Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ташқи савдоси: импорт ва экспорт улуши қанча?

Ўзбекистон ташқи савдоси: импорт ва экспорт улуши қанча?

2026 йилнинг январ–апрел ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 26,3 млрд АҚШ долларига етди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 млрд доллар ёки 5,8 фоизга кўпдир.

Бу даврда экспорт ҳажми 9,97 млрд долларни ташкил этиб, 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 16,8 фоизга камайди. Импорт эса аксинча, 26,7 фоизга ўсиб, 16,36 млрд долларга етди. Натижада ташқи савдо баланси 6,38 млрд доллар миқдорида манфий сальдо билан шаклланди.

Шу билан бирга, олтинсиз товарлар экспортида ижобий динамика кузатилди. Мазкур кўрсаткич 5 млрд доллардан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28,7 фоизга ўсди. Бу қайта ишланган маҳсулотлар ва нохомашё экспорт улуши ортиб бораётганини кўрсатади.

Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг 175 дан ортиқ мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширмоқда. Ташқи савдо айланмасида энг катта улуш Хитой ҳиссасига тўғри келди.

Ҳисоботга кўра, ташқи савдо айланмасининг 23,6 фоизи Хитой, 17,2 фоизи Россия, 6,9 фоизи Қозоғистон билан амалга оширилган. Шунингдек, Туркиянинг улуши 3,5 фоиз, Афғонистоннинг улуши эса 2,8 фоизни ташкил этган.

Экспорт таркиби таҳлили саноат маҳсулотлари етакчи ўринлардан бирини эгаллаётганини кўрсатади. Экспортда товарлар улуши 65,3 фоизни ташкил этган.

Жумладан, саноат товарлари 15 фоиз, кимёвий маҳсулотлар 8,1 фоиз, турли тайёр маҳсулотлар 7,9 фоиз ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда тирик ҳайвонлар 7,5 фоиз улуш билан асосий экспорт йўналишлари сифатида қайд этилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг