Ўзбекистон ва ЖСТ: тенг рақобат сари йўл

Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро иқтисодий майдонда фаол ҳаракат қилмоқда. Мамлакатимиз глобал бозорда ўз ўрнини мустаҳкамлаш, савдо-сотиқни эркинлаштириш ва ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш сари изчил одимламоқда. Бу жараёнда эса Жаҳон Савдо Ташкилоти (ЖСТ)га тўлақонли аъзо бўлиш асосий қадамлардан бирига айланди.
2023 йил 15 август куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзолаган Фармон мазкур (ПФ–140-сонли) жараёнга расман йўл очди. Унга мувофиқ, миллий қонунчилик ЖСТ меъёрларига уйғунлаштирилиши, иқтисодий ва институционал ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилиши белгиланди.
Жаҳон савдоси: назария ва амалиёт ўртасидаги тарози
Иқтисодий назарияда эркин савдо миллий даромадни оширади, рақобатни кучайтиради ва технологик тараққиётга туртки беради, деб қаралади. Бироқ амалиётда кўплаб давлатлар миллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш мақсадида турли тўсиқлар, тариф ва квоталарни жорий этади.
Ўзбекистон эса эркин савдо тарафдори сифатида ушбу жараёнга босқичма-босқич ёндашмоқда. Жумладан:
- 2024 йил 1 январдан бошлаб импорт товарларни мажбурий баҳолаш тартиби бекор қилинди;
- Дори воситаларини импорт қилишдаги 1,2% божхона йиғими тугатилди;
- Импорт лицензиялаш жараёнлари рақамлаштирилди;
- Савдо сиёсатини ЖСТ талабларига мослаштириш мақсадида бир қатор ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
Илмий ёндашув: «ЖСТ – кеча ва бугун»
2024 йилда Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институтида «Жаҳон Савдо Ташкилоти: кеча ва бугун» номли илмий монография нашр этилди. Унда ЖСТнинг ҳуқуқий асослари, Ўзбекистон қонунчилигини уларга мослаштириш жараёни, рақамли иқтисодиётдаги ҳуқуқий кафолатлар кенг ёритилган.
Ушбу таҳлилий асарда TRIPS (интеллектуал мулк ҳуқуқлари) битими ҳамда халқаро ҳуқуқий тажрибаларни жорий этиш масалалари ҳам атрофлича таҳлил қилинган. Шу жиҳатдан, бу монография ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар ва сиёсатшунослар учун муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилиши мумкин.
ЖСТга аъзолик – устувор мақсад
ЖСТга тўлақонли аъзо бўлиш «Ўзбекистон – 2030» стратегиясидаги 93 устувор мақсаддан бири сифатида белгилаб қўйилган. Унга мувофиқ, қуйидаги вазифалар белгиланган:
- миллий қонунчиликни ЖСТ талабларига мослаштириш;
- йилига камида 10 хорижий давлат билан музокараларни якунлаш;
- бозорларга кириш шартлари юзасидан келишувларга эришиш;
- саноат муҳандислиги ва рақамли иқтисодиётни ЖСТ тизимига интеграция қилиш.
Ҳозирда ушбу йўналишда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Имкониятлар эшиги
Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш фақат ташқи бозорлар учун эмас, балки ички бозорда ҳам соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, маҳсулот ва хизматлар сифати ошишига замин яратишни англатади. Бу йўналишдаги ислоҳотлар:
- экспорт салоҳиятини кенгайтириш,
- хорижий инвестицияларни жалб этиш,
- саноатни рақамлаштириш,
- тадбиркорларни глобал бозорга чиқариш учун муҳим асос бўлади.
Ўзбекистон бугун жаҳон иқтисодий тизимининг тенг ҳуқуқли иштирокчисига айланиш сари дадил қадам ташламоқда. Бу жараёнда ҳар бир мутахассис, тадбиркор ва фуқаронинг хабардорлиги катта аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, «Жаҳон Савдо Ташкилоти: кеча ва бугун» номли монография ушбу мураккаб жараённи тушунишга ёрдам берадиган ишончли илмий манба бўлиб хизмат қилади.
Акбаршоҳ Тешабоев,
Давлат ва ҳуқуқ институти бўлим бошлиғи,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter