Ўзбекистон – Европа Иттифоқи: замонавий ҳамкорлик ва очиқ иқтисодиёт йўлидаги тарихий битим
Брюсселда имзоланган “Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги” битим Ўзбекистон халқининг очиқ дунё, барқарор ривожланиш ва фаровон келажак сари интилишининг яна бир яққол ифодаси бўлди.
Иқтисодий нуқтаи назардан қараганда, Европа Иттифоқи - дунёдаги йирик иқтисодий ҳудудлардан бири бўлиб, айни вақтда, унинг ялпи ички маҳсулоти тахминан 19 трлн АҚШ долларини ташкил этмоқда. Иттифоқ аҳолиси 450 млн кишидан ортиқ бўлиб, бу дунёдаги йирик истеъмол бозорларидан бири ҳисобланади. ЕИ ташқи савдода глобал экспортнинг тахминан 17 % ва глобал импортнинг тахминан 15 % ҳудуд ҳиссасига тўғри келади.
Ушбу рақамларнинг ўзи ҳам мазкур тарихий келишувнинг муҳимлиги, Ўзбекистон - ЕИ муносабатларида янги тарихий давр бошланаётганидан далолатдир. Бу қуйидаги омиллар билан узвий боғлиқ:
Биринчидан, бозор имкониятлари янада кенгаяди, яъни маҳаллий маҳсулотларимиз “made in Uzbekistan” бренди остида ЕИнинг 27 та давлати бозорларига киришга йўл очади. Бу эса миллий ишлаб чиқарувчиларимиз учун экспорт ҳажмини ошириш, янги истеъмолчилар билан ишлаш ва Европа стандартларига мослашиш имкониятини яратади.
Иккинчидан, божхона жараёнлари соддалашади, техник тўсиқлар камаяди. Тадбиркорлар учун товарларни божхонадан ўтказиш тартиби енгиллашади, ортиқча ҳужжатлар ва расмиятчилик камаяди. Бу ташқи савдода вақт ва харажатни тежаш, савдо айланмасини тезлаштиришга ёрдам беради. Битим билан техник регламентлар, сертификатлаш ва маҳсулот стандартларини мувофиқлаштириш ҳам кўзда тутилган. Натижада, Ўзбекистон маҳсулотлари Европа талаблари билан мослашган ҳолда эркинроқ савдога чиқади.
Учинчидан, инвестиция муҳити либераллаштирилади, виза жараёнлари соддалаштирилади. Битим Европа инвесторларига Ўзбекистонда ҳуқуқий кафолатлар ва барқарор шароит яратади. Бу янги заводлар, технопарклар ва иш ўринларининг ташкил этилишига, пировардида миллий иқтисодиётнинг модернизациясига хизмат қилади. Тадбиркорлар ва мутахассислар учун Европага бориш жараёни соддалашади. Бу томонлар ўртасида инсон капитали алмашинувини кучайтиради ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиради.
Тўртинчидан, фан-таълим, илмий, рақамли ва инновацион соҳаларда ҳамкорлик кучаяди. Жумладан, Ўзбекистон талабалари учун Европанинг нуфузли университетларида ўқиш, стажировка ўташ ва қўшма илмий лойиҳаларда қатнашиш имкониятлари ортади. Бу таълим сифати ва илмий салоҳиятнинг ошишига хизмат қилади.
Сунъий интеллект, стартаплар, рақамли хавфсизлик ва технологик инновациялар соҳасида қўшма дастурлар амалга оширилади. Бу ёшлар ва ИТ-мутахассислар учун янги имкониятлар, грантлар ва ҳамкорлик лойиҳаларига йўл очади.
Бундан ташқари, ташқи сиёсат ва хавфсизлик, экология, ахборот хавфсизлиги, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа қатор муҳим йўналишлар ҳам битимнинг асосини ташкил этади.
Бундан кўринадики, ушбу битим фақат ташқи сиёсий ёки иқтисодий ҳужжат эмас, балки мамлакат тараққиётининг янги босқичига ўтиш йўлидаги мустаҳкам ҳуқуқий пойдевордир. Бу орқали Ўзбекистон халқаро иқтисодий муносабатларни чуқурлаштириб, жаҳон бозорида ўз ўрнини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, Европа стандартларига мос иш юритиш орқали миллий иқтисодиёт рақобатбардошлиги ошади.
Мазкур келишувнинг аҳамияти ҳақида халқаро экспертлар, битим Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги Янги Ўзбекистон учун катта сиёсий ва иқтисодий ютуқ экани, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга, ташқи сиёсатда ишончли ва барқарор шерик сифатида тан олинишига хизмат қилиши, буни ўзбек дипломатиясининг сўнгги йиллардаги энг муҳим натижаларидан бири сифатида эътироф этишмоқда.
Хусусан, Анадолу агентлиги (Anadolu Agency) ЕИ раҳбарларининг Ўзбекистонни минтақавий ва стратегик ҳамкор сифатида, битим аҳамиятини алоҳида эътироф этишганига эътибор қаратган. Нашрга кўра, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен битимни имзолаш маросимида: “Ўзбекистон Европа учун танланган ҳамкор. Биз бир-биримизга таянишимиз мумкин. Ҳозирги глобал даврда бу ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ” деб битимни қийматига юқори баҳо берган.
Европа кенгаши раиси Антонио Кошта эса битимни икки томонлама муносабатларда “асосий босқич” экани, ушбу келишув икки томоннинг ўзаро ишончини мустаҳкамлаши ва келажакдаги ишончли шериклик учун замин яратишини таъкидлаган.
ЕИ ташқи сиёсат бўйича вакили Кажа Каллас битимни имзолаш “шараф” дея эътироф этган ҳолда, уни ЕИ ва Ўзбекистон муносабатларида “янги бобнинг бошланиши” деб таърифлаган.
Таъкидланганидек, мазкур битим нафақат Ўзбекистон балки Европа Иттифоқи учун ҳам стратегик аҳамиятга эга бўлиб, ЕИнинг Марказий Осиёдаги савдо ва инвестиция алоқаларини кенгайтириш ҳамда минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш имконини беради. Битим ЕИнинг глобал дипломатик обрўсини ошириш ва Марказий Осиёда стратегик шерикликлар орқали иқтисодий ва сиёсий манфаатларини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув ва рақобат даврида бу каби келишув ва имкониятлар ҳар бир томон учун жуда муҳим стратегик устунлик ҳисобланади.
Мухтасар айтганда, бу битим нафақат сиёсий келишув, балки ҳар бир ўзбекистонлик учун янги имкониятлар эшигини очадиган, Ўзбекистонни глобал тараққиёт йўлига дадил олиб кирадиган тарихий воқеадир.
Шерали Мамадецоев,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter