Ўзбекистон GovTech индексида кучли ўнталикка кирди
Рақамли сакраш: Ўзбекистон GovTech индексида 71 поғона юқорилаб, дунёнинг ТОП–10 давлати қаторидан жой олди.
Жаҳон банки томонидан эълон қилиб бориладиган Давлатларнинг технологик етуклик индекси (GovTech Maturity Index, GTMI2025) натижаларига кўра, Ўзбекистон 9-ўринни эгаллади.
2020 йилга нисбатан мамлакатимиз 71-поғонага юқорилаб, индекс қийматини 0,617 дан 0,958 га етказди. Натижада Ўзбекистон А гуруҳи — «Govtech юқори даражадаги етуклиги» (Extensive GovTech Maturity) тоифасида ўз ўрнини мустаҳкамлади.
Индекс давлат бошқарувида рақамли трансформатсия даражасини тўртта йўналиш бўйича баҳолайди: асосий давлат тизимлари, онлайн давлат хизматларини кўрсатиш, фуқароларнинг рақамли иштироки ҳамда GovTech ривожланишини қўллаб-қувватловчи омиллар.
2025 йилги натижаларга кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади. Шунингдек, рейтингда юқори ўринни эгаллаган ТОП-10 мамлакатлар – Жанубий Корея, Австралия, Ҳиндистон, Канада каби давлатлар қаторидан жой олди.
Шунингдек, GTMI натижалари Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда изчил ўсиш динамикасини яққол намоён этади. Хусусан, 2020 йилда мамлакатимиз 80-ўринда (0,617 балл) қайд этилган бўлса, 2022 йилда 43-ўринга (0,813 балл) кўтарилган, 2025 йилда эса 9-ўринни (0,958 балл) эгаллади.
Мазкур кўрсаткичлар мамлакатимизда давлат бошқарувини рақамлаштириш, электрон давлат хизматларини кенг жорий этиш ҳамда фуқаролар учун қулай ва самарали рақамли давлат тизимини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини яна бир бор тасдиқлайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter