Ўзбекистон — Афғонистонда аёллар ҳуқуқларини таъминлайдиган ҳукумат тузилиши тарафдори

Ўзбекистон томони Афғонистон муваққат ҳукумати халқаро ҳамжамиятнинг асосий талабларини бажариши, хусусан, аёллар ва миллий озчиликлар ҳуқуқларини таъминлаши, кенг вакилликка асосланган ҳукумат тузиши муҳимлигини айтган.
Кеча, 20 апрель куни Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Япония ташқи ишлар вазирлигининг Яқин Шарқ ва Африка департаменти бош директори Кансуке Нагаока билан музокаралар ўтказган.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги Афғонистон йўналиши билан боғлиқ ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, хусусан, ушбу мамлакатдаги мавжуд вазиятни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
Япон дипломати Ўзбекистоннинг афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ва Афғонистонга иқтисодий кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган. К.Нагаока Ўзбекистон ва Япониянинг Афғонистон янги ҳукуматига нисбатан позициялари ва ёндашувлари ўхшашлигини таъкидлаган.
Шунингдек, Япония томони «Марказий Осиё — Япония» мулоқот гуруҳи доирасида афғон муаммоси бўйича конструктив фикр алмашишни таклиф қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter