Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Болгария етакчилари иштирокида музокаралар бўлиб ўтди

Ўзбекистон ва Болгария етакчилари иштирокида музокаралар бўлиб ўтди

Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев ва Болгария президенти Румен Радевнинг расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон билан Болгария ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари Болгария етакчисини самимий қутлаб, сўнгги 17 йилдаги биринчи саммит тарихий аҳамиятга эга эканини, Ўзбекистон-Болгария дўстлик ва шериклик муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишини таъкидлади.

Парламентлар, иқтисодиёт ва ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик фаоллашгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўсмоқда, кооперациянинг янги йўналишлари ва лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Гуманитар алмашинувлар амалга оширилмоқда, Бухоро ва Варна, Самарқанд ва Пловдив ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган.

Кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташқи сиёсат идоралари ўртасида тизимли алоқаларни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.

Савдони, энг аввало, тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё ва фармацевтика маҳсулотлари, металл буюмлар ва технологик ускуналар етказиб беришни кенгайтириш орқали кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзаро савдонинг ўсишини рағбатлантириш мақсадида пойтахтларда савдо уйлари очиш, лабораторияларни аккредитациядан ўтказиш ва имтиёзли кредит линиялари ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, геология, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва IT, туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш устувор йўналиш сифатида қайд этилди.

Самарали ерусти ва ҳаво транспорт йўлакларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, томонлар икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқишга келишиб олдилар.

Меҳнат ресурслари соҳасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун София шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлигининг ваколатхонасини очиш масаласи кўриб чиқилади.

Гуманитар алоқаларни, шу жумладан академик ва илмий алмашинувларни фаоллаштириш, жорий йилда Андижон шаҳрида етакчи олий таълим муассасалари ректорларининг учрашувини ўтказиш ташаббуслари қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, келгуси йилда Ўзбекистон ва Болгария маданияти ва киноси ҳафталигини ташкил этишга келишиб олинди.

Эришилган келишувлар ижроси устидан тизимли назоратни таъминлаш мақсадида томонлар қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилиш ва Ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари даражасини ошириш, унинг ишига ҳудудлар ва йирик компаниялар раҳбарларини жалб қилишга аҳдлашилди.

Учрашув якунида Президент Румен Радев Президент Шавкат Мирзиёевни ўзи учун қулай вақтда жавоб ташрифи билан Болгарияга боришга таклиф этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг