Ўзбекистон фуқароларининг Австралия ва Канада визаларини олиш тартиби соддалаштирилиши мумкин

Ўзбекистон фуқароларининг қатор давлатлар визаларини олиш тартиби соддалаштирилиши мумкин.
ТИВда VFS Global халқаро компаниясининг МДҲ ва Шарқий Европа мамлакатлари бўйича минтақавий директори Ш.Мишра ва Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Т.Тўйчиев билан учрашув ўтказилди.
Мамлакатимиз ҳудудларида VFS Global офислари тармоғини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Жамоавий гуруҳларнинг аризалари бўйича компания ходимларининг сайёр қабуллари механизмини ишга туширишга келишиб олинди. Ушбу хизмат шакли пуллик асосда кўрсатилади ҳамда чекка ҳудудлардаги ариза берувчиларга, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги марказларга ташриф буюрмасдан виза ёрдамини олиш имконини беради.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари учун республикада дипломатик ваколатхоналари бўлмаган мамлакатларга (жумладан, Канада, Аргентина, Австралия ва бошқалар) визаларни расмийлаштириш тартиб-таомилларини соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Аккредитациядан ўтган консулликлар мавжуд бўлмаган шароитда визани расмийлаштириш қўшимча вақт ва молиявий харажатларни талаб қилади. Шу муносабат билан Ўзбекистон томони жараёнларнинг бир қисмини мамлакатимиз ҳудудига кўчиришга, жумладан, VFS Global'нинг маҳаллий офислари орқали биометрик маълумотларни топшириш ва онлайн суҳбат ўтказиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этди.
Томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма ташаббусларни амалга ошириш ва Ўзбекистон фуқаролари учун виза хизматлари сифатини оширишдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter