Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон қўшни давлат билан тиббий туризмни ривожлантирмоқчи

Ўзбекистон қўшни давлат билан тиббий туризмни ривожлантирмоқчи

Афғонистон Ислом Республикаси Жамоат саломатлигини сақлаш вазирлигининг масъул ходимлари ва шифокорларидан иборат делегация юртимизга келгани ҳақида хабар бергандек.

ССВнинг маълум қилишича, ташрифдан мақсад афғонистонлик тиббиёт мутахассисларига коронавирус инфекциясининг профилактикаси, тарқалишининг олдини олиш, унинг диагностикаси ва даволаш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўргатиш, COVID-19ни даволашда замонавий ва самарали усулларни қўллаш бўйича уларнинг амалий кўникмаларини ва малакасини оширишдан иборат эди.

20 нафар афғонистонлик мутахассисдан иборат делегация мамлакатимизда ўн кун давомида махсус ўқув машғулотларида иштирок этди. Ушбу машғулотлар коронавирус инфекциясини даволаш жараёнида бевосита қатнашган профессионал мутахассисларимиз томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, ўқув дастурини тайёрлашда Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази ҳамда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари етакчи ходимларининг ўрни катта бўлди.

— Ўн кун давомида малака ошириш давомида афғонистонлик анестезиолог-реаниматолог, инфекционист, вирусолог ва лаборатория шифокорлари ҳам назарий, ҳам амалий машғулотларда билим ва малакасини оширди, — дейди Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази директори Ҳабибулло Оқилов. — Юртимизнинг шошилинч тиббий ёрдам, фтизиатрия ва пульмонология, гематология, терапия ва тиббий реабилитация, акушерлик ва гинекология, педиатрия, хирургия, кўз микрохирургияси, эндокринология, вирусология каби қатор соҳалар бўйича тиббиёт марказлари ҳамда илмий-текшириш институтларининг етакчи мутахассислари иштирокида ўтказилган машғулотларда коронавирус инфекциясини даволаш ва унинг асоратларини ўзига хос жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, бизда COVID-19га чалинган ҳомиладор аёллар, болалар, бошқа касаллиги бор беморлар, айниқса, онкология хасталиклари мавжуд фуқароларни даволашга алоҳида ёндашилади.

Бундан ташқари, ўқув машғулотлари давомида Зангиота туманидаги 1- ва 2-сон юқумли касалликлар шифохоналарида маҳорат дарслари ташкил қилинди. Шунингдек, меҳмонлар кўп тармоқли марказий поликлиника ва оилавий поликлиникалардаги ҳамкасбларининг фаолияти, мамлакатимиздаги ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида беморларни даволаш ва парвариш қилиш жараёнлари билан ҳам яқиндан танишди.

Афғонистонлик мутахассисларга сертификат топшириш маросимида эса бу каби малака ошириш курсларининг давомий бўлиши, Ўзбекистоннинг нафақат COVID-19ни, балки бошқа касалликларни ҳам даволашдаги тажрибасини ўрганиш ҳақидаги таклифларини билдиришди. Шунингдек, юртимизда соғлиқни сақлаш тизимининг замонавий босқичла эканига амин бўлган меҳмонлар томонидан икки мамлакат ўртасида тиббиёт туризмини ривожлантириш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди.

— Тиббиётда тажриба алмашиш шифокор учун жуда ҳам муҳим. Шу маънода Ўзбекистон сафари бизнинг фаолиятимиздаги алоҳида нуқта бўлиб қолди. Биз учун юқори даражада ташкил қилинган машғулотлар учун миннатдорлик билдирамиз, — деди делегация раҳбари, Афғонистон Ислом Республикаси Жамоат саломатлигини сақлаш вазирлиги Халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Муҳаммад Азим Змариал Кокар. — Ўн кун давомида Ўзбекистоннинг нафақат коронавирус касаллигини даволаш бўйича бой тажрибасини ўргандик, балки тиббиётнинг бошқа соҳаларидаги ютуқлари билан ҳам танишдик. Бу ерда юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ўтказилаётганининг гувоҳи бўлдик.

Бизнинг мамлакатимиз беморлари асосан хорижда даволаниш учун катта маблағ сарф қилишади. Гувоҳи бўлдикки, юрак, қизилўнгач, ошқозон, жигар операцияларига муҳтож, нейрохирургия ва онкология йўналишларида даво чоралари кўрилиши лозим бўлган беморларимизни Ўзбекистонга юборсак бўлар экан. Бу борада ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олдик, дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг