лойиҳада ўзини намоён этган беларус компаниялари ҳозирда «Росатом»нинг халқаро лойиҳаларида ҳам фаол иштирок этмоқда.

«Ишончим комилки, Беларус мутахассислари Ўзбекистондаги АЭС қурилишида ҳам иштирок этишлари мумкин», — дейди Беларусь Республикаси энергетика вазири Денис Мороз.

Делегация «Белэнерго» Давлат ишлаб чиқариш бирлашмасининг марказий диспетчерлик хизмати фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу марказ Беларусдаги барча электр станциялари, подстанциялар ва энергетик тизимларнинг фаолиятини доимий назорат остида ушлаб туради.

Ташриф доирасида Беларус АЭСи, БелАЭС ўқув-машғулот марказига ташриф, икки томонлама музокаралар ва амалий маслаҳатлашувлар ўтказилиши кўзда тутилган. 

Манба: t.me

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг