Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон секин-аста ЕОИИ шароитларига мослашмоқда

Ўзбекистон секин-аста ЕОИИ шароитларига мослашмоқда

Ўзбекистон кузатувчи давлат сифатида Евроосиё иқтисодий иттифоқининг барча жабҳаларида ўзини синаб кўрмоқда. Хусусан, Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиш жараёни ҳам бошланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 декабр куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган навбатдаги йиғилишида айтиб ўтди.

Йиғилиш кун тартибидан ЕОИИ маконида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва интеграция жараёнларини чуқурлаштириш, жумладан, иқтисодиёт, савдо, саноат, транспорт, божхона маъмуриятчилиги, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларда амалий шерикликни кенгайтириш масалалари ўрин олди.

Миллий қонунчиликни ЕОИИ нормаларига, биринчи навбатда стандартлаштириш ва ташқи савдони нотариф тартибга солиш соҳаларида яқинлаштириш ишлари давом этмоқда. Ўзбекистон «COVIDсиз саёҳат қиламан» рақамли платформасига уланди.

Бугунги даврнинг қийинчиликларига қарамай, мураккаб шароитларга мослашиш ва янги «ўсиш нуқталари»ни топмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг Ташкилот мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми жорий йил бошидан 30 фоизга, 2019 йилга нисбатан эса 11 фоизга ортди.

Иқтисодий алоқаларни барқарор ривожлантириш учун ёндашувларни янада мувофиқлаштириш зарурлигини қайд этиб, Ўзбекистон етакчиси ўзаро савдода тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш муҳим эканини таъкидлади. Шу муносабат билан юртимиз ЕОИИ мамлакатлари билан товар айирбошлашни кўпайтириш учун энг қулай шароитлар яратиш борасидаги ёндашув ва механизмларни биргаликда ишлаб чиқишга тайёрлиги билдирилди.

Ўзбекистон раҳбари саноат кооперациясини мустаҳкамлашнинг долзарб аҳамиятини яна бир бор таъкидлаб, бу борада, шу жумладан Ташкилот доирасида Индустриаллаштириш онлайн харитасини яратишда иштирок этиш орқали ҳамкорликни тизимли асосда йўлга қўйиш таклифини илгари сурди.

Ўзбекистон юк ташишларни кузатиш учун навигация тамғаларини жорий қилиш дастурига қўшилиши мумкинлиги қайд этилди. ЕОИИ логистика занжирларини ривожлантириш рақамли экотизимини яратиш тўғрисидаги ташаббус қўллаб-қувватланди.

Иштирокчиларнинг эътибори глобал иқлим кун тартибини ҳисобга олган ҳолда «яшил» энергетика лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигига қаратилди. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Ўзбекистон юқори даражадаги Ишчи гуруҳи фаолиятида иштирок этишга тайёр эканини билдирди ҳамда унинг доирасида «яшил» тараққиёт соҳасида Чора-тадбирлар режасини тасдиқлашни таклиф этди.

IT соҳасида тажриба алмашиш ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди ва шу муносабат билан навбатдаги Евроосиё рақамли форумини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

Кузатувчи давлатларни Евроосиё маконидаги долзарб ташаббуслар ва кооперация дастурларини амалга оширишга янада фаол жалб этиш, шунингдек, илмий-техник ва гуманитар алмашинувларни рағбатлантириш зарур экани таъкидланди. Шу мақсадда давлатимиз раҳбари ЕОИИ Тараққиёт маркази имкониятларидан фойдаланишни ҳамда кузатувчи мамлакатларнинг Кенгаш ва ЕИК органлари ишида иштирок этишини таклиф этди.

Шавкат Мирзиёев нутқининг якунида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилиши қатъий эканини яна бир бор тасдиқлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг