Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Марказий Осиёда тарвуз нархи рекорд даражада арзонлаяпти – EastFruit

Ўзбекистон ва Марказий Осиёда тарвуз нархи рекорд даражада арзонлаяпти – EastFruit

Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги тарвуз бозори ҳозирда жиддий муаммоларга дуч келмоқда.

Бу ҳақда Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг сабзавот, мева, резавор ва ёнғоқ бозорлари ҳақида маълумот тарқатувчи EastFruit портали таҳлилчилари маҳаллий деҳқонларга таяниб хабар бермоқда.

Портал улгуржи нархлар мониторингида Ўзбекистон бозорида янги тарвузларнинг улгуржи нархлари рекорд даражада пасайиб, килограмми 8 цент (Ўзбекистон Марказий банкининг 23 июль санасига белгилаган курсига кўра – 1007 сўм)га етганини ёзмоқда.

«Бу нарх танлаб олинган, бозорга етказиб берилган ва сотувга қўйилган тарвузларга тегишли.

Ўзбекистонда тарвузга талабнинг деярли йўқлиги ва нархларнинг пасайишига сабаб бўлаётган асосий омил уларни бирламчи бозор – Россияга экспорт қилишнинг фойдасизлигидир. Россияда ҳам тарвуз нархи рекорд даражага тушиб кетди, ҳозирги улгуржи нарх тахминан уларни Ўзбекистондан олиб ўтиш нархига тенг», – дейилади юыоридаги манба маълумотида.

Қайд этилишича, бу мавсумда Ўзбекистондан Шарқий Европа ва Европа Иттифоқи мамлакатларига тарвуз экспорт қилиш бу ҳудудларда ҳам худди шундай паст нархлар туфайли қийин. Масалан, украиналик деҳқонлар ҳам мавсум бошиданоқ нархларнинг пасайишини бошдан кечиришган.

«Бинобарин, Украина ва Ўзбекистондаги тарвузлар ўртасидаги нарх фарқи транспорт харажатларини қопламайди. Қолаверса, Европа Иттифоқи давлатлари Ўзбекистондан импорт қилишдан кўра, Украинадан арзон тарвуз сотиб олишни тежамлироқ деб ҳисоблайди», – дея тушунтиради БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) сармоя бўлими иқтисодчиси Андрий Ярмак. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг