Ўзбекистон ЖСТга аъзолик йўлида Швейцария билан ҳам музокараларини якунлади

21 июль, душанба куни Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш борасида Швейцария билан икки томонлама музокараларни якунлади. Бу ҳақда Президентининг Жаҳон савдо ташкилоти бўйича вакили Азизбек Урунов маълум қилди.
Уруновнинг ёзишича, томонлар Женевада Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёни доирасида Швейцария билан бозорга кириш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисидаги протоколни имзолаган.
«Якуний рўйхатга ЖСТнинг яна бир аъзоси қўшилди. Яна бир нечта аъзолар қолди!
Ўзбекистон ва Швейцария жамоаларининг машаққатли ва конструктив меҳнатлари учун ўз миннатдорчилигимизни билдирмоқчиман!
Узоқ рўйхат тугади, ортга санаш бошланди!» – деб ёзади Азизбек Урунов ўзининг LinkedIn’даги саҳифасида.
Шу тариқа, Швейцария Ўзбекистон бозорга кириш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисидаги протоколни имзолаган 25-давлат бўлди.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат олдин Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни юзасидан Буюк Британия билан икки томонлама музокараларни якунлагани хабар қилинган эди.
Шунингдек, май ойида Президент Шавкат Мирзиёев йил охиригача қолган 9 та давлат билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш, ишчи гуруҳнинг яна иккита йиғилишини ўтказиш ва унинг якуний ҳисоботи лойиҳасини тайёрлашни якунлаш бўйича топшириқ берган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter